Ўзбекистон | 21:24 / 19.02.2021
21491
2 дақиқада ўқилади

ЙҲХББ: Рухсатсиз «тонировка» учун жарима миқдорини камайтириш масаласи кўрилмоқда

Икки йил олдин автомобил ойнасини рухсатсиз қорайтирганлик учун жарима миқдори 25 бараварга оширилган эди.

Ўзбекистонда автомобил ойларини рухсатсиз қорайтирганлик учун 25–40 БҲМ (6,1 – 9,8 млн сўм) жарима белгиланган. Бу – бошқа хавфлироқ ҳуқуқбузарликлар, масалан қоидани бузиб қарама-қарши ҳаракат бўлагига чиқиб кетганлик учун белгиланган жазодан 2,5 баробарга оғир.

Kun.uz мухбири рухсатсиз «тонировка» учун жавобгарликни енгиллаштириш режаси бор-йўқлиги билан қизиқиб, ИИВ ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоровга савол берди.

Унинг сўзларига кўра, бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳада нафақат рухсатсиз «тонировка» учун жаримани камайтириш, балки бошқа масалалар ҳам назарда тутилган.

«Депутатларимиз томонидан Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиб, маъқулланса, сиз айтган масала ҳал бўлади», – деди Эрали Бозоров 19 феврал кунги матбуот анжуманида.

Маълумот учун, автомобиллар ойналарини пулли асосда қорайтиришга рухсат берилишидан олдин, ноқонуний «тонировка» учун жарима 1 БҲМ эди. 2019 йилда бу жарима миқдори 25 бараварга оширилиб, 25 БҲМ деб белгиланган. Ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такрор содир этилса, жарима миқдори 40 БҲМга етади.

Мавзуга оид