Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси Ўзбекистонга олиб келинди
Бугун, 4 декабр куни Россия Федерациясининг саноат ва савдо вазири Денис Мантуровнинг шахсан ўзи коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини Тошкентга олиб келди.
Вазирлик хабарига кўра, вакциналарни Санитария эпидемиология хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев қабул қилиб олган.
«Мамлакатга намуналар синовдан ўтказиш, рўйхатга олиш ва Ўзбекистон ҳудудида саноат услубида ишлаб чиқариш учун тақдим қилинди», – дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, айни вақтда Россия вакцинасининг синовлари Беларус, Венесуэла, БАА ва Ҳиндистон каби давлатларда ўтказилмоқда. Хориждан туриб вакцина синовларида қатнашаётганларнинг умумий сони 5 минг кишидан, мамлакат ичидаги кўнгиллилар эса 40 минг кишидан ошиб кетган.
Шунингдек, ҳозирги кунда Ҳиндистон, Бразилия, Хитой, Жанубий Корея ва яна 4 та мамлакатдаги заводларда «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 500 миллион дозага чиқариш борасида келишувга эришилган.
Маълумот учун, Россияда август ойида «Спутник V» воситаси коронавирусга қарши вакцина сифатида рўйхатдан ўтказилган.
Россияда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасининг 1 дозаси нархи хориж бозори учун $10дан ошмайди. Шунингдек, вакцина самарадорлиги дастлабки эмлашдан 42 кун ўтиб, 95 фоиздан ошгани маълум қилинганди.
Айни дамда дунёда АҚШ, Британия, Хитой, Франция ва Германияда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш ишлари давом этмоқда. Олдинроқ Британияда ҳам кейинги ҳафтадан коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланиши маълум қилинган эди.