Фан-техника | 15:28 / 07.03.2021
10831
3 дақиқада ўқилади

Доимий изланишда – Toyota’нинг «келажак шаҳри»

Япония Toyota Motor Corporation автогиганти Фудзияма тоғи этакларида «ақлли шаҳар» қуриш учун расмий рухсат олди.

Фақат Toyota ходимлари учун

Toyota Motor корпорацияси тез ва қатъий тарзда ўз уникал шаҳрини қуришга киришди. 2020 йилнинг январ ойида Фудзияма атрофларида Woven City «ақлли шаҳри» қурилиши ҳақида илк хабарлар пайдо бўлганди. Бугунги кунга келиб, автогигантнинг барча истаклари маҳаллий ҳукумат томонидан тасдиқланди ва қурилиш бошланди.

«Биз келиб чиқиши турлича бўлган одамлар бахтли ҳаёт кечирадиган келажак яратиш вазифасини ўз олдимизга қўйдик. «Тўқилган шаҳар»нинг унсурлари инсон учун аталган ва жонли лаборатория муттасил ривожланиб боради. Toyota’нинг «доимий тараққиёт» маъносини берувчи «кайзен» руҳини янги шаҳар мерос қилиб олажак», дейди Toyota Motor президенти.

Япон корпорацияси янги фаолият турини – шаҳарлар қуришни ўзлаштириши даркор. Унга Nippon Telegraph and Telephone компанияси ҳамкор бўлади. Қурилиш билан эса, Toyota Woven Planet Holdings компаниялар гуруҳининг Woven Alpha бўлинмаси шуғулланади.

Woven City келажак шаҳри Toyota’нинг Фудзияма этакларида жойлашган собиқ заводи ерларида қурилади. 700 минг квадрат метр жойда 7 минг нафар ходим ишлаган. 53 йиллик фаолиятидан сўнг корхона ўтган йил охирида ёпилди.

Woven City футуристик шаҳри инновацион технологиялар учун синов полигони бўлади – энг янги автомобиллардан то робототехника ва сунъий интеллектгача. Илк босқичда шаҳарда фақат Toyota Motor ходимлари ва уларнинг оилаларигина яшашади.

Woven City’нинг барча кўчалари уч категорияга ажратилади: ҳайдовчисиз транспортларга, велосипед минувчи одамларга ва электрда ҳаракатланувчи шахсий уловлар ва пиёдаларга. Барча юк ташувчи транспорт воситалари ер остида ҳаракатланади.

Жаҳоннинг бошқа аксар ақлли шаҳарлари каби Toyota Woven City ҳам фақат тикланувчи энергиядан – барча бинолар томларидаги қуёш панелларидан тортиб то водород ёнилғиси бўлмаларигача фойдаланади. Қурилишнинг илк босқичига 70 гектар ер ажратилган бўлиб, унда 2 мингдан ортиқ одам яшаши ва ишлаши учун турар жойлар қурилади. Токиогача масофа 100 километр бўлади ва шаҳарчанинг барча аҳолиси пойтахтга тез етиб олиш имконига эга бўлади.

Солиштириш учун: Сенегалда қиймати 6 миллиард долларлик ақлли шаҳар қурилиши бошлаб юборилган. 2020 йилнинг 31 августида таниқли R&B хонандаси Эйкон (Acon) Сенегал пойтахти Дакардан 100 километр узоқликда жойлашган келажак шаҳрининг биринчи ғиштини қўйиб берганди.

Мавзуга оид