Жамият | 21:09 / 13.01.2021
16888
5 дақиқада ўқилади

Қўқонда 14та мактаб директори ишдан олинди. Бу маълумот жамоатчиликка эълон қилинмаган

9 январ куни Қўқон шаҳридаги 14та умумтаълим мактаблари директори ўз фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун ишдан олинган.

Маълумотларга кўра, уларнинг 9 нафари ўз аризасига кўра лавозимидан бўшатилган бўлса, қолган 5 нафари Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши қарори билан лавозимидан озод этилган. Бироқ ушбу маълумот жамоатчиликдан яширилмоқда.

Kun.uz мухбири Қўқондаги айнан қайси мактабларнинг директорлари ишдан олинганига аниқлик киритиш мақсадида Қўқон шаҳар халқ таълими бўлимида бўлди.

Лекин сайт мухбири мудир Дилфуза Қосимовани ўз иш жойида учрата олмаган. У телефон мулоқоти вақтида гаплаша олмаслиги, кейинроқ қўнғироқ қилишини айтиб, гўшакни ўчирган.

Кейинги куни ҳам мудирни иш жойидан топиб бўлмаган. У бу сафар телефон қўнғироқларини жавобсиз қолдирган.

Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Одилжон Жалолов эса бу муаммони бошқарма бошлиғига етказишини маълум қилган. Шундан сўнг бошқарма матбуот котиби телефон орқали боғланиб, вазиятдан бошқарма бошлиғи Феруза Соҳибовани хабардор қилгани, бошлиқ Қўқон шаҳар Халқ таълими бўлими раҳбари Дилфузахон Қосимовага қўнғироқ қилиб Kun.uz мухбири сўраган барча маълумотларни тақдим этиши бўйича топшириқ берганини билдирган.

Бироқ шундан кейин ҳам Дилфуза Қосимова билан алоқага чиқишнинг ёки у билан кўришишнинг иложи бўлмаган.

Ниҳоят Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси матбуот котиби Одилжон Жалолов Қўқон шаҳар Халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосаридан тегишли маълумотларни олиб, сайт мухбирига тақдим этган.

Унга кўра, Халқ таълими вазирининг 2020 йил 11 декабрдаги 111-сонли буйруғига мувофиқ, Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими ва унинг тасарруфидаги мактабларда вазирнинг ҳуқуқ-назорат хизмати ходимлари томонидан ўқув жараёнини ташкил этилиши, ўқувчилар давомати, ҳужжатлар билан ишлаш ва ижро интизоми ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилган.

Ўрганишлар якуни бўйича, иш фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган қуйидаги мактаб директорлари — 3-мактаб (З.Солиева), 9-мактаб (Ф.Йўлдошева), 10-мактаб (Х.Иноғомова), 12-мактаб (Х.Жанонова), 19-мактаб (Р.Рўзиев), 20-мактаб (О.Низомиддинов), 27-мактаб (Ш.Маҳмудова), 28-мактаб (Ю.Мадаминова), 41-мактаб (Л.Қодирова) директорлари билан ўз ҳоҳишларига кўра Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 97-моддаси 1-бандига асосан меҳнат шартномалари бекор қилинган.

Уларнинг барчаси Қўқон шаҳар ХТБ томонидан таклиф этилган иш ўринларига қабул қилинган.

Қолган 5та умумтаълим мактаблари директорлари эса ўз хоҳишига кўра ариза ёзишдан бош тортиб, вақтинчалик даволаниш таътилига чиқиб кетган. Шу муносабат билан Қўқон шаҳар Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 2-мактаб директори А.Қодиров, 8-мактаб директори М.Муҳиддинова, 17-мактаб директори У.Азимов, 21-мактаб директори Д.Қосимова, 31-мактаб директори Ж.Усмонов Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши қарори ҳамда иш берувчи ташаббуси билан лавозимидан озод этилган.

Kun.uz мухбири Қўқон шаҳар ҳокимлигининг ташкилий назорат гуруҳи билан боғланиб, ушбу маълумотларни қанчалик ҳаққонийлиги билан қизиққан. Бўлим мутахассиси ушбу маълумотларни тасдиқлаган.

«Шаҳардаги мактаблар директорларининг иш фаолияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилмоқда. Куни кеча бўлиб ўтган шаҳар сессиясида 5 нафар мактаб директори маҳаллий кенгаш депутатларининг розилиги билан ишдан олинди.

9 нафар директор ўз хоҳиши билан ариза ёзиб, Қўқон шаҳар Халқ таълими бўлимига топширган, қолган 5 нафари эса фаолиятидаги жиддий ва доимий камчиликларга беэътибор бўлиб, берилган топшириқларни ўз вақтида бажармаган, қолаверса, бир неча марта огоҳлантиришларга қарамай, ишдан бўшаш тўғрисида аризасини ёзмасдан қочиб юрган. Улар сессия қарори билан ишдан олинди», — деди ҳокимлик мутахассиси.

  • Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг ноябрида вазир Шерзод Шерматов бошчилигидаги йиғилишда Қашқадарё вилоятида бирорта битирувчиси ОТМга кирмаган 20та мактаб директори ишдан олинганди. Декабрда эса Навоий вилоятида таълим сифати паст бўлган 26та мактаб директорлари ишдан олингани хабар қилинганди.
  • Маълумот учун, 2019-2020 ўқув йилида Қўқон шаҳрида 2945 нафар (1490 нафари ўғил, 1455 нафари қиз) ўқувчилар 11-синфни битирган. Битирувчилардан 281 нафари (9,5 фоиз) олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган. Шундан 164 нафари ДТМ тест синови ва касбий (ижодий) имтиҳон асосида, 74 нафари Ўзбекистондаги халқаро олий таълим муассасаларига, 43 нафари хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Қўқон шаҳри ушбу кўрсаткич билан вилоятдаги шаҳар ва туманлар ичида 17-ўринда қайд этилган.

Файзулло Султонов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид