Жаҳон | 20:18 / 25.01.2021
64972
3 дақиқада ўқилади

Путин унга тегишли экани айтилган сарой ҳақидаги суриштирувга муносабат билдирди

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин россиялик талабалар билан онлайн мулоқотда қатнашди. Мулоқот давомида талабалардан бири Путинга унинг Геленжикда саройи бор ёки йўқлиги ҳақида савол берди. Олдинроқ мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний Путиннинг Геленжикда саройи борлиги ҳақида деярли икки соатлик суриштирув эълон қилганди. Сиёсатчининг каналидаги бу видео эълон қилинганидан 6 кун ўтиб ҳозиргача 87 миллион мартага яқин кўрилган.

«Фильмни кўрганим йўқ, чунки бунга вақтим йўқ. Бироқ ёрдамчиларим менга олиб кирган видеога кўз югуртирдим. У ерда кўрсатилган нарсаларнинг ҳеч бири менга ёки яқин қариндошларимга тегишли эмас, тегишли бўлмаган ҳам. Видеода тилга олинган баъзи одамларни танийман, лекин баъзиларини умуман танимайман.

Бу маълумот 10 йиллардан буён тарқалади. Агар у рост бўлса, шу вақт мобайнида қандайдир исбот кўзга ташланиши керак-ку, тўғрими? Шунчаки, ҳозир бу маълумотни эълон қилиш учун қулай имконият деб ўйлашди-да, одамларнинг бошини қотиришди. Видеода менинг баттерфлай усулида сузаётганимни ҳам кўрсатишибди. Ҳа, мен шундай сузганман, лекин видеодаги умримда кўрмаган бассейнда эмас, 2016 йил Енисейда.

Видеода вино ишлаб чиқариш ҳақида ҳам гапиришибди. Биласизми, бу қизиқ ғоя. Виночилик яхши иш ва мен у билан шуғулланган бўлардим. Лекин тадбиркорлик билан шуғулланиш менга тўғри келмайди. Бизнес мени ҳеч қачон қизиқтирмаган. Бу яхши иш, маоши яхши, у орқали иқтисодиётга фойда келтириш, янги ишчи ўринлари яратиш мумкин, лекин бу иш мен учун эмас. Ваҳоланки, ҳамкасбларим орасида тадбиркорлик билан шуғулланганлар бор. Масалан, Трамп таниқли тадбиркор. Ёки бўлмаса, Пётр Порошенко. У президентлик даврида ҳам офшор компанияларга пул ўтказиб, тадбиркорлик қилишда давом этганди. Яна такрорлайман, мен бу иш билан ҳеч қачон шуғулланмаганман», деб якунлаган Путин берилган саволга жавобини.

Алексей Навальнийнинг каналида 19 январ куни эълон қилинган суриштирувда айтилишича, Краснодар ўлкасидаги Геленжик ҳудудида Путин учун бир неча йилдан буён сарой қурилмоқда ва у учун аллақачон 1 миллиард доллар сарфланган. Навальний суриштирув эълон қилинишидан бир кун аввал Россияга қайтган ва шу заҳоти ҳибсга олинганди.

Мавзуга оид