Ўзбекистон | 11:57 / 03.12.2020
19491
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилоятида яна бир туман ҳокими алмашди

Халқ депутатлари Пешку туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги хабар бермоқда.

Сессияда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов сўзга чиқди. 

“Ҳозир изланишда бўлган, ўзини қийнаётган ҳокимлар керак, ишбилармон керак, халқнинг дардини тушунадиган, халқнинг дарди билан яшайдиган раҳбарлар керак. Бу замоннинг талаби. Чунки бугунги ислоҳотларнинг қай даражада амалга ошиши раҳбарларнинг дунёқарашига, ҳалол ва пок, тадбиркор ва ташаббускор бўлишига боғлиқдир. Раҳбарлик лавозим ёки мансаб эмас, аввало, одамларга хизмат қилиш масъулияти эканини барча тўғри тушуниб олиши зарур. Раҳбар дегани ҳаммадан кўпроқ ишлаб, фуқаролар саодати ва юрт равнақи учун елиб-югурадиган фидойи инсон бўлиши керак. Чунки халқ ҳамиша ўз дастурхонига, туриш-турмушига қараб раҳбарларнинг ишига баҳо беради”, — деди вилоят раҳбари.

Сессияда 2017 йилдан бери Пешку тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Амрилло Назаров вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлангани маълум қилинди.

Пешку туманига эса Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ваҳоб Қаҳҳоров ҳоким этиб тасдиқланди.

Бундан олдин, Бухоро ва Жондор туманларига янги ҳоким тасдиқлангани хабар берилганди.

Мавзуга оид