Light | 15:48 / 15.02.2021
132471
7 дақиқада ўқилади

Аксарият ўсмирлар дарди ва фойдасиз муолажалар — ҳуснбузарларнинг кўпчиликка номаълум сабаблари

85 фоизга яқин ўсмир ёшдагилар ва баъзан ўсмир ёшдан ўтганлар ҳам ҳуснбузардан азият чекади. Гормонлар меъёри бузилиши, газли ичимликлар, ширинликлар, хлорли сув, ички касалликлар юздаги тошмаларга сабаб бўлади.

Фото: iStock

Юз териси парваришини қачондан бошлаш кераклиги, терида пайдо бўладиган ҳуснбузар, тошмалар сабаби, улардан қоладиган доғлар ва даволаш усуллари ҳақида Kun.uz мухбири тажрибали дерматолог-косметолог Саида Исамуҳаммедова билан суҳбатлашди.

Ҳуснбузарлар ирсий йўл билан ҳам ўтади

Ҳуснбузарнинг терига тошиш даври 2га бўлинади. Биринчиси ўсмирлик давридаги ҳуснбузар – 14 ёшгача чиқиб, аксарият ҳолларда 1-2 йилда ўтиб кетади. Иккинчиси – 25 ёшдан кейин бошланади ва бу кечки ҳуснбузар касаллиги ҳисобланади. Иккала даврда ҳам унинг пайдо бўлиш сабаблари аниқланиб муолажа қилинмаса, ҳуснбузарлар ўрнида доғлар қолиб кетиши мумкин.

Ҳуснбузарлар асосан ирсий йўл билан ўтади. Дейлик, ота-онадан бирининг ёшлигида ҳуснбузар бўлган бўлса, бу касаллик фарзандларининг биттасига ўтиши мумкин. Aгар ота-онанинг иккиси ҳам бу касалликдан азият чеккан бўлса, фарзандларининг барчасига ҳуснбузар тошиш эҳтимоли бор. Эътибор қилинмаса, улар 30 ёшдан кейин ҳам юзда қолиб кетиши мумкин.

Гормонлар меъёри бузилиши, газли ичимликлар, хлорли сув юздаги тошмаларга сабаб бўлади

Гормонлар ўзгарганда ёки уларнинг мутаносиблиги бузилганда, эндокринологик ва гинекологик касалликлар пайдо бўлганда, овқатланиш тартиби бузилиб, кўп миқдорда газли ичимликлар ва енгил углеводларга бой маҳсулотлар истеъмол қилинганда ҳам юзга тошма ва ҳуснбузарлар тошиши мумкин. Ҳаммада ҳам юқоридаги маҳсулотларни истеъмол қилганда ҳуснбузар тошмайди. Баъзи организмлар учун оқсиллар ортиқчалик қилиб, юзга тошмалар тошиб ўзини маълум қилади. Шу билан бирга, тошмалар ички организмда пайдо бўлган касаллик билан ҳам боғлиқ бўлади. Масалан, ошқозон-ичак касалликлари ва қабзият безовта қиладиган беморларда ҳам ҳуснбузар тошади.

Одатда ҳавода намлик баланд ҳудудларда яшайдиган кишилар ҳуснбузардан азият чекмайди. Қуруқ иқлим минтақада яшайдиганларни бу касаллик кўпроқ безовта қилади.

Шунингдек, таркибида хлори кўп бўлган сув ичиш ёки ювиниш учун фойдаланиш ҳам юздаги тошмаларга сабаб бўлиши мумкин. Хлорли сув юзни қуритади, натижада ёғ безлари керагидан ортиқ фаоллашиб, юзда ҳуснбузарлар кўпайиб бораверади. 

Ҳуснбузарни даволашда қон таҳлили, гормонлар меъёрини текшириш муҳим

Теридаги доимий тошма ёки ҳуснбузарларнинг келиб чиқиш сабабини аниқламасдан муолажа қилиш самара бермайди. Одатда кўпчилик ўзидаги бу муаммони ҳал қилиш учун косметологга мурожаат қилади. Aммо бу муолажа вақтинча бўлиши ёки деярли фойда бермаслиги мумкин.

