Ўзбекистон | 01:14 / 10.03.2021
13679
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сайғоқлар сони юзга яқин экани аниқланди

Ҳозирда Ўзбекистонда 100га яқин сайғоқ яшайди. ЎзФА Зоология институти ва «Сайгачий» комплекс (ландшафт) буюртмахонаси ходимлари олиб борилган ўрганишлар натижасида шундай хулосага келди.

Фото: Экология қўмитаси

Сайғоқ – «Қизил китоб»га киритилган ва у бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турган жуда ноёб тур ҳисобланади.

Фанлар Академияси хабарига кўра, 2021 йилнинг феврал ойида «Сайгачий» комплекс (ландшафт) буюртмахонасида доимий маршрутларда сайғоқларнинг саноғи ўтказилган.

Сайғоқларни санаш жараёнида комплекс буюртмахона ҳамда ФА Зоология институтининг Камёб ҳайвон турлари ҳисоби ва кадастри лабораторияси ходимлари иштирок этган.

«Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, ҳозирда қўриқхона ҳудудида резидент (маҳаллий) ва қишки жанубга кўчиш пайтида чегара деворидаги ўтиш жойлари орқали Қозоғистондан кириб келиши мумкин бўлганлар билан биргаликда 100га яқин сайғоқ яшайди.

2012 йилдан бери қўлланилаётган доимий йўналишлар бўйича сайғоқларни рўйхатга олиш методини қизғин ва ижодий муҳокама қилиш натижасида мавжуд рўйхатга олиш йўналишларининг жойлашиши, рўйхатга олиш муддати ва моҳияти бўйича уни такомиллаштиришга доир фикрлар билдирилди. Бу саноқнинг самарадорлиги ва ишончлилигини ошириши кутилмоқда», – дейилади маълумотда.

Шунингдек, қўшимча қилинишича, сайғоқларнинг максимал сони 2012 йилда қайд этилган ва 525тани ташкил этган.

«2012 йилнинг апрел ойида ушбу метод орқали саноқ ўтказилганда ўрганилаётган ҳудуддаги сайғоқларнинг максимал сони қайд этилган ва 525тани ташкил этган. 2021 йилда 10 нусхагача бўлган ҳайвонлар кичик гуруҳларининг янги излари қайд этилди.

Шунингдек, қиш мавсумида комплекс бўйлаб жойлаштирилган фотоқопқонларда бир неча бор қайд этилган», – дейилади хабарда.

Мавзуга оид