Жамият | 20:29 / 24.12.2020
4593
3 дақиқада ўқилади

«ОТМ талабалари ўртасида касалланиш ҳолатлари деярли аниқланмаяпти» – вазир ўринбосари

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Саломов Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг талабалари ўртасида коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари деярли кузатилмаётганини таъкидлади, бироқ у бу борада ҳеч қандай рақамларини келтириб ўтмади.

«Коронавирус билан курашиш ва пандемия даврида таълимни тиклаш жараёни Олий таълим вазирлиги учун бирмунча осонроқ кечди. Чунки бизгача Халқ таълими вазирлиги бу босқичдан ўтганди. Олий таълим вазирлиги ушбу жараёнда қатнашиб, бу борада маълум бир тажрибага эга бўлди.

Лекин олий таълим тизимининг ўзига хос хусусиятлари бор эди. Масалан, талабаларнинг ёши катта бўлиб, улар коронавирус юқиши эҳтимоли юқори бўлган тоифага киришарди. Бундан ташқари, аксарият олий таълим муассасалари талабалари турли ҳудудлардан келиб ўқишларига тўғри келарди, мазкур вазиятда улар талабалар турар жойларида ёки ижарада яшаши билан боғлиқ муаммолар бўлгани учун анъанавий таълимни ХТВга нисбатан кечроқ бошладик.

Биз ҳам талабалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўров ўтказдик. Респондентларнинг 82 фоизи анъанавий таълимни ёқлаб овоз беришди. Шундан сўнг Республика махсус комиссиясининг 12 ноябрдаги қарорига асосан 16 ноябрдан барча олий таълим муассасаларида анъанавий шаклда таълимга ўтилиши тавсия этилди. Бу бўйича ҳар бир яъни қайси курс талабаларини биринчи навбатда, қайси курс талабаларини иккинчи ва кейинги навбатда анъанавий таълим билан қамраб олиш бўйича ўз чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққан.

Бу жараёнда санитария қоидаларига тўлиқ амал қилинмоқда. ОТМ аудиториялари, талабалар турар жойлари тез-тез дезинфекцияланиб, талабалар тиббий ниқобларни таққан ва ижтимоий масофани сақлаган ҳолда дарсларда қатнашишмоқда. Бунинг натижасида ОТМ талабалари ўртасида касалланиш ҳолатлари деярли аниқланмаяпти», дея Ўктам Саломовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, у ОТМ профессор-ўқитувчиларининг 0,2 фоизи Covid-19 билан касалланганини маълум қилди.

«Анъанавий таълим қайта тиклангач, талабалар ва ОТМ ходимлари, профессор-ўқитувчилари ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида вазирлигимиз ҳамда ССВ ўртасида қўшма қарор қабул қилинди. Мазкур қарор билан коронавирус кенг ёйилишига қарши профилактик чора-тадбирлар тасдиқланиб, шунинг доирасида ОТМ ходимларига «Covid-box»лар тарқатилди.

Олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа ходимларининг коронавирус билан касалланиш кўрсаткичлари Ўзбекистондаги ўртача статистикадан ошмайди. Худди мактаб ўқитувчиларида бўлгани каби ОТМ профессор-ўқитувчиларининг 0,2 фоизи Covid-19 билан касалланган», деган вазир ўринбосари ХПК сессиясида.

Мавзуга оид