Самарқандда сектор раҳбарлари ёшлар билан учрашувлар сонини сохталаштиргани маълум бўлди
Самарқанд вилоятида сектор раҳбарлари ёшлар билан ўтказилган учрашувлар сонини сохталаштирган. Улар ўтказилмаган учрашувларни ўтказилди деб ҳисобот берган. Бундан ташқари, сайёр қабуллардаги муаммоли мурожаатларнинг асосий қисми ечимсиз қолиб кетган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ёшлар билан видеоселектор шаклида ўтказилган учрашувда Эркинжон Турдимов маълум қилган.
Қайд этилишича, йиғилиш кескин танқидий руҳда ўтган ва унда сектор раҳбарлари билан биргаликда Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари ҳам қониқарсиз ишлагани учун вилоят ҳокими томонидан танқид қилинган.
Вилоят ҳокимининг маълум қилишича, 24 феврал ҳолатига кўра, вилоятда 1104 та сайёр қабул ўтказилган. Турли йўналишларда 13004 та мурожаат бўлган ва уларнинг 6693 таси бажарилмаган.
Жумладан,
- Паст Дарғом туманида ўтказилган 47та сайёр қабулда 893та мурожаат тушган. Уларнинг 789таси бажарилмаган.
- Пайариқ туманида 56та сайёр қабул бўлиб ўтган, 819та мурожаатнинг 603таси бажарилмаган.
- Нарпай туманида 57та сайёр қабулда 733та мурожаат тушган ва улардан 438таси бажарилмаган.
- Иштихон туманида ўтказилган 45та сайёр қабулда 527та мурожаат тушган ва 315таси бажарилмаган.
Йиғилишда ёшлар муаммоларига бефарқлик қилган айрим сектор раҳбарлари фаолиятига ҳам баҳо берилган. Маълум бўлишича, ёшлар муаммоларини ҳал қилиш мақсадида ўтказилаётган учрашувлар ҳақидаги рақамлар сохталаштирилган ва уларнинг сони қўшиб ёзилган.
Жумладан,
- Самарқанд шаҳрида 3-сектор томонидан ёшлар билан 38та учрашув ўтказилгани маълум қилинган. Лекин учрашув баённомаси ва ундаги мурожаатлар сўралганда 28та учрашув ўтказилгани аниқланган.
- 4-секторда 43та учрашув ўтказилгани кўрсатилган бўлса, ҳақиқатда 16та учрашув бўлиб ўтган.
- Каттақўрғон шаҳрида 1-сектор ҳисоботларида учрашувлар сони 22та кўрсатилган. Амалда 12 та учрашув ўтказилган.
- Булунғур тумани 1-сектор ҳисоботларида 48та учрашув кўрсатилган. Амалда 38та учрашув ўтказилган.
Турдимов учрашувлар ҳақидаги рақамларни сохталаштирган мутасаддиларга кескин оҳангда танбеҳ берган.
«Нима мажбурлаган? Қандай ўтказасан протокол бўлмаса? Шу даражада виждонсизмисан? Савол-жавоб қаердадир ёзилган бўлиши керак-ку ҳеч бўлмаса?! Ёшларга ҳам хиёнат қиласанми?» – деган у.
Бундан ташқари, йиғилишда ёшларнинг кредит сўраб қилган мурожаатларига банклар томонидан сансоларликка йўл қўйилгани маълум қилинган. Кредит маблағлари ноқонуний равишда бошқа шахсларга бериб юборилган, нақдлаштирилиб мақсадсиз равишда фойдаланиб келинган ҳолатлари ҳам борлиги айтилган.
Маълум бўлишича, вилоятдаги турли кредит банклари 23 та ҳолатда 504 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағларини ноқонуний равишда бошқа шахслар номига расмийлаштириб берган. Ушбу кредитлар банк ҳужжатларида боғдорчилик учун расмийлаштирилган. Жойларга чиқиб ўрганилганда банк ҳужжатларида исм-шарифлари ёзилган шахслар ўзининг номига кредит расмийлаштирилганидан бехабар бўлгани аниқланган.
Турдимовнинг таъкидлашича, Самарқанд туманида 30 нафар, Нарпай туманида 34 нафар, Пахтачи туманидаги 83 нафар ёшлар тадбиркорларга бириктирилгани сохталаштирилган. Бандлик бошқармасидан 1100 нафар ёшлар доимий ишга жойлаштирилиб, уларнинг бандлиги таъминлангани ҳақида ҳисобот берилган. Амалда уларнинг 795 нафари иш билан таъминланган, қолган 305 нафари эса корхона ва ташкилотлар рўйхатидан чиқмаган. Ёшлар аввалдан ишлаб келаётган корхона ва ташкилотларда қайтадан буйруқ чиқариб ишга жойлаштириш ҳолатлари ҳам учраган.
Учрашув якунида камчиликка йўл қўйган мутасаддиларга вилоят ҳокими томонидан бир ҳафталик муддат берилган. Уларнинг бир қисмига интизомий жазо чоралари қўлланган.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024