Иқтисодиёт | 14:10 / 18.02.2021
38195
10 дақиқада ўқилади

Глобал муаммолар даврида «жон сақлаб қолиш». Ўзбекистон учун таҳдидлар ва ечимлар

Олимларнинг таъкидлашича, ҳозир биз янги геологик даврга — антропоценга кириб бормоқдамиз. Бу даврда инсонлар сайёрамиз келажагини шакллантирувчи устун куч бўлиб, инсоният фаоллиги шу даражага етганки, сайёравий даражадаги биогеофизик ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.

© AP Photo/Ross D. Franklin

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тараққиёт дастури (БМТТД) Инсон тараққиёти тўғрисидаги ҳисоботнинг навбатдаги 2020 йилги нашрини тақдим қилди. Ҳисобот мавзуси «Кейинги марра: Инсон тараққиёти ва антропоцен» деб номланади.

Kun.uz Иқтисодий тараққиёт маркази директори Юлий Юсуповнинг ушбу ҳисобот хулосаларининг Ўзбекистонга нисбатан қўлланиши борасидаги фикр-мулоҳазаларини қисқартмалар билан тақдим қилади.

«Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, Covid-19 касаллиги бутун дунё эътиборини ўзига тортган бир пайтда, илгари мавжуд бўлган сайёравий инқирозлар ҳам давом этиб келмоқда. 2020 йил содир бўлган Атлантика ҳавзасидаги довуллар мавсуми ҳам бўронлар сони, ҳам тез авж олганлари сони бўйича янги рекордлар ўрнатди ёки шунга яқин бўлди. Сўнгги 12 ой мобайнида мисли кўрилмаган ёнғинлар Австралия, Бразилия, Россия ва АҚШнинг улкан ҳудудларини куйдириб юборди. Ўрмонларни кенг кўламда кесиш ва атмосфера ҳавосига иссиқхона газларини ташлаш давом этиб келмоқда»

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳам иқлим ўзгариши минтақамиздаги асосий дарёларга сув етказиб берувчи тоғдаги музликларнинг эришига олиб келмоқда. Сўнгги 50-60 йилда музликларнинг майдонлари тахминан 30 фоизга қисқарган. Тахминларга кўра, ўртача йиллик ҳарорат 2 даражага кўтарилган тақдирда музликлар ўз ҳажмининг 50 фоизини йўқотиши мумкин, ҳарорат 4 даражага кўтарилган тақдирда эса – бу ҳажм 78 фоизгача етади. Натижада мавжуд сув ресурслари ҳажми ҳам қисқармоқда. Масалан, Ўзбекистон томонидан фойдаланиладиган сувнинг йиллик ҳажми сўнгги йилларда ўртача йиллик 51-53 куб метрни ташкил қилади, бу эса ўтган асрнинг 80-йилларига қиёслаганда 20 фоизга камдир. Шу билан бирга, мамлакат аҳолиси ушбу муддат ичида 1,5-2 баравар ўсган.

Юсупов Ўзбекистондаги кўпгина муаммолар ҳам табиий, ҳам ижтимоий илдизларга эгалиги ва уларнинг сабаблари мамлакатнинг бошқа давлатлар билан боғлиқлигида эканини айтади ва бунга учта мисол келтиради.

Биринчиси - ўсиб бораётган сув танқислиги муаммоси. Вазиятни икки ҳолат оғирлаштиради. Биринчидан, Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлардан келадиган сув таъминотига боғлиқлиги юқори даражада (истеъмол қилинадиган сувнинг 80 фоизи ташқаридан келади). Шунинг учун ҳам сув танқислиги муаммосини ушбу давлатлар билан келишмасдан ҳал этиб бўлмайди. Иккинчидан, Ўзбекистонда ичимлик суви жуда самарасиз сарф қилинади, айниқса, мамлакатдаги сув ресурсларининг 90 фоизини истеъмол қилувчи қишлоқ хўжалигида. Сув истеъмолчиларга етказиш вақтида (ўта эскирган ва чириган инфратузилма сабабли суғориш тизимларидаги йўқотишлар 35-40 фоизни ташкил қилади) ва истеъмол жараёнида ҳам (суғориладиган ерларнинг фақат 3 фоизида сув тежовчи технологиялар татбиқ этилган) йўқотилади.

