Жаҳон | 22:17 / 10.12.2020
9839
1 дақиқада ўқилади

Майя Санду расман Молдова президенти деб эълон қилинди

Молдова конституциявий суди раиси Домника Маноле Майя Сандуни мамлакатнинг янги президенти деб эълон қилди. Бу суд Молдовада ўтган президент сайловлари натижаларини тасдиқлагандан кейин юз берди.   

Фото: Dumitru Doru / EPA / ТАСС

“Суд 15 ноябрда ўтган Молдова президенти сайловлари натижаларини ва Майя Санду хонимнинг Молдова Республикаси президенти этиб сайланганини тасдиқлади. Суднинг ушбу қарори якуний ҳисобланади ва у бўйича ҳеч қандай йўсинда шикоят қилиб бўлмайди. Қарор қабул қилинганидан бошлаб кучга киради”, дейилган суд қарорида.  

Суднинг маълум қилишича, овозларнинг қайта ҳисобланишида сайлов кодекси бузилиши ҳолатлари аниқланмаган.

Конституциявий суднинг ушбу қароридан кейин амалдаги президент Игор Додон сайловлар бўйича рақиби бўлган Майя Сандуга табрик йўллаган. 

Сандунинг инаугурацияси 24 декабрда бўлиб ўтади.

Молдова Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Санду сайловларнинг 2-босқичида 57,74 фоиз, Додон эса 42,26 фоиз овоз тўплаган. 

Аввалроқ Санду Додонни ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишда айблаганди. Унинг таъкидлашича, сайловларда мағлубиятга учраган амалдаги президент бўлғуси президентнинг ваколатларини қисқартириб, ҳокимиятни эгаллаб олишга уринган.

Мавзуга оид