Жамият | 20:04 / 09.03.2021
10953
3 дақиқада ўқилади

«Мактабгача таълимга қамров бўйича қўшиб ёзишлар авж олмоқда» – Улуғбек Тошкенбоев

9 март куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати биносида Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлиси ўтказилди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, йиғилишда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Тошкенбоев мактабгача таълим муассасаларига қамров бўйича қўшиб ёзиш ҳолатлари авж олаётгани ҳақида ҳам гапирган.

«Биз президент қарори билан, давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларида ўрганишлар ўтказяпмиз.

Ўрганишларда маълум бўляптики, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражасини сунъий қўшиб ёзиш ҳолатлари авж олмоқда. Жумладан, Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида 6 ёшли болалар қамров даражаси 70 фоиз деб кўрсатилган. Ваҳоланки, бу кўрсаткич амалда 25,8 фоиз экани аниқланди», – деди Тошкенбоев.

Инспекция раҳбарига кўра, бошқа вилоятларда ҳам қамров даражаси шаҳар маркази бўлмаган ҳудудларда 20–40 фоиздан ошмайди.

Шу туфайли у қамров даражаси статистикасини юритишнинг аниқ тизимини ишлаб чиқиш ва ёлғон маълумот тақдим этганлик учун жавобгарликни кучайтириш таклифини билдирди.

Улуғбек Тошкенбоевга кўра, мактабгача таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган педагог ходимларнинг малака даражаси ҳам эътибор бериш керак бўлган муҳим масала.

«Биз педагог кадрларнинг маълумотлилик даражаси ва уларнинг касбий ривожланиш даражасига эътибор беришимиз керак.

Таклифимиз шундайки, ҳудудлардаги мактабгача таълим тарбиячиларини ишдан ажратмаган ҳолда, олий таълимнинг сиртқи бўлимларига йўналтириш чораларини кўришимиз керак. Олий таълимнинг сиртқи бўлимларида эса квоталарни ошириш зарур», – деди инспекция раҳбари.

Йиғилиш давомида мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Олимов Улуғбек Тошкенбоевнинг ушбу фикрлари бўйича ўз муносабатини билдирди. Унинг таъкидлашича, 2020 йилдан бошлаб тизимдаги барча қўшиб ёзишлар барҳам топган.

«Рақамли Ўзбекистон» дастури доирасида 2020 йилдан бошлаб болалар боғчаларида автоматлаштирилган тизим тўлиқ йўлга қўйилган.

Шунинг учун ўтган йилдан бошлаб қўшиб ёзишларга ҳам чек қўйилган.

Биздаги кўрсаткич 60,9 фоизга етказилган. Биз қоғоз маълумот берганимиз йўқ», – деган мулозим.

Мавзуга оид