«Тесланерлар» – янги миллионерлар: Tesla'нинг муваффақият ҳикояси энди бошланяптими?
Жанубий африкалик тадбиркор Илон Маскка тегишли Tesla компаниясининг фонд бозоридаги юксалиши ўзини «тесланер» деб атайдиган янги миллионерлар пайдо бўлишига сабаб бўлди.
Tesla акциялари 2020 йилда 700 фоиздан ошди.
Эндиликда у Ford ва Volkswagen каби гигантларни ортда қолдириб, дунёдаги энг қиммат автомобилсозлик компаниясига айланди. Бироқ Tesla акцияларига сармоя киритганлар бу кунларга осонликча етиб келишгани йўқ.
Тахминан 10 йил олдин Tesla нақд пул танқислигига дуч келади. Шу сабабли компаниянинг узоқ муддатли сармоядорлари ўз инвестициялари «эриши»ни кузатишга мажбур бўлишади. Ўшанда сабр қилганлар ва Tesla акцияларини сотиб юбормаганларнинг эса бугун «ошиғи олчи».
Tesla учун энг муҳим бурилиш нуқталаридан бири 2020 йилнинг сўнгги ойида содир бўлди. Компания Нью-Йорк фонд биржасидаги энг йирик компанияларни ўз ичига олувчи S&P 500 индексига киритилди.
Ушбу воқеадан сўнг Tesla акцияларида тезкор ўсиш тенденцияси кузатилди.
Tesla айни пайтда Facebook, Microsoft ва Apple каби компанияларни ўз ичига олувчи S&P 500 индексидаги энг қиммат компаниялардан биридир.
Tesla’нинг бозордаги қиймати General Motors, Ford, Fiat Chrysler ва Toyota автомобилсозлик гигантларининг умумий бозор нархидан ҳам баланд.
Ҳолбуки, Tesla рақобатчиларидан анча кам автомобил ишлаб чиқармоқда.
GraniteShares инвестиция фирмасининг бош ижрочи директори Уилл Ринд Tesla компаниясининг акцияси дунёни қутблаштирадиган акция эканлигини таъкидлади. «Ихлосмандлар сони анча кўп ва уларнинг аксарияти Tesla автомобилларига эга. Қарама-қарши томонда эса молия доиралари мавжуд. Улар қимматли қоғозлар ҳаддан ташқари кўтарилиб кетди, деган фикрда», дейди у.
Уилл Ринднинг айтишича, Tesla акцияларига аввалбошда сармоя киритганлар бугун жуда катта даромадга эга ва уларнинг асосий қисми миллионерга айланган.
Автомобил савдоси ортиши Tesla акцияларининг ошишига туртки бўлди.
Айниқса, Хитойдан келган кучли талаб Tesla’нинг савдо кўрсаткичларини янада мустаҳкамлади. Ёнилғи сарф қилувчи транспорт воситаларидан электр транспорт воситаларига ўтишдаги глобал тенденциясининг тезкор суръати мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган Tesla каби компанияларга фойдали бўлди.
Кўплаб сармоядорлар Tesla’нинг ҳайдовчисиз транспорт воситалари вa аккумулятор технологиясига оид лойиҳаларини келажакда компания қийматини янада оширувчи инновациялар деб билишмоқда.
Бу бозордаги «кўпик»ми?
Tesla 2010 йил июнь ойида оммага тақдим қилинган ва фонд бозорида ҳар бир акция учун 17 доллардан савдо қилишни бошлаганди.
Бугунги кунда Tesla акциялари Нью-Йорк фонд биржасида 650 доллардан сотилмоқда.
Tesla’нинг 2020 йилдаги юксалишини янада ҳайратланарли қилган омил ушбу муваффақиятнинг коронавирус пандемияси даврида содир бўлганидир.
Аммо Tesla компаниясининг ишига шубҳа билан қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Улар акциялар ҳаддан ташқари қимматлашди, деган фикрда.
«Tesla акциялари нафақат биз учун, балки барча компанияларни баҳолаш параметрлари нуқтайи назаридан ҳам анча қиммат, ҳатто ҳаддан ташқари қиммат», деб ёзди АҚШнинг JP Morgan инвестиция банки таҳлилчилари 2020 йил декабр ойини баҳолаш ҳисоботида.
Бироқ Tesla’га шунчаки автомобилсозлик компанияси деб қараш керак эмас, деб ўйлайдиганлар ҳам бор.