Иккинчиси - Ўзбекистон экспортида хомашё маҳсулотларининг устунлиги (газ, олтин, тўқимачилик хомашёси ва ҳ.к.) иқтисодиётимизнинг ривожланиш векторини беқарор қилади (чунки ушбу маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги нархи кескин ўзгарувчан бўлиши мумкин) ва мамлакат ичида хомашёни юқори даражада қайта ишловчи соҳаларнинг ривожланишини чеклаб қўяди. Ўзбекистоннинг хомашёга боғлиқлиги сабаблари қуйидагилардан иборат: қайта ишлов бермасдан фойда билан экспорт қилиш имкониятини берувчи табиий ресурсларнинг катта захиралари, шунингдек, маҳаллий рақобатбардош қайта ишловчи корхоналарни ташкил қилиш ва ривожлантиришни заиф рағбатлантирувчи ёмон бизнес муҳити мавжудлиги.

Учинчиси - сўнгги ўн йилликларда кузатиб келинган тупроқ деградацияси (шўрланиш, унумдорликнинг пасайиши), бир томондан - туз ва бошқа зарарли моддалар атмосферага ташланишига ва кейинчалик ёндош ҳудудларга чўкишига олиб келувчи Орол денгизидаги фожианинг оқибатлари натижасида юзага келган бўлса, бошқа томондан – бунга бир қатор ижтимоий-иқтисодий омилларнинг таъсири сабаб бўлган.

Янги даврда омон қолиш учун йўл кўрсаткичлар

Кўпгина олимларнинг фикрича, бизнинг сайёрамиз замонавий инсон цивилизацияси пайдо бўлган ва 12 000 йил давом этган голоцен давридан чиқмоқда. Уларнинг таъкидлашича, ҳозир биз янги геологик даврга — антропоценга кириб келмоқдамиз, унда инсонлар сайёрамиз келажагини шакллантирувчи устун куч бўлиб, инсоният фаоллиги шу даражага етганки, сайёравий даражадаги биогеофизик ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Ушбу ўзгаришлар иқлим ва Ернинг жисмоний кўринишининг ўзгаришини, биологик турларнинг катта қисми йўқолишини, кўпгина табиий ресурсларнинг (фойдали қазилмалар, ичимлик суви, ўрмонлар ва ҳ.к.) тугашини ўз ичига олади.

Биз глобал муаммоларга тегишли равишда жавоб бера олишимиз ҳамда дунёда барқарорлик, уйғунлик ва фаровонликни таъминлашимиз учун ўз фикрлаш тарзимизни ва дунёни бошқариш учун қўллайдиган механизмларни ўзгартиришимиз зарур. Янги давр қатъий равишда ахлоқнинг янги тамойилларини ва инсон жамиятларини ташкиллаштиришнинг янги қоидаларини талаб қилади.

Ҳисоботда кескин ўзгаришлар талаб этиладиган бешта асосий йўналиш таклиф этилган:

1. Пайдо бўлаётган муаммоларни ҳал этиш учун янги йўлларни аниқлаш.

Амалиёт шуни кўрсатадики, ҳар қандай, ҳатто катта истиқболга эга ечимлар ҳам тегишли баҳолаш ва ҳисоб-китобларсиз кутилмаган хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин. Биз ўз ёндашувларимизни алоҳида тарқоқ муаммоларни ҳал этишдан инсоният қаршисида турган муаммолар мажмуасининг кўп қирралиги, мураккаблиги ва ўзаро боғлиқлигини англашга қаратишимиз лозим.

2. Янги қадриятларни шакллантириш.

Қадриятларнинг ўзгартирилиши кўпгина адолатсиз, ноҳақ (замонавий ахлоқ нуқтайи назаридан) ва самарасиз (илмий нуқтайи назардан) ижтимоий одатларга барҳам беришга имкон берди. Шунингдек, одамларни шаклланган қолипларни қайта кўриб чиқиш, дунёга янги нуқтайи назардан қараш ҳамда бошқа манфаат ва нуқтайи назарларни ҳисобга олишга ундайдиган илмий асосланган тадқиқотлар, нашрлар ва жамоатчилик билан маслаҳатлашувлар таъсирида амалга ошмоқда.

3. Янги рағбат омилларни яратиш.

Агар одамлар ҳисобот муаллифлари томонидан таклиф этилаётган янги ёндашувларни нафақат маъқуллашларини, балки уларни амалга ошириш йўналишида ҳам ҳаракат қилишларини истасак, у ҳолда рағбат омиллари зарур.

  • Масалан, ресурсларнинг (сув, электр энергияси кабилар) нархини ошириш одамларни улардан янада тежамлироқ фойдаланишга тарғиб этади, солиқ ва маъмурий юкламанинг пасайтирилиши норасмий иқтисодиётнинг қонунийлаштирилишига олиб келади ёки зарарли одатлар (спиртли ичимликлар, тамаки чекиш) билан курашда ушбу маҳсулотга нархларни кўтариш ёрдам беради.

