Иқтисодиёт | 20:14 / 24.02.2021
15688
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги фойдали қазилма конларига Хитой компаниялари фаол жалб этилиши кутилмоқда

Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси томонидан видеоконференция алоқаси воситасида Ўзбекистон – Хитой бизнес форуми ташкил этилди.

Иллюстратив фото

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган қимматбаҳо металлар ва ноёб фойдали қазилмаларнинг йирик конларига доир маълумотлар алоҳида тақдим этилган.

Хитойнинг минераллар, металл ва кимё маҳсулотлари импорти ҳамда экспорти бўйича савдо палатаси раисининг ўринбосари Лю Чжунхуй Ўзбекистон ушбу палатага аъзо корхоналар диққат марказида турган мамлакат эканлигини таъкидлади.

У геология ва тоғ-кон тармоғига доир маълумотлар ҳамда лойиҳаларнинг самарали алмашуви бўйича минбар яратиш учун икки мамлакатнинг тегишли идора ва ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришни таклиф этди.

Шунингдек, Лю Чжунхуй Хитой савдо палатаси олтин, вольфрам, темир, мис ва бошқа фойдали қазилма ва минерал ресурслар конларининг янги ҳамда ишлаб турган объектлари заминида йирик ва салмоқли сармоявий лойиҳалар амалга оширилиши юзасидан Хитой компанияларининг фаол жалб этилишига тайёр эканлигини маълум қилди.

Хитойнинг Сиань геология институти директори Ли Чжичжун Ўзбекистон Давлат ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда илмий-тадқиқот маркази, ўзбек мутахассисларининг малакасини ошириш учун ўқув курслари ташкил этиш, шунингдек, геология соҳасидаги меъёрий ва техникавий ҳужжатларга доир маълумотлар базасини шакллантириш юзасидан ёрдам кўрсатишни таклиф қилди.

Мавзуга оид