Ўзбекистон | 07:30 / 16.02.2021
15145
2 дақиқада ўқилади

«Алломаларимиз билан керилиб, шеър тўқиб юраверсак, биримиз икки бўлмайди» — Комил Алламжонов

Ўзбекистонда илм ва илмлилар трендга чиқиши керак; «шеърлар тўқиб, ўзимизни юпатиб юрганимиз билан, биримиз икки бўлмайди», дея Ўзбекистондаги айни жараёнларга муносабат билдирди Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов.

Фото: Telegram / Комил Алламжонов

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов мустақиллик йилларида кенг ёйилган буюк ўтмишга маҳлиё бўлиш ва буюк келажак ҳақидаги баландпарвоз гаплар ўрнига, чинакам тараққиёт омилларига эътибор қарата бошлаш кераклигини таъкидлаб чиқди.

«Ўзбекистонда зудлик билан илм, билимдонлар, олимлар, тадқиқотлар, тажрибалар, лабораториялар, ўрганишлар, янгиликлар, кашфиётлар трендга чиқиши керак.

Чунки бугун шундоқ ҳам кеч, эртага эса ундан ҳам кеч бўлади. Вақт бизга қарши ишлаяпти. Бошқа томондан, ҳечдан кўра кеч яхши.

Қуруқ гапда ўтган алломаларимиз билан керилиб, ғазалхонлиг-у баҳр-у байтлар қилиб, шеърлар тўқиб, ўзимизни юпатиб юрганимиз билан биримиз икки бўлмайди.

Тағин биз ўтмиши буюк, келажаги буюк, ўртаси куюк бўлиб қолмайлик бу кетишда, Оллоҳ асрасин. Шунга эришиш керакки, биздан олдингилар ризо, кейингилар фахрлансин», – дея ёзди Алламжонов Telegram'даги каналида.

Масс-медиа фонди раиси бир неча кун аввал тренддаги мавзуларнинг қай даражада экани ҳақида фикр билдирганди.

«Бугун бутун дунё матбуоти БАА ва Хитой давлатларининг космик аппаратлари Марсда тадқиқот ўтказиш учун навбатда турганини ёзиб, бонг уряпти. Биз эса дарахт кесма, йўл чизиқлари чизилмаган, уни телефонини бозорда синдиришибди, ўқитувчи ўқувчини урибди, бало-баттар, қанақадир майда-чуйда, ғийбат, иғво масалалар билан ўралашиб юрамиз. Алам қилиб кетди ҳозир негадир»,деганди Комил Алламжонов.

Мавзуга оид