Самарқанд ХТБ инсон ўлимига сабаб бўлган мактаб қозонхонаси портлашига муносабат билдирди
3 январ куни ярим тунда Самарқанд шаҳридаги 4-мактаб қозонхонасида портлаш юз беради. Оқибатда мактабда қозонхона назоратчиси вазифасида ишлаган 50 ёшли Б.Ҳ олган тан жароҳати туфайли касалхонада вафот этади.
Самарқанд шаҳар Халқ таълими бўлими мазкур воқеа ҳақида расмий муносабат билдирди. Унда ҳодиса юзасидан янги тафсилотлар маълум қилинган.
Муносабатда ёзилишича, жорий йил 2 январ куни тунда 4-мактаб жойлашган Самарқанд шаҳар «Илмобод» МФЙ ҳудудида электр энергиясида узилиш кузатилган. Натижада 4-мактабнинг табиий газ билан ишловчи иситиш қозонлари автоматлаштирилган тарзда ўчган. Маҳалла ва мактабда электр энергиясининг вақтинчалик узилиши газ тармоғида босимнинг ортишига олиб келган. (Аксарият жойларда чироқ ўчганда аҳоли томонидан ишлатилаётган газ тортиш ускуналари ҳам ўчади ва газ босими кучаяди. Катта эҳтимол билан бу ерда ҳам шундай бўлган). Натижада иситиш қозонининг автоматик ўчиш-ёқиш ускунаси ишдан чиққан ва ундан сизиб чиққан табиий газ қозонхона ичида тўпланган.
Шундан сўнг қозонхона назоратчиси Б.Ҳ. иситиш қозонини ёқмоқчи бўлганида қисқа ўт чақнаши ортидан портлаш содир бўлган. Оқибатда Б.Ҳ. оғир тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд вилояти бўлимига ётқизилган.
Қайд этилишича, Б.Ҳ. 2020 йил 2 ноябрдан бошлаб 4-мактабга мавсумий қозонхона ишчиси вазифасига тайинланган. 2 январ куни Б.Ҳ. навбатни қабул қилиб олишда қозонхонадаги иситиш қозонлари соз ҳолатда эканлигини тасдиқлаб дафтарга имзо қўйган.
Таъкидланишича, Самарқанд вилояти ХТБ раҳбарияти томонидан марҳум Б.Ҳ.нинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинган ва моддий ёрдам кўрсатилган.
Аввалроқ Самарқанд вилояти ИИБ ҳодиса юзасидан тегишли давлат идоралари томонидан ўрганиш, суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган эди.
Мавзуга оид
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
16:00 / 11.11.2024
Хавотир билан бошланган хайрли иш – Фарғонадаги мактаб олма боғидан яхшигина даромад оляпти
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024