Жаҳон | 22:07 / 27.11.2020
8532
3 дақиқада ўқилади

Аянчли рақамлар: болалар ўлимининг асосий сабаблари нималар?

Тиббиёт ривожи болалар ўлимини кескин камайтирган бўлса-да, дунё бўйича умумий кўрсаткичлар анча ваҳимали эканича қолмоқда.

2019 йилнинг якуний маълумотларига кўра, дунё бўйича 5 ёшгача бўлган 5,2 миллион бола турли касалликлар туфайли вафот этган. Уларнинг 1,5 миллиони 1–11 ойлик, 1,3 миллиони 1-4 ёшда бўлган.

Яна бир жуда катта рақам: 2,4 миллион нафар чақалоқ 28 суткаликкача бўлган даврда вафот этган бўлса, 500 минг бола 5-9 ёш оралиғидаги болалардир.

Беш ёшгача бўлган болалар ўлимининг асосий сабаблари – муддатидан олдинги туғруқ асоратлари, туғруқ жароҳатлари ёки асфиксиялар, ўпка зотилжами, туғма юрак нуқсонлари, ич кетиши ва безгак каби касалликлар ҳисобланади.

Ёши каттароқ болалар орасида эса бу сабаблар ёнига турли жароҳатлар, авариялар ва чўкиш каби сабаблар қўшилади.

Юқоридаги рақамлар жуда даҳшатли туюлиши табиий. Аммо бу борадаги умумий тенденция ўрганилса, вазият анча яхшиланаётганини кўриш мумкин.

Яқин тарих, яъни 1990 йил статистикасига эътибор қаратилса, ўтган вақт давомида болалар ўлими 59 фоизга камайган. Яъни бундан 30 йил аввал бир йил ичида 12,6 миллион бола турли сабабларга кўра нобуд бўлган (2019 йилда – 5,2 млн).

30 йил аввал дунё аҳолиси 5,2 миллиард киши бўлгани, бугунги кунда эса 7,8 миллиарддан ортгани ҳисобга олинса, бу борадаги кўрсаткичлар қай даражада яхшилангани янада кучлироқ намоён бўлади. Яъни 1990 йилда ҳар 11-бола нобуд бўлган бўлса, 2019 йилга келиб ҳар 27-бола 5 ёшгача вафот этмоқда.

5 ёшгача бўлган бўлган болалар орасидаги йўқотишлар бўйича Африка қитъаси мутлақ етакчилик қилади. 2019 йилдаги умумий 5,2 млн.лик кўрсаткичнинг 80 фоиздан ортиғи Африка ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ҳудудларига тўғри келади.

Умумий ўлимларнинг ярмидан кўпроғи 5 давлат – Нигерия, Ҳиндистон, Покистон, Конго Демократик Республикаси ва Эфиопия ҳиссасига тўғри келса, учдан бири фақат икки давлат – Нигерия ва Ҳиндистонда қайд қилинади.

Бу ҳудудларда юқоридаги сабабларга қўшимча яна икки кучли омил – тўйиб овқатланмаслик ва ОИТС қўшилади.

Вазият жуда мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда, БМТ ва ЖССТ болалар ўлимини камайтиришни 2015 йилда «Минг йиллик ривожланиш дастури»га киритган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзуга оид