Ўзбекистон | 16:48 / 24.02.2021
7845
2 дақиқада ўқилади

Штаб вакили карантин тугамасдан концертларга рухсат берилганига изоҳ берди

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов Kun.uz мухбирининг карантин шароитида оммавий тадбирлар ўтказишга рухсат берилгани ҳақидаги саволига жавоб берди.

«Ҳа, карантин расман тугагани йўқ. Бироқ республикамизда олиб борилаётган коронавирус инфекциясига қарши кураш тадбирлари, жумладан, оммавий тадбирларни ўтказиш бўйича махсус комиссиянинг доимий равишда баёнлари эълон қилиб борилган.

Коронавирус инфекцияси бўйича республикамизда вазият барқарор эканини инботга олган ҳолда баъзи оммавий тадбирлар, шу жумладан, концертларга рухсат берилди. Оммавий тадбирларга рухсат берилганига қарамасдан барча санитар-гигиеник қоидаларга амал қилган ҳолда, яъни кириш эшиклари олдида барча фуқароларнинг тана ҳароратлари ўлчанади.

Оралиқ масофа сақлаган ҳолда, яъни ўриндиқлар орасида жой ташлаб томошабинлар орасидаги масофани сақлаган ҳолда ўтқизиш, танаффусларда заллар шамоллатилиши ва бошқа бир қатор тадбирлар амалга оширилиши шарти билан тадбирларга рухсат берилган», деган у.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 15 мартдан бошлаб республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, театр, кино ва концерт дастурлари вақтинча тўхтатилганди.

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистонда 28 январдан концерт-томоша тадбирларини ташкил этишга рухсат берилди.

Мавзуга оид