Ўзбекистон | 15:08 / 09.01.2021
8554
2 дақиқада ўқилади

Равшан Эрматов: «Тошкент 2025» Осиё чемпионатида 1-ўринни олишни режалаштирганмиз»

Жорий йилнинг 9 январ куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Спорт ва туризмни соҳаларини ривожлантириш бўйича 2020 йилда амалга оширилган ишларнинг танқидий-таҳлилий натижалари ҳамда 2021 йилги устувор вазифалар” мавзусида брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: KUN.UZ

Тадбирда иштирок этган жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов Ўзбекистон президенти Олий Мажлисга мурожаатномада 2025 йилда Тошкентда ёшлар ўртасида бўладиган Осиё чемпионатини юқори савияда ўтказиш учун ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўриш бўйича топшириқ берганини айтиб ўтди.

“Бу галги чемпионатда мезбон давлат бўлганимиз учун бизга кўпроқ медаллар олиб келадиган спорт турларини киритишни режалаштирганмиз. Миллий кураш, бокс, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, академик эшкак эшиш, от спорти каби турларни қўймоқчимиз. Аввалги мусобақада 14-ўринни эгаллаган бўлсак, бу чемпионатда 1-ўринни олишни мақсад қилганмиз”, - деди у.

Қайд этилишича, ушбу чемпионатда футбол бўйича 2011 йилда туғилган, гимнастикада 2010 йилда туғилган ва қолган спорт турлари бўйича 2008 йил ҳамда ундан кичик ёшдаги спортчилар қатнашади. 

“Асосий муаммолардан бири - бу ёшдаги спортчилар орасида тизимли равишда мусобақалар ўтказилмаганлиги сабаб терма жамоалар тузилмаган. Шу ёшдаги спортчилар ўртасида 3 босқичда мусобақалар ўтказилиб, терма жамоалар шакллантирилади”, - дея айтиб ўтилди тадбирда.

Маълум қилинишича, терма жамоага саралаб олинган спортчилар тўғридан тўғри имтиҳонсиз Олимпия захиралари коллежига қабул қилинади. Улар 4 йил давомида — 2025 йилгача мақсадли равишда тайёргарлик кўриб боради. Бу мамлакатда ўтадиган Осиё ўйинларида ўз натижаларини бериши айтилди.

Мавзуга оид