Ўзбекистон | 18:45 / 11.01.2021
6126
3 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Иштихондаги қишлоққа бетон симёғоч ўрнатиш бошланди

Жорий йил 9 январ куни Kun.uz сайтида «2020 йилда режага киритилган 30 та симёғоч ва битта трансформатор Иштихонда нега ўрнатилмади? Пандемия яна қачонгача баҳона бўлади?» сарлавҳаси билан мақола эълон қилинган эди. Мақолада Иштихон туманида жойлашган Чайжаул қишлоғи аҳлининг қўлбола симёғоч ва босим остида ишлаётган трансформатор туфайли электр энергияси таъминотида муаммоларга дуч келаётгани ёритилганди.

Бугун «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва Иштихон туман ЭТК мазкур мақолага муносабат билдирди. Ҳар иккала муносабатда Kun.uz сайтида берилган танқидий мақолада берилган важлар ўринли экани, Чайжаул қишлоғида қўлбола симёғочларни темир-бетон устунларга алмаштириш ва янги трансформатор ўрнатиш ишлари пандемия сабабли ортга сурилгани ҳамда айни кунларда ишлар бошлаб юборилгани маълум қилинган. Муносабатда ёзилишича, Чайжаул қишлоғига 30 та темир-бетон устун етказилган.

«Жорий йилнинг 9 январ куни Kun.uz сайтида «2020 йилда режага киритилган 30 та симёғоч ва битта трансформатор Иштихонда нега ўрнатилмади? Пандемия яна қачонгача баҳона бўлади?» сарлавҳали танқидий мақола юзасидан «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ маъмурияти қўйидагиларни маълум қилади:

Ҳақиқатан ҳам Иштихон тумани Чайжавул қишлоғи фуқаролари темир-бетон устунлари ва трансформатор бўйича «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ ва Иштихон туман ҲЭТКга мурожаат қилган. Пандемия туфайли мурожаатда келтирилган муаммони ҳал этиш ишлари қолиб кетган. Kun.uz’да мақола эълон қилингандан сўнг Чайжаул қишлоғига 30 дона темир-бетон устунлари етказилди ва яқин кунларда ўрнатилиши ҳақида маълум қиламиз», дейилади «Самарқанд ҲЭТК» АЖ матбуот хизматининг Kun.uz’га тақдим этган муносабатида.

Иштихон туман ҳокимлиги ахборот хизмати тарқатган хабарда туман ҲЭТК Kun.uz’да берилган танқидий мақоладаги муаммо ечимига киришилганини маълум қилган:

«Иштихон туман «Ҳумо» МФЙ, Чайжаул қишлоғидаги симёғочлар ва трансформатор янгиланиши, 2020-2021 йил давлат дастури режасига киритилган. Ҳозирги кунда Чайжаул қишлоғига 30 дона бетон устунлар олиб келинди. Тез кунда лойиҳа тайёрланиб, шу асосида бетон устунлар ўрнатилади. 2021 йил май ойига қадар трансформатор ўрнатилиб, барча қурилиш ишлари якунига етказилади», дейилади муносабатда.

P.S. Мурожаатчилар билан боғланганимизда улар Чайжаул қишлоғига ҳақиқатан 30 дона темир-бетон устун олиб келинганини тасдиқлашди.

Мавзуга оид