Ўзбекистон | 17:03 / 12.02.2021
5108
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон энергетика бозори регулятори ташкил этилади

Республикада электр энергияси ва табиий газ бозорини тартибга солувчи, лицензиялаш ва назорат қилиш функцияларини бажарувчи, ҳукумат таркибига кирмайдиган, президент ва Олий Мажлисга ҳисобдор орган – Энергетика бозори регулятори ташкил этилиши белгиланмоқда.

Фото: Илья Питалев

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан 2021 йил IV чорагига қадар электр энергияси ва табиий газнинг рақобатли бозорини тартибга солиш, лицензиялаш ва назорат қилиш функцияларини амалга оширадиган, ҳукумат таркибига кирмайдиган, президент ва Олий Мажлисга ҳисобдор орган – Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозори регулятори ташкил этилиши белгиланмоқда.

Қарор лойиҳасида қуйидагилар регуляторнинг асосий вазифалари экани келтирилади:

  • энергетика соҳасида давлат улушини камайтириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш ҳамда энг яхши таклифлар ва энг замонавий технологияларни жалб қилиш орқали электр энергиясини якуний истеъмолчиларга етказиб бериш нархларининг асоссиз ошишининг олдини олиш;
  • энергетика соҳасида рақобатли бозорни шакллантиришни ташкиллаштириш, барча иштирокчилар учун тенг ҳуқуқлар ва шаффофликни таъминловчи бозор қонун-қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда барча бозор иштирокчилари томонидан мазкур қонун-қоидаларга риоя этилиши устидан доимий назоратни ўрнатиш;
  • электр энергияси тарифларини шакллантиришда аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишга оид нормаларни жорий этиш;
  • асосий қурилмалари маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг технологияларидан ташкил топган электр станцияларни рағбатлантирувчи механизмни жорий этиш;
  • халқаро бизнес амалиётига мувофиқ, табиий ва суюлтирилган газ савдосини эркинлаштириш ва хизматлар сифатини яхшилаш;
  • мамлакат ичида суюлтирилган газ ташиш ва тарқатиш хизматлари учун иқтисодий асосга эга бўлган алоҳида тўланадиган тарифларни белгилаш.

Лойиҳада регулятор раиси мақомига кўра вазирга ҳамда раис ўринбосари вазир ўринбосарига тенглаштирилиши тасдиқланмоқда.

Регуляторнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий экани қайд этилган.

Ташкилот фаолияти лицензиялаш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Хусусан, 2022 йилдан бошлаб лицензиялаш фаолиятидан тушадиган маблағларнинг барчаси регулятор бюджетини шакллантириш манбаси бўлади.

Шунингдек, ҳужжат билан «Uzpowertrade» АЖни ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Унинг асосий вазифалари этиб:

  • «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг электр энергияси марказий харид қилувчиси функциясини магистрал электр тармоқларини эксплуатация қилиш функциясидан ажратиш мақсадида электр энергиясини экспорт ва импорт қилиш;
  • электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, шу жумладан хусусий капитал иштирокидаги корхоналардан электр энергиясини марказий харид қилувчи функциясини бажариш орқали қисқа ва узоқ муддатли шартномалар асосида харид қилиш;
  • электр энергиясини тўғридан тўғри шартномалар асосида ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига, кейинчалик эса биржа савдолари асосидаги улгуржи бозорда сотиш белгиланмоқда.

Қарор лойиҳасида белгиланишича, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»нинг электр энергиясини харид қилиш ва сотиш шартномалари, дебитор ва кредитор қарздорликлари «Uzpowertrade» АЖ тасарруфига ўтади.

Янгидан ташкил этиладиган «Uzpowertrade» АЖнинг устав капиталини шакллантириш ташкилотнинг устав капиталига қўшилаётган мулкнинг баланс қиймати бўйича амалга оширилади, кейинчалик мазкур мулкнинг баланс ва бозор қийматлари ўртасидаги тафовут унинг устав капиталига киритилади.

Шу билан бирга, «Ўзэнергосозлаш» МЧЖ, «Ўзбекэнерготаъмир» АЖ ва «Ўзэнерготаъминлаш» АЖ корхоналарини бирлаштириш орқали «Uzenergoservice» МЧЖ шаклидаги янги сервис корхонаси ташкил этилади.

Иссиқлик электр станцияларидаги таъминот, таъмир ва созлаш ишларини бажарадиган малакали мутахассисларни янги тузиладиган сервис корхонасига ўтказиш орқали электр станциялардаги ходимлар сонини оптималлаштириш белгиланмоқда.

Қайд этилишича, сервис корхонаси электр станцияларда барча турдаги таъмирлаш ва созлаш ишларини белгиланган тартибда «тайёр ҳолда топшириш» шартларига кўра амалга оширади ва бажарган ишлари учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади.

Ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 27 февралга қадар давом этади. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид