Жамият | 17:59 / 21.02.2021
54008
7 дақиқада ўқилади

«Ўзбекмисан?!»: Муаммоларни ошкор қилиш — миллатни шарманда қилишми?

Фото: Zanariah Salam/Getty Images

Мантиқ деган соҳа бор. У инсон онгининг бир жабҳаси бўлиб, ҳаракатларни тўғри қилишга, яъни инсон ҳаракатлари ўша инсонга зарар эмас, фойда келтиришига хизмат қилади.

Масалан, одамга ўзи ўтирган дарахт шохини арралаш – пировардида «ноқулайлик» келтиришини айнан оддий мантиқ англатади. Табиийки, «мантиқ аппарати» бузилса, киши «ўзи ўтирган шохни арралаш»га мойил бўлиб қолади.

Муаммоларни ошкор қилиш – шаҳар/туман/вилоятни бутун республикага, миллат ва давлатни эса дунёга шарманда қилиш деган «мантиқсиз ғоя», кайфият одамларда эндигина пайдо бўлиб қолгани йўқ – сўз эркинлигини бўғиш бошланган пайтда мафкуранинг бир қисми ўлароқ шакллана бошланган. Ҳозирги кунга келиб, сўз эркинлигига йўл берилаётган даврда – бу иккиси ҳар қадамда тўқнашиб қолмоқда: бир томон ечим топилишини истаб муаммоларни очишга уринаётган бўлса, бошқа тарафдагилар биринчи тарафни миллат, давлат шаънига путур етказишда айблаб, нафрат билан қарашмоқда.

Оддий мантиққа мурожаат қиладиган бўлсак, миллат, давлат шаънига айнан муаммоларнинг кўплиги салбий таъсир этади. Зеро, айнан ечилмаган муаммолар йиғилиб-йиғилиб, нохуш манзара ҳосил қилади ва мамлакатни шарманда қилади. Таъбир жоиз бўлса, ўнта муаммони яширолсангиз ҳам, бу ёқда ҳал қилинмаган муаммолар «мана мен» деб туради ва бу билан умумий манзарани барибир кўрсатиб қўяди, у ёқда ўнта муаммо яширилиши эса барибир об-ҳавони ўзгартиролмайди.

Зотан, дунё ҳамжамияти олдида обрў қозониш учун ўнта муаммони яшириш эмас, юзта муаммони баралла эътироф этиш ва ҳал қилиш даркор. Обрў-шаънимиз умумий манзарамиз билан боғлиқ бўлиб, уни эса кўплаб омиллар мажмуаси кўрсатади. Дунё ҳамжамияти шу мажмуага (кўрсаткичларга) қараб ҳолатимизга баҳо беради. Муаммоларни яширишга уриниш эса обрўйимизни янада туширади, кўтармайди.

«Ўзбекмисан?!»

Шу ерда айтиш керакки, муаммоларни ошкор қилишга қарши бўлган тоифа негадир муаммоларни ошкор қилаётганларга қараб «ўзбекмисан?!» деган таҳдид аралаш савол бериши ҳолатлари учраб туради...

Хусусан, Kun.uz мухбирлари ҳам иш давомида бир неча бор шундай реакцияга дуч келишган. Муаммоларни кўтаришга келганларни бундай қарши олганлар бу билан «ўзбек бўла туриб, нега муаммоларимизни ошкор қиляпсан, ўзбек ўз мамлакатидаги муаммоларни ошкор қилмаслиги керак ё сен ўзбекмасмисан?» демоқчи бўлади.

Яъни муаммоларни кўрганда уларни айланиб ўтиш ёки бориб бирор масъулга айтиш (гўё бу билан муаммо ҳал бўладигандек) асл ўзбекка хос хислат, бундай қилмаса, унинг ўзбеклигига шубҳа бор, деган луқма ётади бу ерда.

Савол: ўзбеклар ўзини шу тарзда тутишлари – муаммоларга кўмилиб ётишлари кераклиги ҳақидаги тушунча, муаммоларни ошкор қилаётганларга нисбатан ола қараш қаердан келиб чиққан? Шу ҳақда бироз фикрлашайлик.

