Ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бу нимани англатади?
Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи нормалар киритилди. Бу – жамоатчилик, хусусан ижтимоий тармоқлар фаол фойдаланувчиларининг хавотирларига сабаб бўлмоқда.
Бу қонуннинг қабул қилиниши айниқса ОАВ ва блогерларни бир «силкитиб» олди, десак янглишмаган бўламиз. Қонун сўз эркинлигини таҳлика остида қолдирадими, деган савол ҳам етарлича янгради.
Хўш, бу хавотирлар қанчалик асосли? Қонун билан сўз эркинлигини бўғиш мақсад қилинганми ёки сўз эркинлигидан фойдаланишда масъулиятли бўлишга даъват қилинмоқдами?
Ўзи кодексларга қандай янгилик киритилди?
Қонунга кўра, ёлғон ахборот тарқатганлик учун тегишли кодексларга маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимча (202-2-модда)га кўра:
- Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50 баравари (1 февралгача 11 млн 150 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
- Жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50–100 баравари миқдорида (22 млн 300 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига киритилган қўшимча (244-6-модда)га кўра:
- шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, БҲМнинг 150 бараваригача (33 млн 450 минг сўм) миқдорида жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
- жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача (44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
- Ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида юқоридаги жиноятларни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда содир этганлик учун яна ҳам оғирроқ жазо чоралари (БҲМнинг 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш) белгиланган.
Юқоридаги моддаларни ўқиган аксарият ўқувчини мавҳум тасаввурлар қамраб олса, ажаб эмас. Зеро, ҳуқуқбузарликлар таърифида бир қатор умумий тушунчаларнинг қўллангани уларни тушуниб олишни қийинлаштирмоқда.
Қонун ижодкори ва амалиётчилар қандай фикрда?
Бизнингча, ушбу ҳуқуқбузарликларни аниқ тушуниб олиш учун қуйидаги бир қатор саволларга жавоб излашга тўғри келади.
- Ёлғон ахборот натижасида шахснинг қадр-қиммати камситилиши ёки унинг обрўсизлантирилиши бўйича аниқ чегара борми ёки бунга ҳар бир шахс бўйича индивидуал баҳо бериладими?
- Ёлғон ахборот натижасида шахснинг обрўсизлантирилиши деганда юридик шахс ҳам тушуниладими ёки фақат жисмоний шахс назарда тутиляптими?
- Қилмиш ёлғон ахборот натижасида жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солиш деб баҳоланиши учун бирор бир минимал чегара борми?
- Ёлғон ахборот тарқатиш бир қарашда туҳмат қилишга ўхшаб кетади, уларни бир-биридан қандай фарқлаш мумкин?
Ушбу саволларга жавоб олиш учун қонуннинг бевосита муаллифи – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умиджон Жабборов билан боғландик.
Депутатнинг айтишича, ушбу қонун фейк-хабарларни тарқатиб, аҳоли орасида ваҳима ва саросима тарқатадиганларни тийиб туриш учун ишлаб чиқилган ҳамда қонун шундоқ ҳам асосли маълумотларни берадиган ишончли ОАВ ва блогерлар учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди.
Ёлғон ахборот оқибатида қадр-қимматнинг камситилиши ёки обрўсизлантириш қандай аниқланиши, камситишнинг чегараси ҳақидаги саволимизга У.Жабборов қуйидагича жавоб берди:
«Бунда аниқ бир чегара мавжуд эмас. Буни аниқлаш учун ҳар бир ҳолатда индивидуал ёндашилади. Шахс ёлғон ахборот оқибатида ўзини камситилган деб топса ва судга беришни лозим топса, ана шундагина ушбу модда ишга тушади. Суд эса айбланаётган шахснинг ҳақиқатда обрўсизлантирувчи сўзлардан фойдаланганини исботлаши лозим. Бу масала судда лингвистик ёки психолингвистик экспертиза тайинлаш орқали аниқланади. Экспертизада ёлғон ахборот тўлиғича таҳлил қилиб чиқилади».
Шунингдек, депутат камситиш ва обрўсизлантириш фақат жисмоний шахсларга нисбатан содир этилиши ва бу ҳолат бўйича судга фақат жисмоний шахслар ариза бериши мумкинлигини билдирди.
Қонун нормаларини татбиқ қилишда суд амалиёти билан қизиқиб, Олий суд судьяси Луқмон Қодиров билан суҳбатлашдик.
«Қонунчиликка кўра, ёлғон ахборот деганда, ҳақиқатга тўғри бўлмаган маълумотлар тушунилади. Қонунчиликда ёлғон ахборот натижасида шахснинг қадр-қиммати камситилиши ёки унинг обрўсизлантирилиши бўйича аниқ чегара мавжуд эмас. Шахснинг шаъни ва қадр-қимматининг камситилиши ва унинг обрўсизлантирилиши уятсиз шаклда ифодаланган бўлиши зарур. Уятсиз шаклда деганда, шахснинг кишилар ўртасидаги муомалаларида ифодаланган, умумэътироф этилган қоидаларга зид бўлган салбий хатти-ҳаракатлари тушунилади.
Шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни тарқатиш деганда, уларни оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, хизмат таърифномаларида баён этиш, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади.
Бундай маълумотларни фақатгина ўзига алоқадор шахснинг ўзига айтиш, бу маълумотларни тарқатиш деб қаралмайди», – дейди Луқмон Қодиров.
Ёлғон ахборотнинг туҳматдан фарқи нимада?
Ёлғон ахборот тарқатишнинг туҳмат қилишга ўхшаш экани, уларни бир-биридан қандай фарқлаш мумкинлиги ҳақидаги саволимизга Л.Қодировнинг жавоби қуйидагича бўлди:
«Туҳмат қилиш бошқа шахсни обрўсизлантирадиган ёлғон, уйдирмаларни тарқатишда ифодаланади. Туҳмат қилиш мақсадида уйдирмалар тарқатиш деганда, уларни ҳеч бўлмаганда бир кишига исталган шаклда (оғзаки, ёзма равишда, телефон орқали, компьютер ва интернет ёрдамида) етказишни тушуниш зарур.
Уйдирма деганда, амалда мавжуд бўлмаган ёки уйдирмачи томонидан сохталаштирилган ҳодисаларни тушуниш керак. Айбдор илгаридан ўзи тарқатаётган уйдирмаларнинг ёлғонлигини билиши муҳим.
Ёлғон ахборот тарқатишда эса ҳақиқатга тўғри бўлмаган маълумотлар тушунилади».
Олий суд судьясининг маълум қилишича, юқоридаги моддалар амалиётда турлича қўлланилишининг олдини олиш бўйича тушунтириш берилиши режалаштирилмоқда.
Аббос Салайдинов тайёрлади.
Мавзуга оид
10:40 / 06.11.2024
Психологик ёрдам кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
07:50 / 09.10.2024