Жаҳон | 09:32 / 16.12.2020
5981
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея барча автобусларида бепул интернет тақдим қилинган биринчи мамлакатга айланди

Фото: Flickr

Жанубий Корея барча автобусларида бепул Wi-Fi интернет тақдим қилинган дунёдаги биринчи давлатга айланди

Тегишли дастурнинг амалга оширилиши якунланишига бағишланган кичик тантанали маросим Сеул марказида йўловчи автобусларидан бирида бўлиб ўтди. Автобусда Жанубий Кореянинг фан, технологиялар ва телекоммуникациялар вазири Чхве Ги Ён ва ҳукмрон “Тобуро” демократик партиясидан икки депутат бўлган.

Маълум қилинишича, мамлакатдаги барча шаҳар автобусларини бепул интернет билан жиҳозлаш дастури 2018 йилда бошланган ва 2020 йил 14 декабрда тўлиқ якунланди. Эндиликда мамлакатнинг барча автобусларида йўловчилар бепул интернетдан фойдалана оладилар. Таъкидланишича, Жанубий Корея барча йўналишли автобусларда ушбу хизмат йўлга қўйилган дунёдаги биринчи давлатга айланди. 

Маълумотларга кўра, Жанубий Кореяда 35 минг 6та йўналишли автобус ҳаракатланади. 29 мингдан кўпроқ автобусни бепул интернет тақдим қилиш учун қурилмалар билан жиҳозлашни марказий ҳукумат, 5 минг 906тасини таъминлашни эса маҳаллий ҳокимият идоралари ўз зиммасига олган.  

Дастурнинг дастлабки натижалари ҳам маълум қилинди: ўртача ҳар ой ҳар бир автобусда 1228 киши бепул интернетдан фойдаланган, ахборот алмашиш ҳажми эса бир автобусга ойига 55,3 Гб.ни ташкил қилган.

Жанубий Корея фан вазирлиги вакилининг таъкидлашича, кейинги 3 йил ичида автобусларда бепул интернетдан фойдаланишдан олинадиган иқтисодий самара 220 млрд вонни (200 млн доллар) ташкил қилиши керак.

Мавзуга оид