Ўзбекистон | 13:02 / 04.12.2020
10211
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Денис Мантуров бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 декабрь куни Тошкент металлургия заводининг очилишига бағишланган тантанали тадбирлар доирасида Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари пойтахт ҳудудида амалга оширилган металлургия маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йирик ва замонавий корхонани ташкил этиш лойиҳаси Ўзбекистон ва Россия компания ва банклари ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг намунаси эканини катта мамнуният билан қайд этди.

Ушбу заводнинг вужудга келиши кейинги йилларда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликда жиддий сифат ўзгаришлари кузатилаётганидан ҳам далолат беради, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Денис Мантуров самимий қабул учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдирди ҳамда Россия президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда устувор қўшма дастур ва лойиҳаларнинг бориши кўриб чиқилди, амалий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги режалар муҳокама қилинди.

Машинасозлик, агросаноат, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати, кўплаб бошқа тармоқларда юқори технологик ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишда икки мамлакатнинг етакчи корхоналари ўртасидаги кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Саноат кооперацияси лойиҳаларини, шу жумладан ташкил этилган қўшма Лойиҳа офиси фаолияти доирасида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ҳамроҳлик қилиш, шунингдек, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларига инвестицияларни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Мавзуга оид