Ўзбекистон | 14:37 / 20.12.2020
50955
12 дақиқада ўқилади

Ангрендан Калифорниягача: UBER'да ишлаётган 23 ёшли ўзбек йигити билан суҳбат

Дархонбек Маматалиев 23 ёшда. У 2015–2019 йилларда Тошкентдаги Инҳа университетида таҳсил олган. Ҳозирда халқаро UBER компаниясида IOS дастурчи-инженери бўлиб ишламоқда.

Дархонбек «Осмондаги болалар» лойиҳасига берган интервьюсида дастурлашга кириб келгани, йирик компанияларга ишга кириши қандай кечгани ҳақида гапириб берди.

«Ота-онам – ўқитувчи. Улар мен учун энг зўр инвестор»

— Дастурлашга қизиқишим мактаб давридан ҳам аввалроқ бўлган. Кичиклигимда дадам компьютер олиб келганда Paint'да расмлар чизардим. Excel, Word'ни зўр билардим. Ота-онам ўқитувчи бўлганликлари учун шу дастурларда уларга ўқув материалларини тайёрлаб берардим.

Мактабда 9-синфда информатика фанидан HTML бўйича дарсда веб-сайт ёзганман. Samsung Galaxy S3 ва iPhone 4S телефонлари таққосланган журнални сайт қилганман. Шундан кейин HTML менга жуда ҳам ёқиб қолган. Ўша пайтларда бир акам Linux'да ишларди. У ҳатто сичқонча ишлатмасди, ҳамма ишни клавиатурада жуда тез қиларди. Уни жуда зўр дастурчи деб ўйлаб, ҳавас қилганман, унга ўхшамоқчи бўлганман.

Коллежда ўқиб юрганимда алгоритмлар бўйича МДҲ давлатлари орасидаги олимпиадада қатнашганман. Ҳеч қайси топшириқни ишлай олмай, уялиб чиқиб кетганмиз. Шунда соҳани чуқур ўрганиш кераклигини тушунганман. Тошкентга келиб, С++ дастурлаш тилини ўқиганман. Бу менга жуда ёққан. Келаси йил яна ўша олимпиадада қатнашиб, ярим финалга чиққанмиз ва менда мотивация пайдо бўлган. Кейинчалик турли танловларда қатнашиб, шу соҳанинг ичига кириб кетдим.

Информатикадан республика олимпиадасида қатнашганман, лекин юта олмаганман. Ютмаганим ҳам бир томондан яхши бўлган, ютганимда балки бу соҳага кирмасдим. Ўшанда Тошкент шаҳрида Жанубий Кореянинг Инҳа университети очилишини, у ахборот технологиялари бўйича мутахассис тайёрлашини эшитганман. У пайтда ТАТУга киришни орзу қилиб юрганмиз, ИНҲА мен учун Ҳарвард, Оксфорддек бўлган. Ўқий олмасам керак деб ўйлаганман. Чунки пул йўқ, IELTS йўқ. Лекин иштиёқ бор. Университетнинг ўзидаги тайёрлов курсида ярим йил қатнашиб, кейин ўқишга кирганман.

Дадам – физика-математика, онам – рус тили ва адабиёти ўқитувчиси. Ўртача ойлик бюджетимиз ўшанда 300 доллар атрофида бўлган. Ўқишимнинг йиллик контракти эса 2,5 минг доллар. Жуда қийналганмиз. Оилада тўрт фарзандмиз. Контракт тўлаш қийин бўлган, лекин ота-онам пул муҳим эмаслигини, асосийси билим эканини билишган. Ота-онам мен учун энг зўр инвестор деб ҳисоблайман. Тоғаларим ҳам зиёли одамлар. Улар уй-жойга эмас, одамларга, таълимга инвестиция қилиш керак, деб ота-онамга айтишган.

Ўқишнинг биринчи йилида таълимдан қониқмаганман. Чунки мен оддий коллеждан чиққанман, Инҳада эса ҳамма дарслар инглиз тилида бўлади, унда яхши лицей, мактаблардан келган болалар бор эди. Иккинчи йил биринчи семестрдан кейин контракт тўлашга умуман пулим қолмаган ва ўқишни ташлаш ҳақида ўйлаганман. Шунда ҳам ота-онам, тоғаларим ўқишни давом эттиришга кўндиришган. Шунчалар жаҳл қилиб, ҳеч нарсага қарамай, бутун борлиғимни ўқишга бериб ўқиганманки, талабалар орасида энг юқори баллни олганман. Ва кейинги семестрда бепул ўқиш учун грант ютиб олганман.

Ўқиса бўлар экан-ку, деб давом эттирганман ва кейинги семестр учун ҳам грант ютганман. Ўқишда яхши натижалар кўрсатиш учун тўғри стратегиялардан фойдаланиш керак холос.

