Жамият | 21:03 / 10.03.2021
10271
4 дақиқада ўқилади

Болалар учун «Музей қандай тузилган» энциклопедияси ўзбек тилида чоп этилди

Ҳозирча минг нусхада чоп этилган «Музей қандай тузилган» энциклопедик китоби боғча ва мактабларга тарқатилади. Тақдимотда китоб лойиҳаси раҳбари – Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, таълим вазирлари Шерзод Шерматов ва Агриппина Шин иштирок этди.

Бугун, 10 март куни Тошкент политехника музейида ўзбек тилида ёзилган «Музей қандай тузилган» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Китоб Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан, Латвиянинг ABC Design нашриёти билан ҳамкорликда чоп этилган.

«Музей қандай тузилган» китоби ҳақида

Музейлар тарихи ҳақида болалар учун расмларга бой қилиб ишланган китоб ёш китобхонларни санъат музейлари ва галереялар оламига таклиф этади.

Китоб ўқувчиларни музейлар тарихи билан таништиради, музейларнинг қандай жой экани, қандай ташкил этилгани ва унда кимлар ишлаши, санъат асарлари қайси принципда намойиш этилиши ва кўргазмалар қай тартибда режалаштирилиши ҳақида ҳикоя қилади.

Энциклопедик китоб катта альбом шаклида, ундан иллюстрациялар ва махсус топишмоқлар ҳам жой олган. Улар болаларнинг ақлини чархлаш учун мўлжалланган.

«Музей қандай тузилган» китоби илк марта Чехияда инглиз тилида, кейинроқ эса Россияда рус тилида чоп этилган. Биз эса китобнинг ўзбек тилидаги вариантини ҳам яратдик. Китоб ҳозирча мингта нусхада чоп этилган. Китобнинг электрон варианти ҳам ўқувчиларга тақдим этилиши режада бор», – дея маълумот берди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Стратегик ривожланиш бошқармаси бошлиғи Элмурод Нажимов.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, китобни ўзбек тилида қайта нашр этишдан мақсад – ёш авлодга музейлар аслида қандай ташкил этилиши ва қандай фаолият кўрсатаётганини улар тушунадиган тилда айтиб бериш. Китобдаги расмлар асосида музейлар ҳақида ҳатто боғча ёшидаги болалар ҳам бемалол маълумот олиши мумкин.

«Музей қандай тузилган» китобининг ўзбекча талқинини яратишда Қорақалпоғистондаги машҳур Савицкий музейининг коллекциясидан ҳам фойдаланилган.

Саида Мирзиёева: Технологиялар даврида болаларнинг музейларга қизиқишини сақлаб қолиш қийин

Китоб тақдимотида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раиси ўринбосари, китоб лойиҳаси раҳбари Саида Мирзиёева сўзга чиқиб, маданият ва санъатнинг фарзандлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида сўзлади.

«Биз ҳозир технологиялар тараққий этган даврда яшаяпмиз. Бундай пайтда болаларнинг музейларга ва бошқа маданий объектларга нисбатан қизиқишини сақлаб қолиш қийинлашиб бормоқда. «Музей қандай тузилган» китоби буни тушунган ҳолда яратилган. Китоб нафақат болалар учун, балки катталарга ҳам қизиқ бўлишига ишонаман.

Мен залда ўтирган болаларга қарата: «Кўпроқ китоб ўқинг, музейларга боринг, тарихни ўрганинг, дунёқарашингизни кенгайтиринг», демоқчиман. Биз катталар учун эса энг асосий вазифа – болаларимизни маданиятли, юқори интеллектли қилиб ўстиришдан иборат», – дея қайд этди Саида Мирзиёева.

Шерзод Шерматов: «Ёшларда роботлар қила олмайдиган кўникмаларни шакллантиришимиз керак»

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов журналистларга берган интервьюсида болаларни музейлар каби маданий муассасаларга ошно қилиш зарурати ҳақида фикр билдирди.

«Ҳозир тўртинчи саноат инқилоби бошланган даврда кўплаб касбларда ишни робот бажармоқда. Агар болаларимиз бу замонда рақобатбардош бўлишини хоҳласак, уларда робот бажара олмайдиган кўникмаларни шакллантиришимиз керак. Бундай хислатлар ижодкорлик ва креативлик кабилардан иборат.

«Музей қандай тузилган» китоби айнан шундай йўналишда болалар билим олишига ёрдам беради.

Музейга бориш деганда график қилиниб, ҳамма йиғиб олиб борилади. Лекин бундай ташрифлар болаларга қанчалик қизиқ бўлган? Музейлар ҳақида бугун тақдимоти ўтказилаётган китобни ўқиган болаларнинг ўзи уларга қизиқади. Бунинг билан ўсиб келаётган болалар маданият истеъмолчиси сифатида шаклланади, музейларга оиласини ҳам олиб боради ва музейга келиб ҳордиқ чиқариш оилавий анъанага айланади», – дейди у.

Мавзуга оид