Ўзбекистон | 16:14 / 05.03.2021
50197
4 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонлик адвокатларга туҳмат қиляпсиз» - ДХХ ходими ва адвокатлар баҳси

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура соҳаси вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда иштирок этган ДХХ расмийси тажрибада адвокат жиноятчининг дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган жиноий шеригига айланиб қолаётганини айтди. Адвокат эса буни соҳага нисбатан туҳмат дея баҳолади.

24 феврал куни Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирокида адвокатлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда иштирок этган адвокат Санжар Хўжаев ўз фаолиятига доир айрим қонунларга риоя қилинмаётганини таъкидлади.

У процесс иштирокчиларининг қонунчилик даражасида тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш учун жиноят иши доирасида ордер мавжуд бўлса, уяли алоқа компанияларига адвокатлик сўрови бўйича ҳимоя остидаги шахснинг ҳуқуқларини муносиб таъминлаш мақсадида уларнинг IMEI, биллинг, SMS ва бошқа муҳим маълумотларини адвокатларга тақдим этиш мажбуриятини юклашни таклиф этди.

«ЖК ва ЖПКда ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноятлар бўйича жиноят ишини суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья томонидан тугатишга оид нормалар назарда тутилган. Лекин амалиётда булар қўлланилмаяпти. Шунингдек, ушбу моддаларни айбдан келиб чиқиб ишда бир неча айбланувчилар мавжуд бўлганда ҳам қўллаш мумкин», деган адвокат.

ДХХ вакили Баҳром Каримов эса ушбу фикрларга жавобан қуйидагиларни билдирди:

«Мана, адвокатларнинг кўп дардини эшитяпмиз. Лекин битта нарсани ҳам инобатга олишимиз керак. Адвокат – бу касб, процессда у – ҳимоячи, у бевосита гумонланувчини, айбланувчининг ҳуқуқларини қонуний йўл билан ҳимоя қилиши керак.

Лекин, афсуски, биз тажрибада шунга гувоҳ бўляпмизки, адвокат жиноятчининг дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган жиноий шеригига айланиб қоляпти. Аксарият ҳолатларда шундай бўляптики, терговга маълум бўлмаган, ҳозирча ҳали фош бўлмаган жиноий шерикларининг манфаатида бошқа аниқланган шахснинг номидан ордер олиб келиб, терговда ўтирган одамнинг кўрсатмаларини ўзгартириш, унга тазйиқ ўтказиш ёки жиноят ишида мавжуд маълумотлардан ўзининг ҳақиқатда ортида туриб ҳаракат қилаётган шахсининг манфаатлари учун маълумот тўплаб кетиш ҳолатлари учраяпти.

Бундан ташқари, тўпланган маълумотларни ҳатто тергов тамомланмасидан туриб ошкор қилиш, ОАВга ёки мессенжерларга «сиздириш» ҳолатлари учраяпти.

Яъни бундай ҳолатларда адвокат ўзининг ҳимоячилик функциясини эмас, жиноят содир қилган шахсга нисбатан жавобгарлик муқаррарлиги принципини синдиришга ишлаяпти».

Бошқа бир адвокат ДХХ ходимининг бу фикрига қарши чиқди.

«Мен ҳозиргина айтдим, ўзи Ўзбекистонга адвокатура керакми? Бу [адвокатура соҳасига] муносабат-ку! Аҳамият беринг, бу нотўғри ёндашув, яъни аксар ҳолларда дейилмоқда, Ўзбекистонда агар 4 минг адвокат бўлса, демак, 2 минг нафардан ошиқ адвокатга туҳмат қиляпсиз», дея эътирозларини билдирди у.         

Шундан сўнг, адлия вазири Русланбек Давлетов сўз олди ва ДХХ ходимидан адвокатнинг биллингга оид саволи бўйича изоҳ сўради. Баҳром Каримов бу масаладаги саволга жавоб беришга ваколатли эмаслигини айтди.

Мажлис сўнгида вазир адвокатуранинг мақоми ошиши кераклигини, президентнинг ҳам хоҳиши шу эканини, адлия вазири сифатида ҳар доим процессда тенглик тарафдори эканлигини, терговда тенглик бўлсагина тергов сифати ошишини таъкидлади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид