Ўзбекистон | 21:49 / 26.01.2021
8310
3 дақиқада ўқилади

«Ҳудудий электр тармоқлари»: АСКУЭни жорий қилишдаги муаммолар вақтинча

Истеъмолчи тўловлари фақат сарф этилган электр энергияси учун ҳисобланади, дейилади компания изоҳида.

Фото: "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ

Kun.uz 26 январь куни «Пул тўланганда дарҳол ёнмаётган «свет» ва ошиқча тўловлар: АСКУЭ тизимида нима муаммо?» сарлавҳали мақола эълон қилди.

Мақолада Ўзбекистон бўйлаб жорий этилаётган «электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими» (АСКУЭ) билан боғлиқ истеъмолчилар дуч келаётган муаммолар ҳақида сўз боради.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мақолага муносабат билдирди.

«АСКУЭга уланган истеъмолчилар қарздорлиги мавжуд бўлганда тармоқдан автомат равишда узилади ва тўловларни амалга ошириб, мавжуд қарздорлигини сўндиргандан кейин тармоққа қайта автомат равишда уланади», – дея таъкидланган компания баёнотида.

Қайд этилишича, истеъмолчиларга ўрнатилаётган ҳисоблагичлардан олинадиган барча маълумотлар онлайн равишда амалга оширилади.

«Истеъмолчилар улардаги мавжуд ҳисоблагичларни янгисига алмаштирилганда эски ҳисоблагичнинг ечилган вақтдаги кўрсаткичи бўйича ўзининг электр энергиясидан қарздорлигига аниқлик киритиб олишлари лозим. Янги ҳисоблагич ўрнатилгач, онлайн «биллинг» тизимига боғланиш маълум вақт талаб этиши мумкин. Бу орада ўрнатилган янги ҳисоблагич тизимга улангунга қадар истеъмол қилган электр энергияси миқдорини ҳисоблаб боради.

Истеъмолчининг ҳисоблагичи АСКУЭга улангандан сўнг унинг ҳисоблагичдаги мавжуд электр энергияси миқдори ҳамда аввалги ҳисоблагичидан қолган қарздорлиги мавжуд бўлганда, иккаласи умумлаштирилиб ҳисоб-китоблар амалга оширилади. Бундай ҳолатларда истеъмолчи тўлов амалга оширган бўлса ҳам гўёки қисқа муддат, яъни 2–3 кунда барча пулларини ечиб олинаётгандай бўлади. Аслида, истеъмолчи аввалги ҳисоблагичидан қолган ёки янги ҳисоблагичда йиғилиб қолган қарздорлиги бўйича тўловларни тўлиқ амалга оширмаган бўлади.

Ҳозирги кунда истеъмолчилар электр энергияси учун тўловларни республикамиздаги барча тижорат банклари, уларнинг мобил иловалари ҳамда барча мавжуд тўлов тизимлари орқали амалга оширишлари мумкин.

Бунда истеъмолчилардан тўлов амалга ошириш жараёнида ҳушёрликни ошириш сўралади. Хусусан, иловалар орқали тўлов амалга оширилганда эътибор қаратадиган жиҳати, электр энергияси учун тўловнинг тури бўлиб, бу жуда ҳам содда кўринишда белгилаб қўйилган «тўлов тури», яъни электр энергияси учун ёки пеня учунлиги танлаб олинади. Бу имконият истеъмолчилар учун қулайлик яратиш мақсадида тўлов тизимлари томонидан яратилган», – дейилади ҲЭТ ахборотида.

Таъкидланишича, АСКУЭ тизимини жорий этишни тўлиқ ниҳоясига етказиш учун белгиланган муддатлар бор. Шу жиҳатдан тизим тўлиқ фаолият юритиши учун ҳозирги вақтда маълум техник камчиликлар вужудга келиши табиий.

«Шу ўринда электр энергияси истеьмолчиларига мазкур тизим автоматик тарзда қарздор истеьмолчиларни тармоқдан ажратишини ҳисобга олган ҳолда, фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишлари кераклигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз», – дейилган «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ расмий муносабатида.

Мавзуга оид