«Лойиҳа топширмаган бўлсам-да, Кореяга грант беришган»

Дархонбек Маматалиев

— Ўқишни битирганим билан тажрибам бўлмаса, ҳеч ким мени ишга олмаслигини билганим учун иш излай бошладим. 2015 йилда Фарҳод Мусаев деган инсон билан танишганман, ўшанда Ўзбекистонга биринчи бўлиб болаларга дастурлашни ўргатиш лойиҳасини – Codecraft'ни олиб кирганмиз. 8–9 ёшли болаларга дастурлашни ўргатиш бўйича иш бошлаганмиз. Дарсликларни ўзимиз тузиб чиққанмиз.

Ишни 15 нафар бола билан бошлаган бўлсак, ҳозиргача Codecraft'да минглаб болалар дастурлашни ўқиб чиқишган.

Кундузи ўқиб, кечқурун болаларга дастурлашдан дарс берардим. Бу лойиҳадаги икки йиллик фаолиятим давомида 3та дарслик туздим, 500дан зиёд болани ўқитдим. Codecraft туфайли мен Инҳада грант учун лойиҳа топширмаган бўлсам ҳам, Жанубий Кореяда ўқиш учун грант беришган.

Бу ишларимни кўриб, 2018 йилда Microsoft компанияси мени Сингапурдаги ўқитувчилар конференциясига – Educator’s Exchange'га таклиф қилган. Сингапурда Microsoft'нинг сертификациясидан ўтганман, яъни ҳозир таълим бериш бўйича бу компаниянинг сертификатига эгаман.

«Ўқишдаги ютуқлар ва амалиёт – мутлақо бошқа-бошқа нарсалар»

— 2016 йилда Фарҳод Чинбердиев деган дастурчи билан учрашганман. У мени нима билан ҳайрон қолдира оласан деган. Ўқишдаги ютуқларим, Windows Phone учун дастурлар ёзиб юрганимни кўрсатганман. Лекин у мен қойил қолмадим, буларнинг барчаси ҳеч нарса эмас деган. Бу менга жуда қаттиқ теккан, лекин ҳаётимда бурилиш нуқтаси бўлган.

Ўзимни дастурлашни зўр биламан деб ўйлаганман, талабалар орасида зўрман деган иллюзияга берилганман. Лекин Фарҳод Чинбердиев менинг кўзимни очган. Одам ўқишда зўр бўлгани билан, амалиёт – мутлақо бошқа. Университетда зўр ўқиб, танловларда ютиб юриш ва қайсидир компания учун реал маҳсулот устида ишлаш – умуман бошқа-бошқа нарсалар. Бунга бошқача билим, кўникма, дисциплина керак. Лекин бунақа нарса талабаларда йўқ, булар университетда ўқитилмайди.

Талабалар – дисциплинаси йўқ одамлар. Ишлаш эса дисциплинага ўргатади, реал кўникмаларни беради, одам ўз устида ишлашни бошлайди.

«Super Dispatch'га ишга олишларини эшитганда, ишонмаганман»

— Кореяга бориб келганимдан кейин яна Фарҳод Чинбердиевга алоқага чиқдим, бу гал ўз устимда ишлаган, қўлимда тайёр маҳсулотим бор эди. Super Dispatch'га стажировкага кирдим. Бу ерда 6 ой бепул ишлаганман. IOS'ни нолдан ўрганганман. Кейин шу ернинг ўзида менга иш беришларини айтишган. Ишонмаганман. Чунки менда импостор синдроми, яъни ўзимга нисбатан ишончсизлик бўлган. Улар зўр, мен бунақа ишларни қила олмасам керак деган ўй бор эди. Бу ҳаммада бўлади, ҳар ким бундан ўтиши керак.

2018 йил қиш ойларида Super Dispatch'га ярим ставкага ишга кириб, 200 доллар ойлик олганман. 2019 йилда грин-кард ютиб олгач, Super Dispatch'дан кетдим ва ҳали Ўзбекистонда бўла туриб, АҚШда иш излай бошладим.

«EPAM'да катта дастурчи-муҳандис лавозимини беришган»

— Мен Ўзбекистондаги биринчи Microsoft student partner, яъни компаниянинг университетидаги элчиси бўлганман. Компания номидан аввал университетда, кейин Қозоғистонда қизларга робототехникани ўргатиш бўйича тадбир қилганмиз. Шунда Microsoft'да ишлайдиган Нурлан деган инсон билан учрашдим, АҚШда иш излаётганимни айтдим. У ўз навбатида EPAM (АҚШдаги IТ компания)да ишловчи Олжас исмли бошқа қозоқ инсонга мен ҳақимда айтган. Бунга аввалига эътибор бермадим, аммо орадан озроқ вақт ўтиб, Олжас мени EPAM'да реферал қилиб олишини, резюмемни компания ички тизимига кўриб чиқишлари учун юборишини айтган.

Реферал олиш бу – реферал бераётган одам сизни компанияга тавсия қилади. Компанияга тўғридан тўғри ҳужжат топширганда рекрутерлар эътибор бермаслиги мумкин, чунки уларга минглаб аризалар келиб тушади. Аммо реферал орқали топширганда уни рекрутерлар кўриш эҳтимоли кафолатланган.

