Тиббиёт институтлари талабалари ўз яшаш ҳудудларига амалиётга юборилмоқда. Вазирлик изоҳ берди
Kun.uz мурожаатлар бўлимига тиббиёт институтларида таҳсил олувчи қашқадарёлик бир гуруҳ талабалардан мурожаат келиб тушди. Унда шундай дейилади: “Институт бизни ўзимизнинг вилоятимизга амалиётга жўнатяпти. Лекин бошқа ҳудудлардаги талабалар ўқишларини давом эттиришмоқда. Савол туғилади – нега айнан қашқадарёликлар?”. Масалага ойдинлик киритиш, умуман бундай амалиёт нима сабабдан ўтказилаётганини билиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва таълим бошқармаси бошлиги Ўктам Исмоилов билан суҳбатлашдик.
– Ўктам Сафоевич, талабаларнинг амалиёт ўташига қандай зарурат пайдо бўлди?
– Ҳар бир талабага амалиёт зарур. Айниқса бизнинг соҳамизда талаба фақат назарияни ўрганиб ҳеч қачон шифокор бўла олмайди. Тиббий таълим азалдан амалиёт билан бирга олиб борилган. Айни пайтда бу масала кун тартибига чиққани ҳам аниқ сабабларга, ҳуқуқий асосга эга. Маълумки, Ўзбекистон президентининг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Унда шундай банд бор:
2021 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланади. Бунда, ушбу чора-тадбирлар мавжуд штат бирликлари доирасида амалга оширилади.
Бу банднинг мавзуга алоқадор жиҳати шундаки, кўпчилик талабалар амалиётдан узоқлашдилар, ўзларининг келажакдаги потенциал иш жойлари бўлган оилавий поликлиникаларга бормайдилар. Фармонда талабаларнинг амалиётга узвий бириктирилиши ҳам кўзда тутилган.
Ҳужжатга асосан вазирлигимизнинг махсус буйруғи ҳам чиқарилган. Бир сўз билан айтганда, бутун дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, шифокор амалиётсиз шифокор бўла олмайди.
– Сўзларингиз билан бирга мурожаатдаги савол ҳам ўринли. Амалиёт зарур экан, нега айнан қашқадарёлик талабаларгина бу жараёнга жалб қилинмоқда?
– Бу янглиш тушунча. Гап шундаки, 20 кун давом этиши мўлжалланган бу амалиёт Қашқадарё вилояти мисолида бошланди ва босқичма-босқич ҳамма ҳудудларда давом эттирилади. Қашқадарёда бошланишига сабаб, давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи давомида аҳолини рўйхатдан ўтказиш, антропометрик кўрсаткичларини аниқлаш ва саломатлигини текшириш топшириғи берилган. Бу жараёнга барча соҳа ходимлари сингари ўша ҳудудлик юқори курс талабалари, клиник ординаторлар ва магистрлар ҳам жалб қилинмоқда.
– Бу амалиёт учун ҳақ тўланадими, унга бориш мажбурийми?
– Юқорида айтганимда амалиёт ҳам таълим жараёнининг узвий бир қисми ҳисобланади, фақат унга мавжуд вазиятдан келиб чиқиб жиддий эътибор бериляпти холос. Пандемия даврида тиббиётга жиддий юклама тушди, янги-янги вазифалар бериляпти, катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бундай жараёнлардан профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг четда қолиши тўғри эмас.
Энди бевосита саволингизга келсак, талабаларнинг йўлкиралари тўлаб берилади. Аммо уларнинг вақтинча фаолияти учун ҳақ тўлаш кўзда тутилмаган.
Барча қатнашиши шарт бўлса-да, касалликка чалинганлар, ҳомиладорлар ва бошқа қатор сабабларга кўра талаба амалиётга жалб қилинмаслиги мумкин. Бу борада таълим муассасалари раҳбарияти ўрганиб чиқади ва хулоса чиқаради.
Энг муҳими, талабалар ўзлари яшайдиган ҳудудда, ота-оналари бағрида амалиётни ўтайдилар ва бу ҳам уларга катта тажриба бўлади.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
08:17 / 19.04.2024
Ўзбекистон давлат хизматчиларининг Британияда амалиёт ўташ механизми кенгайтирилади
09:57 / 06.05.2022
Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этилди
20:14 / 05.05.2022
Булоқбоши туманида туғруқ жараёнидаги чақалоқ ўлими бўйича масъуллар лавозимидан озод этилди
19:30 / 05.05.2022