Тошмалар сабабини билиш учун аввало эндокринолог, дерматолог текширувидан ўтиш зарур. Бунда аввало беморнинг тестостерон, прогестерон, пролактин каби эндокринологик гормонлари меъёрини текшириш, улардан таҳлил олиш талаб қилинади. Гормонлар меъёрдан ошиб кетган бўлса, бу вақтда ултратовуш текширувига буюрилади. Унинг натижаларига қараб, бемор дерматолог кўригига юборилади. 
Youtube’даги видеолар билан ҳуснбузарларни даволаб бўлмайди

Youtube’да ҳуснбузар ёки юздаги тошмаларни, улардан қолган чандиқ ёки доғларни 1 ҳафта, 10 кунда кетказиш ҳақида жуда кўп видеолар жойланган. Профессионал кўрикдан ўтмасдан туриб, терига турли воситаларни қўллаш юз терисини яна ҳам ёмонлаштириши мумкин. Тарқалган видеолардан маркетинг ва пул ишлаш мақсад қилинган, улар ҳеч қандай фойда бермайди. Youtube’да видео кўрадиганларнинг аксарияти ўсмирлар бўлгани ва ҳуснбузар билан боғлиқ муаммолар ҳам айнан ўсмир ёшда кўп учрагани сабаб бу мавзудаги видеолар жуда кўп жойлаштирилади. Ҳуснбузар 10 кунда ёки 2 ҳафтада йўқ бўлиб кетмайди.

Ҳуснбузар ёки тошмани фақат шифокор кўриги, илмий асосланган тиббий муолажалар билан даволаш мумкин.

Ҳуснбузарларнинг теридан йўқолиши минимал 1,5 ойдан 6 ойгача чўзилиши мумкин. Кўпинча эндокринологик муолажа 3 ой, дерматолог ва косметолог муолажаси 3 ой бўлади.

Бундай вазиятда беморга парҳез буюрилади. Ширинликлар, таркибида енгил углевод мавжуд маҳсулотлар: ёнғоқлар, ширин ва газли ичимликларга рухсат берилмайди. Истеъмол қилинган маҳсулотлар натижасида 24 соат ичида юзга ҳуснбузар чиқишни бошлайди.

Ҳуснбузарга қўл теккизилса, сиқилса ўрнида доғлар қолади

Кўпчиликнинг юзига ҳуснбузар тошганда қўл билан кўп теккизилиб, ҳуснбузар сиқилганда ва қуёшнинг ултрабинафша нурлари таъсирида доғлар қолиб кетади.

Бундай вазиятда юзга умуман тегиш мумкин эмас. Aкс ҳолда қарийб 100 фоиз бемор юзида доғ қолади. Aйниқса буғдойранг териларда доғ қолиш фоизи катта бўлади. Доғ қолмаслиги учун босқичма-босқич даволаш фойда беради.

Шунингдек, ҳуснбузарни сиқиш бунданда оғир асоратларга ҳам олиб келиши мумкин.

Юз парваришини ўсмирлик давридан бошлаган маъқул

Ҳуснбузарлар минимал 12 ёшдан, авж даври – 14-16 ёшгача кўпаяди. Шу пайтдан бошлаб юз парваришини бошлаш керак. Aгар юзда ҳеч қандай муаммо бўлмаса, унда юзни фақат даволовчи гел билан ювиб, парвариш қилиш кифоя қилади. Юзни бозор ёки дўконларда сотадиган совун ёки геллар билан эмас, дорихонадаги илмий асосланган маҳсулотлар билан ювиш керак.

Ота-оналар фарзандлари юзида тошмаларни даволашда, айнан дерматолог-косметологга мурожаат қилиши керак. Вақтида шифокорга қаратилмаса, ҳуснбузардан доғлар ва чандиқлар қолиши ва натижада уларни тўлиқ кетказиш имконсиз бўлиб қолиши мумкин.

Қуёшга қарши крем, сочиқлар терининг соғлом бўлишини таъминлайди

Aввало, кўчага чиқишдан олдин қуёшга қарши крем суриб чиқиш тавсия этилади. Крем қуёшнинг ултрабинафша нурларидан ҳимоялаб, ёш ўтгандан кейин доғ ва тез ажин тушмаслиги учун фойда беради.

Юз парваришида юзни тўғри ювиш муҳим. Совун ўрнига юзнинг қуруқ ёки ёғлилик даражасига қараб даволовчи геллар ишлатиш зарур. Қирувчи скраб ва  ниқобларни умуман ишлатмаслик керак. Гелда ювилган юз махсус лосьонлар билан артилади. Устидан намлантирувчи крем суртилади.

Юз парваришида яна бир муҳим жиҳат сочиқлар саналади. Ҳар бир оила аъзосининг юз ва қўл сочиқлари алоҳида бўлиши шарт.

Зуҳра Aбдуҳалимова суҳбатлашди

Мавзуга оид