Ўзбекистон | 16:30 / 06.12.2020
14206
2 дақиқада ўқилади

Давлат божхона қўмитаси раиси тизимда коррупцияга қарши қандай курашилаётгани ҳақида гапирди

Давлат бюджетига божхона тушумлари бир йил ичида 44 фоизга кўпайгани маълум қилинди.

Давлат божхона қўмитасида ўтказилган очиқ эшиклар кунида қўмита раиси Муроджон Азимов ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов жамоатчилик вакиллари билан учрашди.

Муроджон Азимов ўз сўзида божхона тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича комплаенс назорат тизими жорий этилаётгани, ўз декларацияларини автоматик рўйхатга олишга ўтилгани, бу жараёнда инсон омили қисқариб, коррупцион ҳолатларга барҳам бериш кўзда тутилгани ҳақида гапириб ўтди.

«Божхона ходимида коррупция иллатларига мойиллик сезилган кундан бошлаб, у билан профилактика қилиш ва уни тизимдан тозалаш бизнинг асосий вазифамиз этиб белгиланган. Шу билан бирга, коррупцияга қарши тарғибот тадбирларини янада кучайтириш ҳамда мувофиқлик тизимини такомиллаштириш, божхона расмийлаштирув жараёнида инсон омилини қисқартириш, бунга қарши кескин кураш олиб бориш вазифаларимизга киради.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида шу тизимда ишлайдиган ходимлар хизмат фаолияти устидан 200дан ортиқ хизмат текширувлари ўтказилди. 350 нафарга яқин ходим ҳар хил қонунбузилиш ҳолатларига ёки ножўя хатти-ҳаракат содир этгани учун интизомий жазога тортилди. Ўнлаб ходимларимиз бу соҳада ишлашга нолойиқ деган хулосага келиниб, ишдан бўшатилди. Шу йилнинг ўзида 17 нафар ходимга жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилинди», – деди давлат божхона қўмитаси раиси Муроджон Азимов.

Унинг сўзларига кўра, давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари миқдори йилдан йилга кўпаймоқда. Республика божхоначилари томонидан 2020 йилнинг ўтган 11 ойи давомида 21,5 трлн сўм миқдоридаги божхона тўловлари ундирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг айни шу даврида 14,9 трлн сўмни ташкил қилган. Ўсиш 44 фоизни ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид