Жамият | 12:31 / 02.03.2021
31188
5 дақиқада ўқилади

Наманганда президент билан суратга тушган қизалоқ ўз оиласига қайтди

Намангандаги 26-Меҳрибонлик уйида президент кўтариб суратга тушган қизалоқ ва унинг ука-сингиллари ана шу учрашувдан сўнг ўз онаси бағрига қайтди.

Kun.uz мухбири ушбу оила ҳолидан хабар олиш учун улар истиқомат қилаётган уйга борди.

Нилуфар Умрзоқова — 4 фарзанднинг ёлғиз онаси. У ёлғиз боши билан фарзандларини боқишга қийналиб қолгач, моддий аҳволини яхшилаб олиш учун болаларини вақтинча меҳрибонлик уйига топширишга мажбур бўлган.

«Болаларимни дуо қилардим, мана ижобат бўлди»

Нилуфар Умрзоқова тайинли иш топа олмагач, болаларининг таъминотидан қийналиб қолиб, 2018 йилнинг кузида уларни меҳрибонлик уйига топширган.

«Катта қизим Ҳадича 2010 йилда туғилган. Ҳалимахон қизим 2011 йилда туғилган, эгизакларим Фотимахон ва Ҳусанбой 2016 йилда туғилган. Шу тўрт болага ёлғиз онаман.

Болаларимнинг иссиқ-совуғидан кўнглим тўлгач, ишлаб пул тўплаш ва уй-жой қилиш ниятида эдим. Шу боис нима меҳнат бўлса қилдим, ҳар ишга ўзимни уриб кўрдим, бировларнинг қўлида ишладим. Ота-онам ўтиб кетишган. Яхши бир укам бор, унинг ёрдами билан шу уйни кўтардик. Лекин яшаш учун шароит яхши эмасди», дейди болаларнинг онаси.

У болаларини қайтариб олиш учун ҳужжат ишларини тўғрилаб юрганида, қизалоғини давлат раҳбари кўтариб суратга тушгани унинг бу ҳаракатини янада тезлатиб юборган.

«Жуда қувондим, болаларимни «Аллоҳ назар солсин, президентнинг ёнида юринглар», деб дуо қилардим. Мана, ижобат бўлди», дейди она.

Нилуфар Умрзоқова бошида «болаларимни уддалай олармикинман?», дея чўчигани ҳам рост. Чунки уларни бекам-у кўст қилиб вояга етказишни истайди.

«Худога шукр, яхши одамлар орамизда кўп. Уларнинг кўмаги билан мана фарзандларим бағримга қайтди, беҳисоб шукр. «Саховат Наманган» хайрия жамоат фонди вакиллари катта ёрдам кўрсатишди. Уй-жойимизни таъмирлаб, шароитларни яхшилаб беришди. Бундан буёғига ҳам шу болаларим вояга етгунча таъминотига ёрдамлашиб турадиган бўлишди», — дейди у.

Ҳар бир бола ўз ота-онасининг бағрида яйрасин

«Нилуфар болаларни олиб келганида Фотима ва Ҳусантой чақалоқ эди, бизда низом бўйича 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади. Шу боис, Ҳадича ва Ҳалимани олиб қолдик, эгизакларни эса бир йил ўтгач тарбиямизга олдик», дейди Намангандаги 26-сонли Меҳрибонлик уйи директори Дилором Абдураҳимова.

Педагогнинг айтишича, бошида Ҳадича ва Ҳалиманинг ўқиши яхши бўлмаган, уларга алоҳида педагог ёлланган.

«Меҳрибонлик уйимизга келган дастлабки кунларида бу болалар билан бирга қолишга ҳам тўғри келган, чунки уларнинг руҳий ҳолати ҳам яхши эмасди. Психолог ёрдамида уларни бу ҳолатдан олиб чиқдик. Ўқишлари ҳам яхши тарафга ўзгарди. Спортга ва турли тўгаракларга қизиқиб, қатнаша бошлашди», дейди директор.

Президентнинг меҳрибонлик уйига ташрифи кутилмаганда бўлган. Болалар бундан жуда қувонишган.

«Мана шу ташриф – давлат раҳбарининг болаларга оталарча меҳр кўрсатганлари кўп оналарга қандайдир туртки бўлди, хусусан, Нилуфарга ҳам. Она болаларини олиб кетиш пайида юрган эди. Мана, уч кун бўлди, болажонлар онаси бағрига қайтди. Кўзимизда ёш билан кузатдик», дейди Д.Абдураҳимова.

Ушбу даргоҳда 8 йилдан бери ишлаётган Дилором Абдураҳимова ҳар бир бола ўз ота-онасининг бағрида яйрашини истайди.

«Оила бой бўладими, камбағал бўладими, ота-онанинг ўрнини ҳеч ким, ҳеч нарса боса олмас экан. Бир нарса мени қувонтиряпти, меҳрибонлик уйидаги болажонларимиздан кўпи оиласига эга бўляпти. Охирги 3 ой ичида 13 нафар болани муносиб оилалар қарамоғига бердик, уларнинг ичида ўз оиласига қайтариб олинган болалар ҳам бор», дейди директор.

Орамизда саховатли инсонлар кўплиги сабаб бир оила бирлашмоқда. «Саховат Наманган» хайрия жамоат фонди вакиллари бу оилани ўз оталиғига олди. Уларнинг таъкидлашича, болалар вояга етгунга қадар моддий кўмак бериб борилади.

Юлдузхон Юлдашева, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид