Ўзбекистон | 19:47 / 29.12.2020
2565
7 дақиқада ўқилади

Эксперт: Минтақавий ҳамкорлик – замонавий таҳдидларни бартараф этишнинг муҳим кафолати

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти марказ раҳбари Бахтиёр Мустафоев президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси бўйича шарҳ ёзди.

29 декабр куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаати бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг мурожаати ўзининг долзарблиги ва стратегик аҳамияти билан бугун сиёсий экспертлар орасида катта қизиқиш ўйғотмоқда ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатларида Марказий Осиё Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини  алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари доимий равишда давлатимиз раҳбарининг диққат марказида, буни биз президентимизнинг нуфузли минтақавий ва халқаро ташкилотларнинг юқори минбарларидан туриб минтақа масалалари бўйича илгари сурган таклиф ва ташаббусларида ҳам кўришимиз мумкин.

Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатларида Марказий Осиёни ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши эканлигига яна бир бор урғу беришларининг қуйидаги муҳим жиҳатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Биринчидан, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг узвий ва чамбарчас боғлиқ қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан чегарадош минтақадаги ягона давлат, яъни минтақадаги у ёки бу давлатдаги ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳадаги ўзгаришлар бевосита Ўзбекистонга таъсир қилади. Қолаверса, транспорт, иқтисодиёт, энергетика ва сув соҳасидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш минтақа давлатларининг ҳамкорлик даражасига боғлиқ. Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши ва гуллаб-яшнаши Ўзбекистон Республикасининг бош мақсади ҳисобланади.

Иккинчидан, барчамизга маълум Марказий Осиё геостратегик минтақа ҳисобланади. Бунга бир томондан минтақанининг қулай географик ҳудудда, яъни муҳим минтақавий ва халқаро транспорт йўлаклари кесишмасида жойлашганлиги, бой табиий ресурсларга эга эканлиги сабаб бўлса, иккинчи томондан Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлар тизимида муҳим ўрин тутадиган Яқин Шарқ, МДҲ ва Осиё давлатлари билан чегарадошлигидир. Бошқача қилиб айтганда, Марказий Осиё дунёнинг етакчи давлатларнинг манфаатлари кесишган ҳудуд ҳисобланади.

Юқоридаги омиллар минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга фақатгина ўзаро тушуниш ва манфаатларга асосланган ҳамкорлик орқали эришиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистоннинг бугунги кундаги очиқлик, яхши қўшничилик, стратегик шерикчилик, ўзаро ишонч ва мавжуд муаммоларни оқилона муроса йўли билан ҳал этиш тамойилларига асосланган мутлақо янги минтақавий сиёсати Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлашда, минтақанинг ҳамкорлик маконига айланишида муҳим гаров сифатида хизмат қилишидан далолат беради.

Учинчидан, парламентга мурожаатномада президентимиз томонидан Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш масаласи кўтарилгани, Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликнинг барқарор ривожланишига қатъийлигини ва қўшни давлатлар билан ўзаро манфаат ва ишончга асосланган ҳамкорликнинг узоқ муддатли характерга эгалигини яна бир карра исботлайди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев президент сифатида сайланганларидан кейин илк бор Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши эканлиги тўғрисида 2016 йил 14 декабрда Ўзбекистон Республикаси президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида айтган эди.

Ўтган давр мобайнида эришилган ютуқ ва натижаларни таҳлил қилсак, бутун дунёда кўп томонлама ҳамкорлик инқирозга учраган ва ўзаро ишонч камайиб кетаётган бир вақтда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга чиқаётганини кўришимиз мумкин. 

Тарихан қисқа вақт ичида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Энг асосийси, аввал минтақавий ҳамкорликни ривожланишида тўсиқ ҳисобланган чегара ва сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича муҳим ва ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. Президентимиз ташаббуслари билан ҳамкорликнинг янги механизмлари ташкил этилди. Бунга мисол сифатида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувларини, парламентлараро гуруҳлар, чегараолди ҳудудлар ҳамкорлиги кенгаши, вазирлик ва идоралараро комиссиялар, инвестиция фондларининг ташкил этилганлигини айтиш мумкин.

Ўзбекистоннинг янги минтақавий сиёсати натижасида Марказий Осиёда шаклланган сиёсий муҳит бугун минтақа давлатларининг улкан иқтисодий салоҳиятини очишга муҳим ҳисса қўшмоқда. Юқоридаги гапларнинг тасдиғи сифатида Марказий Осиё давлатларида ташқи савдо айланмаси ва инвестиция ҳажми, туристлар сони ошгани мисолида кўришимиз мумкин. 

Хусусан, 2019 йил минтақа давлатларининг ташқи савдо айланмаси ҳажми 2016 йилга нисбатан 56 фоизга ошиб 168,2 миллиардни ташкил этди. Минтақа давлатларига жалб қилинган инвестициялар ҳажми эса 2019 йил 2016 йилга нисбатан 40 фоизга ошиб 37,6 миллиардни ташкил этди. Марказий Осиё давлатларига ташриф буюрувчи туристларнинг сони ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Мисол тариқасида минтақа давлатларига 2019 йил келган туристлар сони 2016 йилга нисбатан 93 фоизга ошиб 18,4 миллион кишини ташкил қилди.

Минтақавий ҳамкорликнинг давлатлар хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда нечоғлик муҳим аҳамият касб этишини биз коронавирус пандемияси даврида кўришга муваффақ бўлдик. Марказий Осиё давлатлари сўнгги йилларда минтақадаги янги сиёсий муҳит натижасида қисқа вақт ичида пандемияга қарши мувофиқлаштирилган сиёсат олиб боришга муваффақ бўлишди. 

Натижада пандемия даврида коронавирусга қарши курашда тиббиёт соҳасида ахборот ва тажриба алмашинуви, ўзаро гуманитар ёрдам кўрсатиш, чегараларда юкларнинг узлуксиз ҳаракатланишини йўлга қўйишга эришилди. Бу эса минтақада дунёнинг бошқа давлатларига нисбатан коронавирус билан касалланиш ва унинг натижасидаги ўлим сонининг камлигини таъминлашга имкон берди. Хусусан, 29 декабр ҳолатига кўра Марказий Осиёда коронавирус билан касалланганлар сони 375 минг кишини, яъни дунёдаги жами касалланганларнинг 0,5 фоизини ташкил этди. Ўлим ҳолати коронавирус билан касалланганларнинг 1,7 фоизидан иборат бўлган бўлса, дунёда бу кўрсаткич 2,1 фоизни ташкил этди. Бир сўз билан айтганда, минтақавий ҳамкорлик замонавий таҳдидларни бартараф этишнинг муҳим кафолати эканлигини яна бир бор тасдиқлади. 

Шу нуқтайи назардан бугун президентимизнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари асосида ривожланаётган минтақавий ҳамкорлик Марказий Осиё давлатлари муносабатларида янги саҳифани очди десак муболаға бўлмайди. Президентимиз томонидан Олий Мажлисга қилинган мурожаатномада Марказий Осиёнинг ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши эканлигини яна бир бор таъкидланиши, Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ўзининг барча имкониятлари ва салоҳиятини сафарбар қилишидан далолат беради.

Мавзуга оид