Булар ижобий ва салбий рағбат омиллари қандай қилиб инсонлар хатти-ҳаракатларини ўзгартиришларига мисолдир.

Инқирозлар ҳам рағбат омиллари сифатида хизмат қилиши мумкин. Масалан, Covid-19 пандемияси деярли барча мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизимидаги анчадан буён етилиб келаётган баъзи муаммоларни кескинлаштирди. Натижада пандемия ҳукуматларни соҳадаги зарурий ислоҳотларни ўтказишга ундади.

4. Янги имкониятларни тақдим этиш.

Белгиланган мақсадларга эришиш учун қадриятлар ва рағбат омилларининг ўзигина етарли бўлмайди, инсонларга имконият ҳам керак. Мисол учун, сув ва энергияни тежовчи технологиялар, муқобил энергия манбалари. Карбон ёнилғида ҳаракатланувчи автоуловларнинг шаҳарларда кўпайиб кетишига муқобил тарзда жамоатчилик транспортини ривожлантириш, велосипед инфратузилмаси, электромобилларни кўпайтириш мумкин.

У ёки бу муаммоларни ечиш бўйича бошқалар томонидан тўпланган тажриба ҳам кўпинча янги имкониятлар яратади. Амалиёт кўрсатишича, ахлоқнинг янги андозаларига ва янги технологияларга ўтиш, одатда, шу каби ўзгариш қўшни давлатларда амалга оширилган бўлса, муваффақиятлироқ кечади. Бошқалардан намуна олиб, ўзгаларнинг ютуқлари ва хатоларини ҳисобга олган ҳолда, илҳомланиб ўзгариш, якка-ёлғиз ва бўшлиқда ҳаракат қилгандан кўра доимо қулайроқ ва осонроқдир. Социологлар буни инновацияларни тарқатиш деб номлайдилар.

5. Ҳукуматлар ва фуқаролик жамиятининг қўшма ҳаракатлари

Ҳисоботда катта эътибор ҳукуматларнинг ва фуқаролик жамиятининг умумжаҳон ва миллий муаммоларни ечишдаги ўрнига қаратилган.

Шубҳасиз, фақат ҳукуматларгина умумий муаммоларни ечиш бўйича жамоавий ҳаракатларни ташкиллаштириш учун расмий ваколат ва ҳокимиятга эга. Аммо ҳукуматлар ўз мажбуриятларини тегишли равишда амалга оширишлари учун шаффофлик, масъулият ва ҳисобдорликни таъминловчи амалий механизмлар зарур. Шунингдек, «пастдан» ташаббуслар ҳам муҳим: нодавлат ташкилотлар, ташаббус гуруҳлари, аҳолининг кенг қатламлари томонидан.

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳукумат ва жамоатчиликнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ёрдамида ҳал этиш лозим бўлган муаммолар қуйидагилар:

• Камбағалликка қарши кураш нафақат аҳоли даромадларини ошириш учун шароитларни яратиш, балки сифатли соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларидан фойдаланиш учун имконият яратиш, мамлакатда экологик вазиятни яхшилашни қамраб олиши лозим;

• Қишлоқ хўжалиги соҳасининг ва қишлоқ ҳудудларидаги аҳолининг улкан, ҳозирги кунда охиригача амалга оширилмаган салоҳиятини юзага чиқаришга имкон берадиган ҳамда мулк эгалиги (жумладан ерни ижарага олиш) ҳуқуқларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, бозор муносабатларини жорий этиш ва инвестицияларни жалб қилиш орқали тупроқ унумдорлигининг пасайишини тўхтатишга ёрдам берадиган қишлоқ хўжалигидаги ислоҳот;

• Сувдан оқилона фойдаланиш ва эскирган инфратузилмани янгилаш учун шароитларни яратишга қаратилган Сув хўжалиги секторидаги ислоҳот;

• Ҳануз давлат корхоналари устун бўлган соҳаларда рақобатчилик муносабатларини рағбатлантириш мақсадида давлат мулкининг салмоқли қисмини кенг кўламли ва шаффоф хусусийлаштиришни амалга ошириш;

• Хусусий мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш, жумладан, суд-ҳуқуқ ислоҳоти – чунки бусиз бозор иқтисодиётининг нормал ишлаши ва ривожланиши, самарали, шу жумладан, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳақида қайғурадиган мулкдорлар синфини шакллантиришнинг имкони йўқ;

• Бизнес-муҳитни такомиллаштириш ва рақобатчилик муҳитини ривожлантириш, шу жумладан сунъий монополияларга барҳам бериш, бу рақобатбардош ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ҳамда мамлакат иқтисодиётига кенг кўламли инвестицияларни жалб қилиш учун шароитлар яратиб беради.

Мавзуга оид