Жаҳон | 13:02 / 26.12.2020
10020
2 дақиқада ўқилади

Саудия валиаҳд шаҳзодаси коронавирусга қарши эмланди. Мамлакатда бепул вакцинация бошланган

Фото: Reuters

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон коронавирусга қарши эмланди. Бу жараён мамлакат телевидениеси орқали кўрсатилган. Шаҳзода вакцинанинг биринчи дозасини қабул қилган. Иккинчи доза қоидага кўра уч ҳафтадан кейин қабул қилинади.

10 декабр куни Саудия Арабистони ўз ҳудудида Pfizer ва BioNThech вакциналарини қўллашга рухсат берган эди. Муҳаммад бин Салмон ҳам катта эҳтимол билан Pfizer вакцинасини қабул қилган. 17 декабр куни Саудия соғлиқни сақлаш вазири Тауфиқ ар Рабия мамлакатда оммавий эмлаш жараёни бошланганини маълум қилганди: «Аллоҳнинг иродаси билан бугундан коронавирус инқирозидан қутилиш учун оммавий эмлаш жараёнини бошладик. Бу қироллик тарихидаги энг йирик эмлаш бўлади», деганди мамлакат соғлиқни сақлаш вазири.

Саудияда бир ҳафтадан буён ўтказилаётган эмлаш жараёни бир йўналишга тушиб олгани айтилди. Саудияликлар ва мамлакат меҳмонлари вакцина олиш учун «Sehaty» номли махсус мобил илова орқали рўйхатдан ўтиши мумкин. Барча учун коронавирус вакцинаси бепул, давлат ҳисобидан амалга оширилади. Саудияда бўйлаб 550 та клиникада одамлар эмланмоқда ва ҳар бир ҳудудда бундай марказлар ташкил этилган.

Маълумот учун, олдинроқ АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден ва Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ҳам коронавирусга қарши Pfizer вакцинасини қабул қилганди.

Мавзуга оид