«Катталар ўзлари билади»

«Давлат» деганда қандайдир қудратли, ҳамма нарсани кўра оладиган «шахс»ни тасаввур этиш ва шу сабаб муаммоларни кўрганда «юқоридаги» кимлардир уларни ўзлари ҳал қилади, деб ўтиб кетиш кайфияти, шу сабаб муаммоларни ошкор қилиш гўё давлатнинг шаънига путур етказиш деб билиш, бошқача қилиб айтганда, онг остида «давлатни худолаштириш» олдимизга қўйган саволимизга бир жавоб бўлади.

Бу дарднинг муолажаси эса оддий мантиқий ҳақиқатларни «тирилтириш» билан бўлади: давлат қудратли шахс эмас, балки кўплаб катта-ю кичик даражадаги давлат хизматчиларидан иборат бўлган, халқ таъсис этган тузилмадир. Давлатни шахслаштириш уни – давлатни нотўғри англашга олиб боради, у ҳақдаги тушунчанинг оёғини осмондан қилади. Муаммоларни айланиб ўтиш, «ўзбекмисан»лаш шундан бўлади.

Жамият масъулияти

Маълумки, ҳур инсонгина ўзини кўп нарсаларга масъул деб билади – қулнинг масъулияти эгасининг айтганини қилиш билан чекланади. Инсон қанчалик ҳур бўлса, атрофда бўлаётган ишларда шунчалик ўзини масъул деб билади. Хусусан, ҳур инсонда ижтимоий, яъни жамият масъулияти бўлади. Бу нима дегани?

Бу дегани киши жамиятга озор етказаётган муаммога дуч келганда «бу муаммо менинг ҳам муаммом, зеро, мен шу жамият аъзосиман, шу тананинг бир қисмиман, шу жамиятнинг саломатлиги менинг ҳам саломатлигим, равнақи – менинг равнақим», деган кайфиятда бўлади.

Жамият аъзосики, ўзини шундай тутмаяптими, демак, у чинакамига ҳур инсон эмас, у ўзини ҳур инсонлар жамиятининг бир аъзоси деб билмайди. Ўзи яшаб турган юртни эса ўз хаёлида яратиб олган қандайдир қудратли, воқеликда мавжуд бўлмаган супершахс – давлатнинг мулки, деб ҳисоблайди. Инчунун, онги тубида ўзини қуллардан бир қул деб ҳисоблайди, гарчи ўзини қул деб атамаса ҳам.

Бир тоифа томонидан «юртнинг эгаси бор» жумласи истеъмолда қўлланиши ҳам сўзимизга исбот бўлади. Зеро, бу ерда «эга» деб онгли жамият эмас, балки барча ишларни гарданида тутган «кимдир» – қудратли давлат назарда тутилади. Онгли жамият назоратисиз ҳар қандай давлат тизими пароканда бўлиши эса эътибордан соқит қилинади.

Бунақа «эга»нинг кишилар онгида мустақим бўлиши замирида барча масъулиятни кимнидир эгнига юклаб, ўзини масъулиятдан олиб қочиш ётади. Масъулият юкидан халос бўлиш учун воқеликда мавжуд бўлмаган, барча муаммоларни ўзи ҳал қила оладиган, мингқўлли, мингкўзли тизимлар (кучлар) ўйлаб топилади, «ўзбек муаммосини ошкор қилмайди» деган «назария»лар ихтиро қилинади, ёзилмаган сохта ор-номус қонуниятлари «жорий» қилинади, «ўзбекмисан» каби луқмалар истеъмолга киритилади.

«Қиссадан ҳисса» шуки, мунтазам уринишлар натижасида мантиқсизлик даражасини юқори даражага кўтардик – ўта оддий мантиқ тақозо қиладиган ҳақиқатларга зид борадиган бўлиб қолдик. Хусусан, муаммоларни яширишни «яхшиликка» айлантиришгача етиб бордик ва бу ишимизга сабабларни ҳам ўйлаб топяпмиз...

Шокир Шарипов

Мавзуга оид