Ўзбекистон | 21:55 / 27.12.2020
19382
2 дақиқада ўқилади

Видео: Тошкент метросининг Сергели йўналиши ишга тушди

26 декабр куни Сергели тумани аҳолисига қулайлик яратувчи икки инфратузилма объекти – ер усти метроси ва йўл ўтказгич фойдаланишга топширилди.

Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишини барпо этиш бўйича ишлар 2017 йилда бошланган эди. 82,66 млн долларлик лойиҳа эстакадалардаги 7 км темир йўл ва 5та бекатни ўз ичига олади.

Бекатларда ахборот таблолари, қувватлаш мосламалари, пандуслар ўрнатилган. Йўналиш ичида ҳаракатланиш 1 январгача бепул.

Поездлар тонгги соат 5:00дан 23:00га қадар қатнамоқда. Яқин кунларда 24:00га қадар ишлаш режимига ўтилади.

Шунингдек, туманда янги автомобил кўприги ҳам очилди.

Ушбу йўл ўтказгич – Сергелини шаҳар маркази билан боғлаш учун муқобил йўлларни ташкил этиш режасининг бир қисми.

Айни пайтда туманни шаҳар маркази билан боғловчи фақат битта йўл бор – Янги Сергели кўчаси. Шунинг учун ҳам бу кўчада тирбандликлар ортиб бормоқда.

Янги кўприк – Янги Сергели кўчаси бошланган жой, халқ тилида «Ярмарка» деб аталувчи, туманнинг энг гавжум нуқталаридан бирида жойлашган. У Қипчоқ кўчасини Тошкент ҳалқа автомобил йўли билан боғлайди.

Бошқача айтганда, эндиликда Сергели туманидан маҳаллий аэропорт, Қўйлиқ бозори ва Миробод тумани массивларига боришнинг муқобил варианти пайдо бўлди.

Бу эса Янги Сергели кўчасининг «Ярмарка»дан «Ўзгариш»гача бўлган қисмида автомобил юкламасини пасайтириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Чўпонота кўчасидан тўғри Сергелига бориш имконини берадиган яна 2та йўл ўтказгич қурилиши режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, 6 км масофада янги йўл қурилади, йўл ўтказгичлар Кичик ҳалқа йўли ва Тошкент ҳалқа йўли устидан ўтади.

Мавзуга оид