Жамият | 18:49 / 18.12.2020
2686
2 дақиқада ўқилади

Антибиотикларни истеъмол қилиш ҳажми ортиб кетмоқда – Адлия вазири

2018 йилдан 2020 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида 230 млн АҚШ долларлик 300 млн донага яқин антибиотиклар импорт қилинган.

Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Адлия вазири Русланбек Давлетов бу борада фармацевтика соҳасидаги муаммоларга тўхталди.

«Мамлакатимиздаги бой доривор ўсимликлар фонди потенциалидан унумли фойдаланилмаяпти. Халқаро тиббиёт амалиётида фойдаланилаётган 350 турдаги доривор ўсимликлардан 71таси (20 фоиз) республикамизда етиштириш имконияти мавжуд бўлса-да, улардан атиги 10тасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Шу боис, доривор ўсимликларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида президентимиз фармони (ПФ–6044, 24.08.2020 й.) билан ушбу фаолият учун лицензиялар бекор қилинди. Бу албатта дастлабки қадам. Келгусида мутасадди идоралар ушбу масалага алоҳида эътибор билан ёндашади деб умид қиламиз.

Аксарият вилоятлардаги ижтимоий дорихоналар зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тўлиқ ҳажмда таъминланмаган.

Сурхондарё, Тошкент, Навоий, Сирдарё вилоятларида жойлашган ижтимоий дорихоналаридан аксарият керакли дориларни топиб бўлмайди.

Айрим ҳудудларда (Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари) ижтимоий дорилар қиммат ва ҳар хил нархларда сотилмоқда.

Антибиотиклар истеъмол қилиш ҳажмлари ортиб кетмоқда. Мисол учун, 2018 йилдан 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигигача 230 млн АҚШ долларлик 300 млн донага яқин антибиотиклар импорт қилинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг AWaRe индексида Ўзбекистон антибиотик истеъмоли умумий 50-60 фоизни ташкил этувчи 20та давлатлар қаторига кирган. Мазкур ҳолатнинг ўз вақтида назоратга олинмаслиги келгусида унинг салбий оқибатлари билан курашишга мажбур қилади», дея Русланбек Давлетовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид