Путин Давос виртуал минбаридан ўз рақибларига билвосита жавоб қайтарди
Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 2021 йил 25-29 январ кунлари онлайн тарзда ўтказилган «XXI аср учун Давос кун тартиби» Жаҳон иқтисодий анжуманида катта дастурий нутқи билан иштирок этди. Бундан аввал, Путин Давосда ҳамкасби Дмитрий Медведев билан рокировка қилиниб, бош вазир бўлиб турган пайтида, яъни 12 йил муқаддам 2009 йилда иштирок этган эди.
Давос денгиз сатҳидан 1,560 метр баландликда жойлашган Альп тоғларидаги баҳаво чанғи учиш дам олиш курорт маскани, Швейцариянинг ўзига хос «Амирсой-Чимёни» ҳисобланади. Давос иқтисодий форуми анъанавий равишда ҳар йили январ ойининг охирларида бўлиб ўтади. Унда жаҳонда кўзга кўринган сиёсий ва иқтисодий соҳа вакиллари ҳамда журналистлар таклифнома асосида иштирок этишади.
Илк бор анжуман 1971 йилда ўтказилиб, унга анжуманнинг асосчиси, немис иқтисодчи олими Клаус Шваб доимий ўзгармас раҳбарлик қилиб келмоқда. Шваб ва Путин бир-бирларини 1992 йилдан бери танишади. Бу ҳақда Путин ўз нутқи бошида эътироф этди. Халқаро санкция ва сазойи сўзлар остида қолаётган Москва учун виртуал бўлса-да, ўз мавқейини баралла айтиш учун шундай жаҳон супаси имконияти пайдо бўлиши айни муддао бўлди. Курсисига кўпроқ ортга суянган ҳолатда, гўё ҳафсаласиздек кўринган, 40 дақиқача давом этган ўз маърузасида Путин халқаро сиёсий муҳитидаги мавжуд зиддиятлар яқин истиқболда янада таранглашиши мумкинлигидан жаҳон ҳамжамиятини огоҳлантирди.
Унинг фикрича, албатта тарихда бевосита параллеллар мавжуд бўлмайди, аммо айрим мутахассисларнинг жорий вазиятни 1930-йилга қиёслашларида жон бордек. Бундан ташқари, коронавирус пандемияси дунёда тўпланган номутаносибликни кучайтириб юборган. Кўп жиҳатдан, муаммолар ва юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларнинг миқёси, мураккаб тизимли хусусияти қалтис паллада турган ўхшашликларга мос келмайди дейиш қийин.
Бунга туб сабаб иқтисодий ривожланишнинг аввалги модел ва воситаларининг таназзули асносида ҳам глобал, ҳам алоҳида мамлакатларда кузатилаётган ўткир ижтимоий табақаланишдир. Бу ўз навбатида ижтимоий нуқтаи назарларнинг кескин қутблашишига туртки ясаб, ички сиёсий жараёнлар, шу жумладан саноати ривожланган етакчи мамлакатларда ҳам қуруқ сафсатабозлик, ўнг, сўл ва бошқа мутаассибчиликнинг авж олиб, кучайиб боришидир. Бу пировард натижада буларнинг барчаси халқаро муносабатларнинг табиатига таъсир қилмай қолмайди, беқарорлик ва олдиндан башорат қилиш имкониятининг йўқлиги масаласи баттар ёмонлашади.
Путинга кўра, ҳозирда халқаро ташкилот ва муассасаларнинг заифлашуви кузатилмоқда, минтақавий можаролар ортиб бормоқда ҳамда бутунжаҳон хавфсизлик тизими бўҳрон каби ичидан зил кетмоқда. Маълумки, ХХ асрда шу сингари муаммоларга моҳиятан ечим топишга қодир ва тайёр бўлмаслик башарият фалокатини келтириб чиқарган Иккинчи жаҳон урушига етаклаган, деб сергакликка чақирди Путин.
Албатта, энди бу каби жаҳоншумул кескин зиддият содир бўлмаслигига Путин катта умид боғлайди, чунки у тамаддуннинг мутлақ адо бўлиши мумкинлигини англатган бўлар эди. Барибир дунё тараққиётининг ҳақиқатан издан чиқиш воқеълигига дуч келиш эҳтимоли йўқ эмас, бундай тақдирда ҳамма ҳаммага қарши курашади, аллақачон бошқа сабаблар боис пишиб етилган қарама-қаршиликларга ечим топиш учун айб «ички» ва «ташқи» душманларга тўнкарилади. Шу муносабат билан Россия давлат раҳбари дунё ҳамжамияти олдида турган муаммоларни қуйидаги учта асосий тезис шаклида илгари сурди. Булар,
1. Социал-иқтисодий чақириқлар. Глобаллашув ва ички ўсиш ривожланаётган мамлакатларнинг кучли ўсишига олиб келиб, бир миллиарддан ортиқ кишини қашшоқликдан чиқишига хизмат қилди. Агар бир киши бошига суткасига 5,5 доллар даромад даражаси олинадиган бўлса, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Хитойда кам даромадли аҳоли сони 1990 йилдаги 1,1 миллиарддан охирги йилларда 300 миллионгача қисқарган. Россияда эса бу кўрсаткич 1999 йилдаги 64 миллион кишидан ҳозирги кунда тақрибан 5 миллион кишига тушган.
Ривожланаётган мамлакатлар глобализациядан кўп манфаат кўрди. Ривожланган мамлакатларда эса табақаланиш муаммолари янада чуқурроқ илдиз отди. АҚШда кунига 5,5 доллардан кам даромад топувчилар 2000 йилда 3,6 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2016 йилга келиб бу кўрсаткич 5,6 миллион кишини ташкил этган, Европанинг йирик иқтисодларида ҳам вазият Қўшма Штатлардаги каби кўриниш касб этади. Глобаллашув йирик трансмиллий, биринчи навбатда Америка ва Европа компанияларининг сезиларли ўсишига олиб келган. Хўш, асосий даромад кимнинг киссасида қолди? Жавоб оддий – аҳолининг атиги бир фоизига. Сўнгги 30 йил ичида қатор ривожланган мамлакатларда фуқароларнинг ярмидан кўпининг даромадлари реал равишда турғунлашди. Лекин таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларининг нархи уч карра ошди. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра, 2019 йилда дунёдаги 21 фоиз ёки 267 миллион ёшлар на ўқиган ва на ишлаган.
Коронавирус пандемияси бу муаммоларни янада кучайтирган. Ўтган йили глобал иқтисодиётнинг пасайиши Иккинчи жаҳон урушидан сўнг энг катта пасайиш бўлган – 250 млн. кишилик иш ўринлари йўқотилган. 2020 йилнинг январ-сентябр ойларида дунё бўйлаб меҳнат даромадларининг йўқотилиши 3,5 триллион долларга тенг бўлган. Ва бу кўрсаткич жамиятдаги ижтимоий кескинликни янада кучайтиради, инқироздан чиқиш ва тикланиш осон кечмайди.
2. Ижтимоий-сиёсий чақириқлар. Иқтисодий муаммолар ва тенгсизликнинг ўсиши жамиятни парчалаб, ижтимоий, ирқий ва миллий тоқатсизликни келтириб чиқаради. Тизимли социал-иқтисодий муаммолар ижтимоий норозиликка сабаб бўлиб, бу муаммоларнинг моҳиятан ҳал қилинишини тақозо этади. Уларни бепарволик билан писанда қилмаслик ё бурчакка ҳайдаш хатарли сароб ҳисобланиб, жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бунда жамият ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий жиҳатдан пароканда бўлади.
Аслида одамлар норозилигининг туб сабаблари баъзи тахминий нарсаларга асосланмайди. Улар ҳар қандай сиёсий қарашларга эга бўлишларидан қатъий назар, уларнинг норозиликларини келтириб чиқарувчи реал муаммоларга ечим топиш даркор. Жамият ҳаётида ниҳоятда йирик замонавий технологияга асосланган рақамли корпорацияларнинг ўрни тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Улар энди амалда муайян йўналишларда бутун бошли давлатлар билан тенгма-тенг беллаша оладилар. Уларнинг аудиторияси миллиардлаб фойдаланувчилар билан ўлчанади. Мазкур компанияларнинг монопол ҳолати жамоат манфаатларига нақадар уйғун келади? Хизматлари зарур бўлган жаҳон даражасидаги муваффақиятли тадбиркорлик билан мислсиз маълумотлар базасини бир тутамга тўплаб, уни ўз хоҳишларига кўра қўпол равишда жамиятни бошқариш, легитим ҳукуматларни ағдариш, ўз иродаларини эркин изҳор этиш каби инсонларнинг табиий ҳуқуқларига хўжайинлик қилиш ва уни чеклашга бўлган уринишлар ўртасидаги сарҳад-чегара ўзи қаерда?
3. Халқаро муаммоларнинг кескинлашуви чақириғи. XXI асрнинг кириб келган янги учинчи ўн йиллиги мобайнида дуч келишимиз мумкин бўлган таҳдид – барча халқаро муаммоларнинг янада кучайишидир. Ечимини топмаган ва ошиб-тошиб бораётган ички муаммо ва барча кулфатлар тугунини бошқаларга тўнкаш, ўз фуқароларининг ғазаби ва норозиликларини тегишли жойга йўналтиришга ундаши мумкин. Биз буни аллақачон кўриб, сезиб турибмиз – айрим мамлакатлар ташқи сиёсатида тарғиботча сўзамоллик даражаси кучайиб бормоқда. Амалий ҳаракатларнинг табиати янада тажовузкор бўлишини кутиш мумкин. Уларга итоаткор, осон бошқарилувчи иттифоқдош давлат ролига рози бўлмаган мамлакатларга нисбатан босим ўтказиш, савдога тўсқинлик қилиш воситаларидан фойдаланиш, асоссиз санкциялар ҳамда молиявий, технологик ва ахборот соҳаларини чеклаш ва ҳ.к. чоралар киради. Бу каби қоидасиз ўйин ҳарбий кучни уйдирма баҳоналар билан бир томонлама қўллаш хавфини кескин оширади. Бу эса сайёрамизда янги қайноқ нуқталар пайдо бўлиш эҳтимолини оширади. Буларнинг барчаси эса бизни хавотирга солмасдан қўймайди.
Путиннинг Давосдаги нутқида кўтарилган мавзуларни кундан-кунга маҳаллий ва халқаро даражада катта босим остида қолаётган Россиянинг ташқи ва ички сиёсати билан боғлиқ масалаларга нисбатан Москва нуқтаи назарини етказиш, ушбу онлайн минбар орқали билвосита ўз рақибларига йўллаган ўзига хос жавоби, деб баҳолаш мумкин.
Чунки, мазкур нутқдан бир кун аввал Путин Жо Байден билан телефон орқали мулоқот қилган эди. Афтидан Москванинг Жо Байден бошлиқ АҚШ демократлар маъмурияти билан келгуси 4 йил мобайнидаги муносабатлари анча оғир ва мураккаб кечадиган кўринади. 26 январда Оқ уй томонидан эълон қилинган пресс-релизда Жозеф Байден Россия президенти билан ўзаро Стратегик ҳужум аслаҳаларини қисқартириш шартномасини келгуси 5 йиллик муддатга узайтиришга келишиб олишгани маълум қилинган.
Шунингдек, америка томони Украина суверенитетини қатъий қўллаб-қувватлашини билдириб, АҚШнинг юзлаб вазирлик ва давлат идоралари маълумотлари бой берилган SolarWinds йирик ҳакерлик ҳужуми, гўё Афғонистонда АҚШ аскарларининг «ё ҳаёт, ё мамоти» учун жорий этган мукофоти, 2020 йилги АҚШ сайловларига кибер аралашуви, Алексей Навальнийнинг заҳарланиши каби Вашингтон учун ташвишли бўлган масалаларда Россияга нисбатан ўз даъволарини баён этган. Вашингтон ва унинг иттифоқчиларига зиён етказувчи ҳар қандай ҳаракатларга жавобан Қўшма Штатлар ўз миллий манфаатларини қатъий ҳимоя қилажагини Байден таъкидлаган.
Қизиқ томони, Кремль вебсаҳифасидаги ушбу телефон қўнғироғи тўғрисидаги хабарда бу масалалар муҳокама қилингани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Аммо Оқ уй ахборотида ҳам зикр этилмаган пандемия соҳасидаги ҳамкорлик, АҚШнинг Очиқ осмон шартномасидан бир томонлама чиқиб кетиши, Эрон ядровий дастури ва БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларининг юқори даражадаги учрашувини ўтказиш масалаларига оид фикр алмашилгани Россия президенти матбуот котибияти хабарида қайд этилган.
Путиннинг жамоатчилик учун умумий маърузасидан сўнг маълум танаффусдан кейин у билан тор доирада савол-жавоблардан иборат мулоқот қисми ҳам давом этган, аммо унинг мазмуни очиқ манбаларда мавжуд эмас. Путин нутқи Россия ва хорижий телеканаллар орқали, шу жумладан YouTube’да ҳам эфирга узатилди.
Аввалроқ, балки спортдан бироз безибми, сиёсий фаолиятга ўзини урган шахмат бўйича кўп карра жаҳон чемпиони Гарри Каспаров ўзининг Твиттер аккаунтида Путиннинг Давосда чиқиши «унинг шафқатсиз қатағонига қарамай, Ғарбда ҳали ҳам қабул қилинувчи шахс эканлигига ўз тарафдорларини инонтиришга бўлган уринишдир», деб муносабат билдирган. Россия бўйлаб юз минглаб кишиларни жунбушга келтирган Алексей Навальнийнинг компьютер графикаси ёрдамида суратга олган «сарой» фильмини «Ютуб»да ўн кун ичида 103 миллиондан ортиқ киши томоша қилган. Навальнийнинг заҳарланиши ва панжара ортига ташланиш эпизодлари В.Путиннинг Давосдаги нутқидаги сўзлари салмоғини анча пасайтириб қўйиш эҳтимоли йўқ эмас.
Пандемия даврининг айрим ижобий жиҳатларидан бири аввал киборлиларгина очиқ бўлган тадбирларни истаган фуқаро, дунёнинг истаган чеккасидан туриб кузатса бўладиган оддий ҳолатга айлантирган. Бу эса давлат ва жамоат арбобларидан ҳар бир каломларини катта масъулият ва жавобгарлик билан айтишни тақозо этади.
Ислом Каримов ҳам мустақилликнинг илк йиллари Давос анжуманларининг 1992 йил 2 февраль, 1993 йил 28 январь, 1994 йил 27-31 январь, 1995 йил 27 январь-1 февраль кунларидаги бўлиб ўтган учрашувлари азиз меҳмони бўлган. 1992 йилги МДҲ давлатларидан қатнашган Арманистон, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Украина, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат раҳбарлари иштирокидаги «Янги шериклар» номли хос шўъбасига АҚШ собиқ давлат котиби ва халқаро муносабатлари бўйича етакчи мутахассиси Генри Киссинжер раислик қилган. 2021 йилги Давос учрашуви доирасидаги давлат ва жамоат арбобларининг ҳақиқий юзма-юз учрашувлари Сингапурда шу йили ўтказилиши режалаштирилган.
Забихулла Саипов
сиёсий фанлар номзоди, мустақил тадқиқотчи
Мавзуга оид
23:01 / 21.11.2024
Путин Днепрга «Орешник» баллистик ракетаси ёрдамида зарба берилганини маълум қилди
20:56 / 21.11.2024
Путин Пхенян ҳайвонот боғига шер ва иккита айиқ совға қилди
11:15 / 21.11.2024
Путин Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр — Reuters
09:28 / 21.11.2024