АҚШда эркак бир неча ой аэропортда коронавирусдан яшириниб юрган
АҚШ полицияси ўзи яшайдиган штатда коронавирусга чалинишдан қўрққани сабабли Чикаго (Иллинойс штати) аэропортида 3 ой яшириниб юрган калифорнияликни ҳибсга олди.
36 ёшли Адитя Сингх Чикагога 2020 йил 19 октябрда келган ва ўшандан бери маҳаллий О'Хара аэропортини тарк этмаган. Эркак 16 январда шахсини тасдиқловчи гувоҳномани тақдим қилиш сўралганда қўлга олинган. Сингх текширув вақтида аэропорт ходимларидан бирига тегишли бейжни кўрсатган.
Аниқланишича, эркак она штатида коронавирусга чалинишдан қўрқиб, аэропортда қолишни маъқул топган. Унинг таъкидлашича, у аэропортдаги йўловчилар бўлишган егулик билан кун кечириб юрган. Унга тақдим қилинган давлат адвокатининг таъкидлашича, эркак Лос-Анжелес яқинида яшайди, магистр даражасига эгалиги ва меҳмонхона бизнесини ўрганганига қарамай айни вақтда ҳеч қаерда ишламайди.
Эркак коронавирусдан яшириниш учун нимага айнан Чикаго аэропортини танлагани номаълумлигича қолмоқда.
“Бу баъзи нарсалар кўзимиз олдидан илғанмай ўтиб кетиши мумкинлигини кўрсатади. Аэропортда ҳафталаб сезилмай қолиб кетиш мумкин”, деб изоҳ берган воқеага транспорт бўйича мутахассис Йозеф Швитерман.
Эркакка аэропорт ҳудудига ноқонуний кириш ва мулкни ўғирлаш айблови қўйилган. Сингх аэропорт ходими бейжини ўғирламагани, балки уни топиб олганини айтган.
“Ушбу воқеа тергов қилинмоқда. Бироқ биз ушбу фуқаро аэропорт ва йўловчилар хавфсизлигига таҳдид солмаганини аниқладик. Биз ушбу воқеанинг тергови юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ҳамкасбларимиз билан биргаликда ишламоқдамиз”, деб айтилган Чикаго авиация департаменти баёнотида.
Суд Сингхни 1000 доллар гаров пули эвазига озодликка қўйиб юборган ва унга Чикаго аэропортида яна пайдо бўлишни тақиқлаган. Таъкидланишича, ушбу иш бўйича навбатдаги суд жараёни 27 январда бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
16:28 / 01.11.2024
Зарафшон шаҳри аэропорти фаолияти тикланиши мумкин
07:37 / 26.10.2024
Тошкент аэропорти яқинидаги янги йўл ўтказгич ишга туширилди
00:08 / 20.10.2024
Янги Зеландия аэропортида йўловчилар ва уларни кузатгани чиққанларга 3 дақиқадан ортиқ қучоқлашиш тақиқланди
12:10 / 10.10.2024