Ўзбекистон | 11:16 / 07.02.2021
79756
2 дақиқада ўқилади

Президентнинг Фарғона шаҳридаги маҳаллага кутилмаган ташрифидан кейин шаҳар «тўртлиги» ишдан кетди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона шаҳридаги маҳаллалардан бирига кутилмаган ташрифи ортидан шаҳар ҳокими, прокурор, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва солиқ инспекцияси раҳбари ўз лавозимларидан озод этилди.

Секторлар ишини тизимли ташкил этмагани ва йўл қўйилган камчиликлар учун Фарғона шаҳрининг 4та сектор раҳбари: ҳоким Ҳамид Ҳабибидинов, прокурор Атҳам Маматалиев, ички ишлар бўлими бошлиғи Шавкат Дадахонов ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Воҳиджон Бобобеков ўз лавозимларини йўқотишди.

Президент Шавкат Мирзиёев 5 феврал куни Фарғона вилоятига сафари доирасида Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалласига кутилмаган ташриф билан келганди. У кўчаларни пиёда кезиб, аҳоли вакиллари билан учрашган, уларнинг турмуш тарзи билан қизиққан, маҳалладаги муаммолар ҳақида сўраганди. Kun.uz манбаси хабар қилишича, ташриф якунида президент сектор раҳбарлари фаолиятидан қониқиш билдирмаган.

Ҳамиджон Исмаилович Ҳабибиддинов муқаддам Давлат солиқ қўмитасида турли лавозимларда, хусусан, Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармаси раҳбари сифатида ишлаган, 2018 йил октябрида Шавкат Эркабоев ўрнига Фарғона шаҳри ҳокими лавозимига тайинланганди.

Ҳамид Ҳабибиддинов (чапда)

Kun.uz манбасига кўра, 2018 йил сентябридан буён Наманган вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Адҳамжон Тиллаволдиев Фарғона шаҳар ҳокими лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

Бундан аввалроқ, президентнинг Фарғонага сафари вақтида Қува туманида ҳам тўрт сектор раҳбарлари ишдан олинган, Ўзбекистон туманида ҳоким ва прокурор, Ёзёвон туманида ҳоким вазифасидан озод қилинганди.

Мавзуга оид