Ўзбекистон | 17:39 / 31.01.2021
25029
5 дақиқада ўқилади

Юмшатиш (“ь”) белгили сўзларнинг лотин алифбосидаги имлоси: нозик нуқталар

Кирилл алифбосидаги юмшатиш (ь) белгиси қатнашган бир қатор сўзларнинг ўзбек-лотин алифбосида қандай ёзилиши – мунозарали мавзулардан бири. Филология фанлари номзоди Равшан Жомоновнинг навбатдаги видеодарси шу ҳақда. 

Аслида, ўзбек тилида юмшоқлик ва қаттиқлик ҳодисаси мавжуд эмас. Бу рус ва бошқа тилларга хос ҳисобланади. Лекин 1940 йилдан буён анчагина сўзлар рус тилида қандай берилса, шу тақлидда ёзиб келдик. Ваҳоланки, бу белги ўзбеклар нутқида бирор-бир маъно ажратиш хусусиятига эга эмас. Илмий тилда айтганда, фонологик вазифа бажармайди.

Лекин биз уларни ёзишга мажбурмиз. Чунки кирилл ёзуви бўйича имло қоидалари охирги марта 1956 йилда тасдиқланган ва ўша қоидалар асосида ёзиб келамиз.

Ёзувлар транслитерация жараёнида вужудга келадиган ҳолатларнинг баъзилари билан қуйида танишиб чиқамиз.

1) Сентябрь – sentabr, альбом – albom

Бу каби ҳолатларда юмшатиш (ь) белгиси ўзбекча талаффузда аҳамиятсиз бўлгани учун тушириб қолдирилади.

Агар фоиз ҳисобида олсак, юмшатиш белгили сўзларнинг тахминан 70 фоизи шу қоидага тушади ва ўзбек-лотин алифбосида тушириб қолдирилади.

2) Бульон – bulyon, сеньор – senyor, павильон – pavilyon, медальон – medalyon

Бу каби мисолларда ўзига хос ўринлар бор. Бульон, сеньор, павильон, медальон каби сўзлар талаффузига эътибор берилса, кўп йиллардан бери бу ўринда бир “й” товушини қўшиб bulyon тарзида айтиб келамиз, лекин биринчи марта ўқиган одам “й”ни айтмайди. Натижада тилимизга ўрнашган талаффуз лотин ёзувига транслитерация қилинади: bulyon. Бу тарзда ўгириладиган сўзлар ҳам анчагина.

Кўпчиликда ўзбек лотин алифбосида ўзлаштирилган европача сўзларни ифодалаш қийин ёки мумкин эмас, деган иддаолар бор. Ёзув амалиёти шуни кўрсатадики, ўзбек лотин алифбоси кириллга нисбатан график жиҳатдан катта имкониятларга эга. Масалан:

3) Васильев – Vasilyev, Игнатьев – Ignatyev

Юртдошларимиз орасида Васильев, Игнатьев каби фамилияли инсонлар учрайди. Бу сўзлардаги сўз ўртасида келган юмшатиш (ь) белгиси тушиб қолса, ундан кейин келган “ев” ҳарфлари “ev”, фамилия эса “Vasilev” тарзида хато ўқилишига олиб келади. “Ь” белгиси вазифасини инобатга олиб, бу каби сўзларни ўзбек-лотин имлосида Vasilyev, Ignatyev кўринишида ёзиш мақсадга мувофиқ.

4) Ильин – Il’in, Ильич – Il’ich

Юртдошларимиз орасида Ильин, Ильич каби ота исмига эга кишилар бор. Шу ва шунга ўхшаш сўзларни ўзбек-лотин ёзувига транслитерация қилаётганда юмшатиш белгисини шунчаки тушириб қолдириб бўлмайди. Чунки “ь” белгисининг бу ердаги вазифаси – “л”ни юмшоқроқ қилиш билан бирга, ундан кейинги товушдан ажратиб талаффуз қилинишини кўрсатишдир.

Бизда худди шу функцияни бажарадиган тутуқ белгиси бор. Шунинг учун бу сўзларни ўзбек-лотин ёзуви имкониятларидан келиб чиқиб, ўзбекона талаффузда Il’in, Il’ich тарзида ёзиш керак.

Бу сўзларни алоҳида таъкидлашимиз сабаби шундаки, биз фуқароларимизга туғилганлик тўғрисида гувоҳномалар бераётганда ва кейинги барча ҳужжатларда тўғрилаб ёзишимиз керак. Бундай нозик нуқталар ҳисобга олинса, хатоликлар камаяди.

Фуқаролик ҳуқуқини расмийлаштирадиган идоралар, ички ишлар органлари ва бошқа жойларга юқоридаги каби ва бошқача исм-шарифларни ифодаловчи сўзларнинг кирилл ва лотин ёзувидаги шаклларини маълумотнома тарзида бериш керак. Акс ҳолда, хато устига хато давом этади.

Албатта, бу қоидалар имло қоидалар тарзида ишлаб чиқилиши, муҳокамадан ўтказилиши ва кейин халққа тавсия этилиши мақсадга мувофиқ.

Юмшатиш (“ь”) белгили сўзлар имлосига доир яна айрим жиҳатлар ҳақида кейинги видеодарсда маълумот берилади.

Йигитали Маҳмудов ёзиб олди
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид