Иқтисодиёт | 20:28 / 22.02.2021
7277
3 дақиқада ўқилади

«Авторақамлар нархи сунъий оширилмайди» – биржа вакили миш-мишларни рад этди

Биржа вакили avtoraqam.uzex.uz веб-сайти орқали уюштириладиган савдолар иштирокчилари ҳақиқий экани, авторақамлар нархларини сунъий оширишнинг умуман имкони йўқлиги ҳақида гапирди.

UZEX биржаси матбуот котиби Ҳикматилла Тиллабоевнинг Kun.uz мухбирига билдиришича, савдонинг охирги дақиқаларида биржадагилар авторақамлар нархини сунъий оширишга уринишлари ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда, кўп саволлар келиб тушмоқда. Бу гаплар ёлғон. Чунки тизимда инсон омили иштирок этмайди.

«Биржанинг avtoraqam.uzex.uz веб-сайти бўйича кўп саволлар келиб тушади. Савдо вақтининг охирги дақиқаларида ҳеч ким ўзининг талабномасини бермаётган пайтда янги талабномалар пайдо бўлиши атайлаб нархни ошириш учун қилинади, деган гаплар ҳам бор. Биз буни инкор этамиз. Чунки веб-сайт мутлақо шаффоф ва автоматлаштирилган тизимда ишлайди. Бу ерда инсон омили иштирок этмайди.

Барча савдо иштирокчилари ҳақиқий. Яъни кимда-ким савдога энг сўнгги пайтда нарх бераётган бўлса, демак билингки, у ерда ҳақиқатан савдо иштирокчиси бор. Балки у иштирокчи охирги сонияларни кутиб турган бўлиши ҳам мумкин.

Иккинчи томондан, нархларни сунъий равишда ошириш мумкин эмас. Чунки савдо иштирокчиларининг ҳаммаси савдода иштирок этиш учун ўзининг 10 фоиз миқдордаги гаров маблағларини киритиши керак. Мабодо мана шу савдо иштирокчиси сунъий равишда нархни ошириб келяпти, деб тасаввур қилайлик ва у ғолиб бўлди.

Натижада у авторақамни сотиб олиши керак. Яъни ўзининг барча молиявий мажбуриятларини бажариши лозим. Бажармаса унинг 10 фоизлик маблағи жарима сифатида ундирилади.

Бундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, бу савдо иштирокчиси учун жуда катта хавфдир. Шунинг учун сунъий равишда нархларни ошириш мумкин, деган гапларни ноўрин деб биламан», – деди у.

Шунингдек, Тиллабоев Самарқандда сотилган ва шов-шувларга сабаб бўлган «777» авторақами савдоси бўйича ҳам маълумот берди. 

«Яқинда Самарқандда учта етти рақамли авторақам сотилди. Кейинчалик харидор уни охиригача расмийлаштирмади. Яъни ўзининг молиявий мажбуриятларини бажармаган ва мос равишда юқорида айтиб ўтганимдек, унинг 10 фоизлик гаров маблағлари жарима сифатида ундан ундирилган.

Мос равишда тартибга кўра, биринчи ғолиб ўзининг сотиб олган рақамидан воз кечадиган бўлса, иккинчи ғолибга берилади. Иккинчи ғолиб ҳам рад этса, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари томонидан ушбу рақам яна қайта бошланғич нарх билан савдога қўйилиши мумкин», – деди матбуот котиби.

Аввалроқ, Самарқанд вилоятига тегишли бўлган 30 Z 777 ZZ авторақами онлайн савдоларда 596 миллион 525 минг сўмга сотилгани хабар қилинганди.

Кейинчалик аукцион ғолиби белгиланган суммани тўлай олмаган. Натижада авторақам яна қайта сотувга қўйилган.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид