Ўзбекистон | 20:53 / 09.03.2021
4454
1 дақиқада ўқилади

Турклар билан ҳамкорликда Фарғона олий туризм мактаби ташкил этилиши мумкин

Туркиянинг Хўжа Байрам Вали номидаги университети билан биргаликда Фарғона олий туризм мактаби очилиши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистонда Бахчешеҳир университетининг филиалини ҳам ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Бу масалалар 9 март куни Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари учрашувида муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабарида айтилган.

Абдулазиз Комилов ва Мавлуд Човушўғлининг ўзаро учрашуви билан биргаликда улар бошчилигида Стратегик режалаштириш гуруҳининг иккинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

Йиғилишда қатор масалалар, хусусан олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишига тайёргарликнинг ташкилий масалалари кўриб чиқилди.

Туркия томони «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция, «Шарқ тароналари», бахшичилик санъати, ҳунармандлар халқаро фестиваллари ва бошқа тадбирларга таклиф қилинди.

Стратегик режалаштириш гуруҳи йиғилиши якунлангач, икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ва Таржима хизматлари соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.

Мавзуга оид