Молдова президенти сайловларида Майя Санду ғалаба қозонди
Молдованинг собиқ бош вазири, “Ҳаракат ва бирдамлик” мухолиф партияси раиси Майя Санду 15 ноябрда ўтган Молдова президенти сайловларида ғалаба қозонди.
Сайлов участкаларидан олинган баённомаларнинг 99,35 фоизи қайта ишлангандан кейин Санду 57,42 фоиз овоз, унинг рақиби – амалдаги президент Игор Додон 42,58 фоиз овоз олгани маълум бўлган.
Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, сайловларда давомат 52,76 фоизни ташкил қилган ва уларда 1,6 млндан кўпроқ сайловчи иштирок этган.
Шу тариқа Санду 4 йил аввалги мағлубият учун Додондан реванш олишга муваффақ бўлди. Ўшанда Додон Сандудан 4 фоизлик фарқ билан ғалаба қозонганди.
Иккала номзод 1 ноябрда ўтган сайловларнинг 1-босқичида энг кўп овоз тўплаб, 2-босқичга ўтганди. 1-босқичда Санду 36,16 фоиз, Додон эса 32,61 фоиз овоз тўплаганди.
Сайловларнинг якуний натижалари Канада ва АҚШда овоз бериш якунлангандан кейин 16 ноябр эрталаб эълон қилинади.
Санду барча сайловчиларига миннатдорлик билдирган. У сайловлар давомида иккига бўлинган жамиятни яна бирлаштиришга ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга ваъда берган. Шунингдек, бўлғуси президент парламентни тарқатиб юбориш ва муддатдан аввал парламент сайловлари ўтказиш режасини маълум қилган.
Амалдаги президент Игор Додон ҳозирча ўз мағлубиятини тан олмади. У мамлакатнинг олий раҳбарияти йиғилишидан кейин 16 ноябр соат 11да брифинг ўтказишга ваъда берган.
Молдовада президент 4 йилга сайланади. Додоннинг ваколати 23 декабрда тугайди. Янги президент инаугурацияси шу санадан кейин ўтказилади.
Мавзуга оид
21:13 / 05.11.2024
Кремл россияпараст номзод мағлубиятидан кейин Молдовадги президентлик сайловларини «адолатсиз» деб атади
09:10 / 05.11.2024
Европарламент Майя Сандунинг РФ устидан ғалабаси ҳақида маълум қилди
08:50 / 04.11.2024
Молдовадаги президентлик сайловларида Санду ғалаба қозонди
15:24 / 03.11.2024