Шундай қилиб, бир ҳафтадан кейин мен билан рекрутер боғланган. Компания менежерлари билан суҳбатдан ўтганман, лекин уларнинг мижозлари билан бўлган суҳбатдан ўта олмаганман. Бошқа лойиҳа учун қилинган иккинчи интервью муваффақиятли ўтди. Суҳбат бир ярим соат чўзилган. Интервью узоқ давом этдими, бу яхши сигнал. Чунки бу сизга ўзингиз ҳақингизда кўп гапиришга рухсат берилди, дегани. Шуни унутмаслик керак, суҳбат жараёнида фақатгина сиздан савол сўрашмайди, сиз ҳам уларга савол берасиз, маош, шароит, жамоа, бонуслар, юклама ҳақида сўраш керак.

Super Dispatch'да қуйи (junior) дастурчи бўлиб ишлаган бўлсам, EPAМ'да катта (senior) дастурчи-инженерлик лавозимини беришган. Кунига 8 соат ишлардим, кичик муддатларга шартнома тузилганда, кейинчалик унинг муддатини чўзиб борганман.

Тўлиқ ставкага ўтмаслигимнинг сабаби – шартнома асосида ишлайдиганларга кўпроқ пул тўланади. Чунки уларнинг иш хавфсизлиги таъминланмаган, меҳнат таътили йўқ. Таваккал катта бўлгани учун ойлик ҳам юқори. Тўлиқ ставкага ишга ўтказишларини айтиб, лекин маош камайишини айтишгач, яна иш излашимга туртки бўлган.

Бошқа дастурчи ёшларга ҳам EPAM'да ишлаб кўришини маслаҳат бераман. Бу ерда беларусиялик, украиналик, россиялик моҳир дастурчилар билан танишиш, улардан иш ўрганиш имконияти катта.

UBER'га ишга қандай кирдим?

— EPAM'дан кетадиган бўлгач, кўплаб компанияларга резюме юбордим. Reddit ва UBER'нинг суҳбатларидан ўтиб, ишга кирдим. Иккаласи билан савдолашгандан кейин танлов қилганман. Маҳсулот, ўсиш даражаси, компаниядаги муҳит, ойликдан келиб чиқиб, UBER'ни (такси хизматини таклиф этувчи иловани ишлаб чиққан компания – таҳр.) танлаганман.

Карантин бўлгани учун уйда ишлаганман, интервьюга яхши тайёргарлик кўрганман. Дастурчилар йирик компанияларга ишга кирмоқчи бўлса, Cracking the Coding Interview китобини ўқиб чиқишни маслаҳат бераман. Бу – энг яхши қўлланма.

Шунингдек, LeetCode платформасида масалалар ечганман, 50та мок-интервью қилганман. Яъни ишга кирмоқчи бўлган икки инженер бир-биридан интервью олади, масала беради ва бир-бирига изоҳ беради. Бу ҳақиқий интервьюдан ўтиш учун яхши тайёргарлик.

Муваффақиятимнинг асосий омиллари ҳақида

— Муваффақиятимнинг энг биринчи омили – ота-онам, қариндошларимнинг қилган инвестицияси.

Иккинчидан, ҳар бир иш жойимда ажойиб менторлар билан ишлаганман. Ментор ўсишингизга ёрдам беради. Сиз ишламоқчи бўлган компанияда ўзингиздан кучлироқ мутахассис бўлса, бу ерга ишга киринг. Акс ҳолда ўсиш бўлмайди.

Мен дунёдаги ҳар бир бола текин ва сифатли таълим олишга ҳақли, деб ҳисоблайман. Чунки текин таълим сифатли бўлмаслиги мумкин. Мен сифатли таълим олганман, лекин у текин бўлмаган.

18 ёшли Дархонга кўпроқ амалиёт ўта, китоб ўқигин, деган бўлардим.

Ўқишга кира олмаган ёшлар нима қилиши керак?

— Стажировкага топшириб кўриш керак. Айнан университетга бориб ўқиш шарт эмас. Турли курслар, таълим марказларига бориб ўқиш керак. Дастурлашда ҳеч ким диплом талаб қилмайди, қўлингиздан қандай иш келишини сўрайди.

Албатта, университетнинг ҳам фойдаси бор. Ўзи ўргангандан кўра университетни ўқиганлар кучлироқ бўлади деб ўйлайман. Университетни ўқиш иш визасини олишга бонус бўлади, ойлик ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда ахборот технологиялари ривожланиши учун аввал интернетни яхшилаш керак. Яна бизда йирик лойиҳалар кам. Кўп замонавий инструментлар катта маҳсулотларда ишлайди. Одамлар кўп жойда ўрганиш ҳам осон бўлади. Бизда эса бунақа лойиҳалар кам.

Дастурлар бўйича китоблар ҳам қиммат. Битта китоб 30–40 доллар туради. Уларни арзонроқ сотиш чорасини қилиш керак.

Ёшлар ўзининг инглиз тили кўникмаларини кўтариши керак. Тил билса, имкониятлар очилади. Дастурлашда барча маълумотлар инглиз тилида. Зўр маълумотлардан фойдаланиш имконияти очилади.

Мавзуга оид