Ўзбекистон | 21:40 / 07.12.2020
15495
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 14 млн киши ўз меҳнат ҳуқуқларини билмайди – вазир ўринбосари

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов Ўзбекистонда меҳнат билан банд бўлган аҳолининг аксар қисми ўз ҳуқуқларини билмаслиги, бунинг оқибатида кўплаб тушунмовчилик ва низолар келиб чиқиши ҳақида гапирди.

Баҳодир Умрзоқов / Фото: KUN.UZ

«Ўзбекистонда жами меҳнат билан банд бўлган аҳоли 19 млн кишини ташкил этади. Шундан 14 млн киши ўзининг меҳнат ҳуқуқларини аниқ билмайди. Бу ҳолат бизни жуда оғир аҳволга келтирмоқда.

Чунки раҳбар ходимлар, яъни иш берувчилар ва ёлланма ишчилар учрашганда иккала томоннинг ҳам меҳнат ҳуқуқларига эътибори жуда суст. Айниқса, хусусий тадбиркорлик борасида. Бугун меҳнат ҳуқуқларининг ҳар учтадан иккитаси бузиб келиняпти. Бу жуда катта ва ёмон кўрсаткич.

Шунинг учун биз биринчи навбатда хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида барча меҳнат қонунларини такомил жиҳатдан меъёрига келтирдик. Ўйлаймизки, шу йилларда бу борада жуда катта ташкилий-ҳуқуқий ишларни амалга оширамиз. Буни ҳаммангиз сезасизлар», дея Баҳодир Умрзоқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, мутасадди меҳнат миграцияси йўналишида бажарилган ишларга ҳам тўхталди. У ўтган икки йил давомида мигрантларга давлат томонидан ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тизими ҳам йўлга қўйилганини таъкидлади.

«Ўтган икки йил ичида энг муаммоли йўналишимиз бўлган меҳнат миграцияси масалаларида кўп ишлар бажарилди.

Меҳнат мигрантларининг ижтимоий кафолатлари, меҳнат тарзи ва уларга моддий ёрдам бериш бўйича қонун ва қарорлар қабул қилинди. Хорижга норасмий чиқиб кетган меҳнат мигрантларимиз қийин ва хавфли шароитларда қолган пайтларида давлат уларга бевосита ёрдам бермоқда. Ҳатто самолётда учиб кетиши, 3 ойлик яшаши учун шароит ва озиқ-овқат билан таъминлаб бериш масаласида ҳам қонуний тадбирлар ишлаб чиқилган.

Энг оғири, ўша меҳнат миграциясига кетганларнинг ҳалок бўлиши ёки жароҳат олишидир. Бу бўйича ҳам давлат томонидан ёрдам бериш мақсадида меҳнат мигрантларини ижтимоий ҳимоялаш жамғармаси ташкил этилди.

Шу йилда чет элдан 211 киши жасади давлат ҳисобидан олиб келиниб, жанозалари ўтказилди. Дафн маросимлари ташкил қилиниб, оилаларига моддий ёрдам берилди», деди вазир ўринбосари АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида.

Аввалроқ, Сенатда мигрантлар бўйича парламент сўровига ҳукуматнинг жавоби кўриб чиқилганди. Унда Сенатнинг халқаро муносабатларга масъул қўмитаси раиси Равшанбек Алимов ҳалигача Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тизим йўқлигини айтган эди.

Мавзуга оид