Жаҳон | 14:46 / 18.12.2020
2347
3 дақиқада ўқилади

2020 йилнинг II чорагида FedEx’нинг соф фойдаси 1,2 миллиард доллардан ошди

Фото: AP Photo/John Minchillo

Пандемия шароитлари тақозосига кўра одамлар дўконларга бормай, онлайн харидлар қилишлари оқибатида кундалик маҳсулотларнинг етказмасига кескин ошиб кетган талаб натижасида FedEx Corp. 2020 йил II чорагида соф фойдасини икки ҳисса кўпайтиришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги маълум қилди.

Етказмалар гиганти пайшанба куни иккинчи фискал чоракда 1,23 миллиард доллар соф фойда олгани, ўтган йилнинг шу даврида эса, бу кўрсаткич 560 миллион долларни ташкил этганини маълум қилди. Умумий айланма маблағ эса, 19 фоизга ортди.

FedEx келажакдаги даромадни башорат қилишдан тийилган эса-да, компания бош молия менежери Майкл Ленц келаси олти ойда етказиш хизматларига талаб юқори бўлиб қолиши туфайли даромад янада ортиши кутилаётганини айтган.

Натижалар Wall Street кутилмаларидан юқори бўлиб, FedEx акциялари жорий йилда икки баробар қимматлаганига қарамай, юқоридаги баёнот берилганидан кейин бир неча соатлар ўтиб, акциялар қиймати 3 фоизга тушди.

Чорак 30 ноябрда тугаган. Бу эса баёнотда берилган рақамлар Шукроналик кунидан бошланиб Рождествогача давом этадиган энг талабгир даврнинг бошланишини қамраб олган дегани.

Пандемия бошланиб, аҳоли онлайн савдоларга ўта бошлагач, FedEx ва унинг ашаддий рақобатчиси United Parcel Service (UPS) шундоқ ҳам бир неча ойлардан бери байрамолди режимида ишлаб келишяпти.

Эндиликда курьерлик гигантлари байрам етказмалари ва коронавирус вакцинаси ташувларини ҳам амалга ошириб, хизмат кўрсатиш тармоғини кенгайтиришяпти.

Шукроналик байрамидан кейинги биринчи куни Cyber Monday’да UPS айрим чакана савдо тармоқларининг буюртмаларини етказиб беришда улгурмай қолди. ShipMatrix таҳлилий компаниясига кўра, FedEx, UPS ва АҚШ почта хизмати таътил мавсумида жуда яхши ишлашди.

FedEx Ground президенти Ҳенри Майернинг айтишича, янги хизмат турлари очилишида кечикишлар рўй бергани ва минглаб янги ходимларни тренингдан ўтказишга анча вақт сарфланганига қарамай унинг бўлинмаси почта етказмаларининг 30 фоизини бир кун эртароқ, жўнатмаларни эса, ўтган йилга нисбатан анча камроқ - 2,4 кунда етказиб берган.

Тизимга босимни камайтириш учун FedEx мижозларини Рождество совғаларига ҳаракатни Шукроналик ҳафтасидан аввалроқ бошлашга ундади. «Биз харидорлик феъл-атворини ўзгаришига умид қилаётгандик, бизнинг наздимизда адолатли эмас», деган компаниянинг бош маркетологи Бри Карер.

FedEx айланма маблағи ўтган йилги 17,32 миллард доллардан 20,56 миллардга ўсди. Таҳлилчилар 19,33 миллиард прогноз қилишганди. Энг катта ўсиш компаниянинг ерусти етказиш хизматида кузатилган – жами даромаднинг 38 фоизи. Ҳаво орқали экспресс етказиш соҳасида 14 фоиз ўсиш кузатилган, соф фойда эса, уч карра ортган.

Эътиборга молик жиҳати, FedEx даромаднинг салмоқли қисмини кадрлар малакасини ошириш ва янги транспорт сотиб олишга сарфлаган.

Мавзуга оид