Ўзбекистон | 18:47 / 09.03.2021
10728
4 дақиқада ўқилади

Хивада туғиш вақтида она ва бола нобуд бўлди 

Фото: pixabay.com

3 феврал куни Хива тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли акушерлик комплексида 36 ёшли аёл туғиш пайтида вафот этди. Фарзанди ҳам ўлик ҳолда туғилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

1985 йилда туғилган Динара Мадаминова шу куни акушерлик комплексига «4-ҳомиладорлик, 4-туғиш, ГР-40 ҳафта 6 кун, сохта туғуруқ» ташхиси билан қабул қилинган. 

Соат 18:05 да аёлда туғуруқ фаолияти бошланган. Бу вақтда унга «Туғуруққача қоғоноқ пардасининг ёрилиши, туғуруқнинг I-даври» ташхиси қўйилган. Соат 18:35 да (мунтазам туғуруқ фаолияти бошланганидан сўнг 20 дақиқа ўтгач) бемор аҳволи кескин оғирлашган. У баданида оғриқ бўлаётгани, ҳаво етишмаслиги, кўз олди хиралашганидан шикоят қилган. Эс-ҳуши карахт ҳолатга тушган, саволларга аниқ жавоб бермаган. 

Соат 19:10 да аёлда кесарча кесиш амалиёти бошланган. 3 дақиқа ўтгач ўғил жинсли чақалоқ ўлик ҳолда олинган. Соат 19:25 да беморда клиник ўлим содир бўлган ва кесарча кесиш амалиёти вақтинча тўхтатилган. Соат 20:40 да амалиёт қайта давом эттирилган. Соат 22:40 да аёлда биологик ўлим қайд этилган.   

Ҳолат юзасидан Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази Хоразм филиали томонидан суд-тиббий ва комиссиявий суд-тиббий экспертизалари ўтказилган. 

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Д.Мадаминова ўлимига «бачадон бўйин орқа девори йиртилиши, кесарча кесиш амалиётидан кейинги ҳолат, бачадондан қон кетиши (постгеморрагик шок) оқибатидаги ўткир юрак ва қон томир етишмовчилиги» сабаб бўлган. 

Комиссиявий суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Д.Мадаминовани даволаш ишлари (кўрик, дори воситалари) Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги туғуруқ муассасаларида перинатал ёрдам кўрсатишнинг сифатини ошириш бўйича миллий стандартлар ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан белгиланган қоидаларга асосан тўғри ташкил қилинмаганлиги, яъни йўлдошнинг вақтидан олдин кўчиши ва қон кетиши бўлганидан оператив туғуруқ амалга оширилиши зарур бўлса-да, кесарча кесиш жарроҳлик амалиёти даволовчи ва навбатчи шифокорлар томонидан кеч бошланганлиги, амалиёт бошлашдан олдин бемор аҳволи тўлиқ баҳоланмаганлиги ҳамда Д.Мадаминованинг ўлимига сабаб бўлган «бачадон бўйин орқа девори йиртилиши, кесарча кесиш амалиётидан кейинги ҳолат, бачадондан қон кетиши (постгеморрагик шок) оқибатидаги ўткир юрак ва қон томир етишмовчилиги» масъул шифокорларнинг хатоликларга йўл қўйганлиги оқибатида келиб чиққанлиги, шунингдек, жарроҳлик амалиёти тактикаси нотўғри танланганлиги, яъни миллий стандартларга кўра бачадон девори йиртилиб, ўткир қон кетиши кузатилганида тўғридан тўғри бачадон экстирпацияси ўтказиш кераклиги қайд қилинган. 

Бундан ташқари, экспертиза хулосасига кўра, беморни операцияга ўз вақтида тайёрлаб, операция орқали унинг чақалоғи олинганида, она ва боланинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони мавжуд бўлган. 

Ҳолат юзасидан Хива шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу модда одамлар ўлими юз бергани сабабли, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид