Жаҳон | 22:03 / 26.02.2021
10024
2 дақиқада ўқилади

Нигериядаги мактабдан 300дан ортиқ ўқувчи қизлар ўғирлаб кетилди

Қуролланган жиноятчилар гуруҳи Нигериянинг Замфара штатидаги мактаб-интернатдан 317 нафар ўқувчи қизни ўғирлаб кетишди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги штат расмийси Муҳаммад Шехуга асосланиб хабар тарқатган.

Фото: AP

CNN шахсини сир тутишни сўраган нигериялик амалдорлардан бирига асосланиб хабар беришича, 26 февралга ўтар кечаси тунги соат 1:45да жиноятчилар 20та мотоциклда Жангебе шаҳрида жойлашган давлат мактабига келишган. Улар ётоқхонага бостириб киришган ва мактаб ҳудудида уч соат вақт давомида бўлишган, шундан кейин қизларни ўрмонга олиб кетишган. Ҳужум вақтида бир полициячи ҳалок бўлган.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Мусо Мустафо AP мухбирига мактабдан бир неча дақиқалик масофада жойлашган назорат-ўтказув пунктига ва ҳарбий лагерга ҳам ҳужум уюштирилганини маълум қилган. Жиноячилар бу орқали ҳарбийлар мактабга етиб кела олмаслигини таъминлашган.

Мактаб-интернатда жами 500га яқин қиз яшаган. CNN манбаси сўзларига кўра, уларнинг айримлари ҳужум вақтида қочиб қолишга муваффақ бўлишган.

AP маълумотига кўра, Замфара штатида бир неча қуролли гуруҳлар ҳаракатланади, улар пул эвазига қайтариб бериш учун ёки қамоқхоналардаги сафдошлари билан алмаштириш учун одамларни ўғирлаш билан шуғулланишади.

  • Сўнгги йилларда Нигерияда кўп марта одам ўғирлаш ҳолатлари кузатилган. 2014 йил апрелида «Боко Ҳарам» жангарилари Борно штатидаги ўрта мактабдан 276 қизни ўғирлаган. Шу вақтгача 100дан ортиқ қизнинг тақдири номаълум қолмоқда. 2014 йил декабрида Кациндаги мактабдан 344 ўқувчи ўғирлаб кетилган, кейинчалик уларнинг барчаси қўйиб юборилган.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид