Ўзбекистон | 07:54 / 16.01.2021
14768
2 дақиқада ўқилади

Президент сўз эркинлиги ва ташқи сиёсат масалаларига тўхталди

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ҳокимлар, фаоллар ва ёшлар билан учрашувда давлат раҳбари Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатига оид масалаларга ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Оммавий ахборот воситалари очиқлиги бўйича танлаган йўлимиз, сўз эркинлиги бўйича сиёсатимиздан орқага қайтмаймиз. Бу албатта айримларга ёқмайди. Лекин айнан журналистлар, блогерлар жамиятимизда кўпчиликни қийнаётган жиддий муаммолар ҳақида бизни огоҳлантиряпти”, – деди президент.

Тадбир давомида Юнусобод тумани фаолларидан бири томонидан ажримларни камайтириш мақсадида турмушнинг дастлабки йилларида ажрашишни қонун йўли билан тақиқлаш, шунингдек, телеканалларда намойиш этилаётган дастурлардан бирида қизларнинг ўзларини йигитларга тавсия қилиши кўрсатиладиган дастурни тўхтатиш таклифига давлат раҳбари батафсил жавоб қайтарди.

“Албатта, сизни тўғри тушуняпман, фарзандларимиз келажагини ўйлаб шу таклифларни айтяпсиз. Аммо ажримларни қонун йўли билан тўхтатишга уринсак, инсон ҳуқуқлари масаласи ўртага чиқади. Енгил-елпи теледастурларга келсак, уларни тўхтатиб ташлаш мумкин, лекин бу цензура дея баҳоланмайдими? Унинг ўрнига қандай кўрсатув яратилади? Нафақат нодавлат, балки давлат телеканалларида ҳам савиясиз дастурларга кўзим тушади. Биз уларни бутунлай тўхтатиш ҳақида эмас, савиясини ошириш ҳақида ўйлашимиз лозим”, - деди президент.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсат масалаларига ҳам тўхталди.

“Қўшниларимиз билан албатта яхши муносабатда бўлишимиз лозим. Қатор давлатлар раҳбарлари билан мунтазам алоқада бўлиб турибман. Чунки дўстлик ҳар тарафлама фойдали. Биз океанлар бўйида эмасмиз, бозор топиш, иқтисодни ривожлантириш бўйича энг жиддий муаммолардан бири – йўл. Афғонистон орқали Покистонга чиқадиган темирйўл лойиҳасини имзоладик. Бу бизга улкан имкониятлар беради”, – деди президент.

Аввалроқ, президент Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосарига чора кўришни талаб қилгани хабар берилганди

Мавзуга оид