«Агар компаниянинг аккумулятор технологияси муваффақиятли бўлса, у янги даромад эшикларини очади», дейди OANDA’нинг бозор бўйича таҳлилчиси Эдвард Моя.
«Ёнилғидан электр энергиясига ўтиш жараёнида Tesla’нинг қандай рол ўйнаши мумкинлиги ҳақида бир ўйлаб кўринг. Шу нуқтайи назардан олиб қараганда, инвесторлар «эртанги кун технологиясининг қийматини қандай баҳолаш керак?» деган саволни беришлари лозим», дейди GraniteShares инвестиция фирмасининг бош ижрочи директори Уилл Ринд.
Тесланерлар
Tesla’га ишонадиган ва унинг акцияларига сармоя киритадиган катта аудитория мавжуд. Ўзини «тесланер» деб атовчи ушбу инвесторлар компания акцияларининг ўсишда давом этишига, шунингдек, Илон Маскнинг инновацион компанияси кўплаб соҳаларда янги стандартлар ўрнатишига ишонишади.
АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида яшовчи муҳандис Жейсон ДеБолт тахминан етти йил олдин 19 минг долларга 2500та Tesla акцияларини сотиб олган.
«Tesla 2013 йилда Model S’ни сотиб олгач, компанияга сармоя киритишга қарор қилдим», дейди у.
ДеБолт ўшандан бери Tesla акцияларига мунтазам равишда сармоя киритиб келмоқда. Бугунги кунда унинг 15 минг дона акцияси мавжуд ва ушбу акцияларнинг умумий бозор қиймати 10 миллион долларни ташкил этади.
«Оммавий ахборот воситаларида Илон Маск ва Tesla’га уюштирилган ҳужумларни кўриш жуда оғир эди. Акция нархлари пасайишига гувоҳ бўлиш эса янада оғриқли эди. Мен акциялар бир мунча вақтдан сўнг яна кўтарилишини билардим», дейди қимматли қоғозлар ўзгарувчанлигини 2013 йилдан кузатиб келаётган ДеБолт.
ДеБолт – Tesla акциядорлар клубининг аъзоси. У тез-тез ўзининг Facebook гуруҳи орқали бошқа «тесладерлар» билан суҳбатлашиб туради.
Нью-Йоркда яшовчи Скотт Тисдейл ҳам 2013 йилда Model S’ни кўргач, компанияга сармоя киритишга қарор қилган. Ҳозирда у Tesla’нинг 4000 дона акциясига эга ва ушбу акцияларнинг бозор қиймати 2,8 миллион долларни ташкил этади.
Тисдейл Tesla акцияларига сармоя киритишда давом этишини таъкидлади.
«Менимча, бу компаниянинг ҳикояси энди бошланмоқда. Биз бир неча йиллардан буён акцияларнинг қимматлашиб кетганлиги ҳақидаги гап-сўзларни эшитиб келяпмиз. Аммо Tesla’нинг акциялари йиллар давомида ўсиб бормоқда», дейди у.
Компаниянинг истиқболи
Бозор мутахассислари анча эҳтиёткор бўлишади. Улар акцияларнинг 700 фоизга кўтарилишини имконсиз, деб ўйлашмоқда.
Apple каби рақобатчиларнинг электромобиллар бозорига кириш учун қадам қўя бошлаши ортидан «Tesla’ни аёвсиз рақобат кутмоқда», деган фикрлар янграмоқда.
«Tesla рақобатчиларининг чўнтаги жуда чуқур ва улар ўзини қўрқмай қалтис хавф-хатар остига қўйиш имконига ҳам эга», дейди OANDA’нинг бозор бўйича таҳлилчиси Эдвард Моя.
Инвестиция бўйича мутахассисларнинг муҳим тавсияси шуки, жамғармаларни битта улушга сарфлагандан кўра, инвестиция портфелини турли хил акциялар ёки инвестиция активлари билан «ранг-баранглаштириш» керак ва шу орқали xавфни «тарқатиб» юбориш лозим.
Мавзуга оид
14:15 / 10.11.2024
Трамп Зеленский билан «илиқ ва ёқимли» суҳбат ўтказган. Унда Маск ҳам иштирок этган
23:39 / 08.11.2024
Tesla капитализацияси 1 трлн доллардан ошди
20:11 / 07.11.2024
Маск бор кучи билан республикачиларни тарғиб қилди. Трамп уни қандай тақдирлайди?
10:57 / 07.11.2024