Фан-техника | 16:12 / 25.02.2021
22189
5 дақиқада ўқилади

Boeing самолётларининг двигателлари нега портлаб кетяпти?

Бир кунда содир бўлган икки ўхшаш ҳодиса самолёт қанотлари остида қандайдир сирлар борлигидан далолат. Оммабоп двигателлар оиласи шубҳа остига тушиб қолди.

Замонавий авиация двигателларининг кураклари дунёдаги энг метин металлардан бири – титандан ясалади. Кейинчалик ёнилғи билан аралашиб, аланга ҳосил қиладиган ҳавони турбинага максимал самарадорлик билан ўтказиб бера олиши учун кураклар қилич шаклида ясалади. Титан куракларнинг айрим турлари вазни ортиб кетмаслиги учун ичи бўш ясалади. Двигателнинг тури ва самолётнинг классига қараб ҳар бир моторда ҳавотўплагич ичида товуш тезлигидан тезроқ айланадиган 38тагача курак бўлади.

Айниқса, парвоз давомида кенг фюзелажли лайнерларнинг юқори технологияли двигателлари парвоз вазни 250 тоннадан зиёдроқ бўлган самолётларни ҳаво кўтара олиши учун бор имкони билан ишлайди. Ўтган шанба парвознинг айнан шу муҳим асносида икки жиддий ҳодиса рўй берди: бири Европада, бошқаси АҚШда. Фалокатнинг видео ва фотолари ижтимоий тармоқлар орқали яшин тезлигида тарқалиб кетди.

Pratt & Whitneyнинг двигателлари

Boeing 747-400 юк лайнери Нидерландиянинг Маастрихт шаҳри узра Нью-Йорк томон учиб ўтаётганди. Парвоз пайти 30 йиллик ҳаво кемасининг чап двигателида портлаш содир бўлди. Турбинанинг учиб кетган кураклари ерга тушди. Оқибатда кекса ёшли аёл ва бир бола енгил жароҳат олишгани маълум бўлди.

Уларнинг омади келган – Маастрихт чеккасидаги Меерсен шаҳарчасида турган автомобиллар устида тушган самолёт металл парчалари уловларни тешиб ўтган. Экипаж самолёт бортидаги фавқулодда ҳолатдан диспетчерни огоҳ қилган ва кутиш зонаси томон учиб, ортиқча ёнилғини ёқиб бўлгачгина бир соатча кейинроқ қўшни Бельгиянинг Льеж аэропортига муваффақиятли қўнган. Нидерландиянинг авиафалокатлар билан шуғулланувчи кенгаши бўлиб ўтган ҳодисанинг сабаблари ва аниқ ҳолатларини ўрганмоқда.

Boeing 747-400’га ўрнатилган PW4056 типидаги двигател авиадвигателсозлик бўйича етакчилардан бири бўлган АҚШнинг Pratt & Whitney компанияси томонидан 1980-йилларда ишлаб чиқилган. PW4000 оиласи базавий авиадвигателлардан бири ҳисобланади: бугунга қадар бундай двигателлардан 2500та ишлаб чиқарилган. Улар самолётларнинг турли моделлари, масалан, Airbus A330 ёки Boeing 777, 767 ва 747-400’га ўрнатилган,.

Бунда двигателни ишлаб чиқиш учун, аввало, уни ҳар томонлама синовдан ўтказишдан тортиб то фойдаланишга топшириш учун рухсат беришгача самолётсозлар эмас, двигател ясовчилар жавобгар эканини ҳисобга олиш керак. Шунинг учун бўлиб ўтган воқеалар Boeing’нинг муаммоси эмас. Ваҳоланки, бу каби ҳодисалар авиакомпаниялар имижи учун жиддий зарба беради.

Катта фалокатга бахя қолди

UA328 рейси давомида бўлган ҳодисада аввалига двигателнинг ўта чидамли кевлардан бўлган ҳимоя қобиғи сақланиб қолган ва хавфли парчалар сочилиб кетишининг олдини олгандек кўринган. Самолёт тўлалигича бошқарувда қолган ва ердан кўтарилгандан кейин 23 дақиқа ўтиб Денверга фавқулодда қўнишга муваффақ бўлган: на бортда, на ерда биров жабр кўрган.

Бироқ фюзелаж кўздан кечирилганда йўловчилар аввал тахмин қилинганидан анча бахтлироқ экани аён бўлади: двигател парчаси қанотда катта тешик ҳосил қилган – ёнилғи билан тўлдирилган бакларгача ўтишига бир неча сантиметрлар қолган. Айни дамда АҚШ транспортда хавфсизликни сақлаш миллий Кенгаши тадқиқотларнинг илк натижалари билан ўртоқлашди.

Уларнинг фикрича, титан кураклардан бирининг ичи мўртлашиб қолгани авария сабаби бўлиши мумкин. Натижада, у асосдан ажраб синиб кетган. Ёндош курак ўртасидан синган ва уни ташқи кевлар қобиғидан топишган.

Ерда қолади

PW4077 типидаги двигателлар 1990-йиллар ўрталаридан бери 777-серияли самолётларга ўрнатиб келинган. Ҳалокатга учраган Boeing эса, 1995 йилда ишлаб чиқарилган. 2020 йилнинг декабрида худди шундай ҳодиса Japan Airlines авиакомпаниясининг Boeing 777-200, деярли уч йил муқаддам эса, United Airlines’нинг айни моделидаги самолётида содир бўлганди.

АҚШ фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси (FAA) якшанба куни ушбу турдаги двигателлар шошилинч ва кучайтирилган тарзда кўрикдан ўтказилишини маълум қилган. «Айнан шу вариантдаги двигател, айнан Boeing 777’нинг куракларини жиддийроқ текширувдан ўтказиш керак», дея баёнот берган FAA раҳбари Стивен Диксон.

АҚШнинг United Airlines, Япониянинг Japan Airlines ва ANA компанияларидан ташқари Жанубий Кореянинг Korean Air авиаташувчиси ҳам PW4000 двигателлар оиласи ўрнатилган 777-200дан истифода қилади. Бутун дунёда бу каби лайнерлардан 69таси бор, яна 59тасидан пандемия туфайли фойдаланилмади. Текширувлар тугамагунча уларнинг бирортаси ҳам ҳавога кўтарилмайди. Пандемия туфайли халқаро авиаташувларларда муаммо юзага келгани боис, уларнинг аксари умуман мунтазам парвозларга қайтмаслиги ҳам мумкин.

Мавзуга оид